Хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектрда хотин-қизларни уй билан таъминлаш масалалари ҳам кўрилди.
Йиғилиш давомида вақтинча нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй билан таъминлаш учун ҳар бир ҳудудга 10 миллиард сўмдан, отасидан айрилган муҳтож қизлар манфаати учун 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши айтилди.
Бу маблағлар уй-жойнинг бошланғич тўловини тўлаб беришга йўналтирилади. Шунингдек, хотин-қизларга турар жой ижараси компенсацияси учун 11 миллиард сўм ажратилади.
Аёлларга, шу жумладан, тазйиққа учраганларга малакали психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Хотин-қизларнинг давлат ва жамият олдидаги фидокорона хизматлари, ўз соҳаларида эришган ютуқларини рағбатлантириш учун алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш таклифи илгари сурилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарлар ва хотин-қизлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.