АсосийSalomatlik

​“Қилтомоқ" қандай касаллик?

'​“Қилтомоқ" қандай касаллик?'ning rasmi

Халқ орасида “қилтомоқ” бўлибди” деган иборани кўп эшитамиз, аммо доим ҳам бу қандай касаллик эканини билавермаймиз. Хўш, “қилтомоқ” қандай касаллик?! Ушбу хасталикни олдини олишда нималарга эътибор қаратиш лозим? ССВ Матбуот хизматининг шу мавзудаги саволларига тиббиёт фанлари доктори Олимжон Ғуломов жавоб беради.

— “Қилтомоқ” ёхуд қизилўнгач ўсмаси деб аталадиган ушбу касаллик асосан томоқдаги ноқулайлик, овқатни чайнаш ва ютиш пайтидаги қийинчиликлар орқали бошланади, — дейди Олимжон Ғуломов. 

— Касалликнинг келиб чиқишига асосан тановул вақтидаги нохуш ҳолатлар — қизилўнгачнинг балиқ қилтаноқлари, овқатдаги майда суяклардан шикастланиш ёки кимёвий кислоталар ва ишқорлардан куйиши сабаб бўлади.

Шунингдек, ушбу хасталик мия қон-томирлари жароҳатланиши, мия шикастланиши, хавфли ва хавсиз ўсмалар, асаб касалликлари ва бошқа омиллар туфайли ҳам юзага келиши мумкин.

Касаллик вақти беморда қандай салбий ўзгаришлар кузатилади?

— Хасталикда қизилўнгач деворлари шикастланиб, тораяди ва бу ҳолат овқат ютишнинг қийинлашиши (дисфагия)га олиб келади. Бунда бемор дастлаб қуюқ, кейинчалик суюқ овқатларни ютолмай қолади. Тўш орқасида, баъзан кўкрак пасти ва қорин соҳасида турли оғриқлар кузатилади.

Қизилўнгач тешигининг торайиши вақти кўпинча овқатни ютишдан кўра, таом ўтаётгандаги кучли оғриқ беморга ноқулайлик туғдиради. Бундай вақтда суюқ овқатлар, бўтқаларни тановул қилиш қийин бўлмаслиги мумкин, аммо қуюқ овқатларни еяётганда одам суюқлик ичишга мажбур бўлади. Агар ютиш бузилиши беморнинг ҳаётига хавф туғдирса, шифокор томонидан беморни махсус найча орқали овқатлантириш буюрилади.

Дисфагия белгилари кузатилганда, бемор қандай таомланиши лозим?

— Аввало овқатни оз-оздан, бўлиб-бўлиб ейишга одатланиши керак. Бунинг учун кунига 4-5 маҳал таомланиши мақсадга мувофиқ. Дастурхон олдида имкон борича гапирмаслик, таомланаётганда шошилмаслик лозим.

Акс ҳолда қизилўнгачга ҳаво кетиб, овқат ўтиши янада қийинлашиши, бу эса беморга ортиқча ноқулайлик туғдириши мумкин. Бундан ташқари, овқатдан сўнг дарҳол ухлашга ётиб олмаслик зарур. Чунки бу ҳам дисфагияга сабаб бўлади.

— Қизилўнгач фаолиятининг бузилишига яна қандай омиллар сабаб бўлади?

— Қизилўнгач соҳасидаги аксарият оғир хасталиклар шиллиқ қаватнинг шикастланиши туфайли келиб чиқади. Баъзан шошиб овқатланиш ёки қуруқ егуликларни яхши чайнамасдан ютиш ҳам қизилўнгачнинг ички нозик шиллиқ қаватларини шикастлантириши мумкин. Бунинг натижасида шиллиқ қаватда турли ўсмалар пайдо бўлади.

Қизилўнгач саратонининг дастлабки босқичлари кўпинча аломатларсиз ўтади. Касаллик фақат овқатни ютиш қийинлашгандагина ўзини намоён қилади. Бу ҳолат эса қизилўнгачнинг ичкарида ўсаётган ўсимта билан тўсиб қўйилганда юзага келади. Хусусан, кичик шиш пайдо бўлиши деворнинг спазмига ва натижада овқатнинг сиқилишга олиб келиши мумкин.

Аслида қизилўнгач ўсмалари икки хил бўлиб, хавфли ва хавфсиз турларга ажралади. Хавфсиз ўсма ҳужайралари тананинг бошқа аъзоларига тарқалмайди. Масалан, фиброма, гемангиома, нейрофиброма, леймиомалар асосан эркакларда учрайди. Хавфли ўсма эса хавфсизига қараганда тезроқ ва бетартиб ривожланади. Кейинчалик эса ён-атрофдаги тўқималарга кириб бориб, уларни зарарлайди.

Бошқа янгиликлар