Давлатимизнинг мустақилликка эришган дастлабки кунлариданоқ, мамлакат мудофаасини ташкил этиш ҳамда Қуролли Кучларимиз фаолиятининг ҳуқуқий мезонларини ишлаб чиқиш масалаларига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони сифатида жиддий аҳамият қаратилди.
Минтақада юзага келган ҳарбий-сиёсий ва ҳарбий-стратегик вазиятдан келиб чиққан ҳолда ва дунёда кечаётган сиёсий жараёнлар ривожининг таҳлилидан келиб чиқиб, давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қодир бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз Қуролли Кучларини ташкил этиш бўйича бир неча меъёрий ҳужжатларни имзоланди. Улардан биринчилар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 6 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги ва Қуролли Кучлар Бош штабининг яратилиши тўғрисида”ги қарорининг имзоланишидир. Уларнинг мақсадлари – босқичма-босқич профессионал армияни яратиш, таркиби бўйича кам сонли, ихчам, бироқ ҳаракатчан, замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғ билан жиҳозланган, Ўзбекистон хавфсизлигини мустақил ва ишончли ҳимоя этишга қодир армияни яратиш эди.
Мустақиллик йилларида Ҳукумат томонидан қабул қилинган бир қатор қарорлар халқимиз ва мамлакат ёшлари орасида ҳарбий хизмат нуфузини оширди. Буларнинг барчаси амалда Қуролли Кучларнинг Ўзбекистон Республикасида туғилган маҳаллий ҳарбий кадрлар билан таъминлашга имкон яратди.
Сўнги йилларда миллий армияни изчил қуриш ва ислоҳ этиш Қуролли Кучларнинг қиёфаси, ташкилий тузилиши, қўшинларни бошқариш тизими, ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизими тубдан ўзгартирилди, қўшинлар қурол-аслаҳа ва техниканинг энг янги намуналари билан таъминланди. Шу билан бирга, республикамизнинг геостратегик жойлашуви, шунингдек, минтақада юзага келаётган ҳарбий-сиёсий вазиятни ҳисобга олиб, ҳарбий округлар
ва қўшинларнинг тузилиши ва вазифалари қайта кўриб чиқилди. Қўшинларни қурол-аслаҳа ва ҳарбий техниканинг энг замонавий намуналари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси амалда ўзининг замонавий, ихчам, ҳаракатчан, мамлакатимиз хавфсизлиги, барқарорлиги, сарҳадлари-мизнинг дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиясига эга.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчлик даврида Қуролли Кучлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини таъминлайди, хавфсизликка таҳдидларни бартараф қилиш воситаларидан бири ҳисобланади, уруш даврида эса Қуролли Кучлар давлат хавфсизлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш вазифаларини тўла бажаришга қодир. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинларида ҳарбий хизматчиларнинг касбий маҳорати, ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг жанговар қобилиятини реал ошириш, қўшинлар жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлигини ташкиллаштириш тизимини такомиллаштириш борасида мунтазам ишлар олиб борилмоқда.
Ҳозирги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган таҳликали вазиятнинг, глобаллашув давом этаётган ва халқаро муносабатларнинг бутун тизими ўзгариб бораётган шароитларда жаҳондаги ҳарбий-сиёсий вазият халқаро
ва минтақавий хавфсизликка хавф-хатар ҳамда таҳдидлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бунинг оқибатида жаҳондаги вазият мураккаблашиб, танглик ўчоқларининг глобал миқёсда кескинлашувига ҳамда янгилари пайдо бўлишига олиб келади. Шундай бир глобаллашув шароитларида ҳарбий хавфсизликни таъминлашда Қуролли Кучларнинг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 январдаги “Мудофаа доктринаси тўғрисида” 458-сонли қонуни давлатимизнинг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича қатъий позициясини ифода этади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати қуйидаги принципларга асосланган:
- бошқа давлатларга қарши ҳарбий куч ишлатмаслик, бундан ҳарбий тажовузнинг олдини олиш ва уни даф этиш ҳоллари мустасно;
- хавфсизликнинг бўлинмаслиги, ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамлашга йўл қўйилмаслиги;
- бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, эҳтимол тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш;
- ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик, ҳар кандай давлатлараро тузилмадан, агар у ҳарбий-сиёсий блок этиб ўзгартирилса, чиқиб кетиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиш;
- мудофаанинг етарли даражада бўлиши;
- ҳарбий қурилишнинг замонавий ҳарбий можаролар хусусиятига монанд бўлиши;
- ядровий ва бошқа турдаги оммавий қирғин қуролини ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, тарқатиш ва жойлаштиришдан воз кечиш;
- Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли зона тўғрисидаги шартнома принципларига содиқлик;
- ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик;
- Қуролли Кучларнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операцияларда ва ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги;
- халқнинг маънавий-ахлоқий қадриятларига ва ўзига хос маданий тамаддунига таяниш.
Жорий йилнинг 12 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз томонидан Қуролли Кучларни ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда бу борада замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор инновацияларни кенг татбиқ этиш бўйича муҳим кўрсатмалар берилиб, барча даражадаги қўмондонлик ва бошқарув органлари фаолиятини такомиллаштириш, қўшинларда автоматлаштирилган бошқарув воситалари
ва комплексларни жорий қилиш орқали уларнинг ҳамкорликдаги оператив
ва жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш истиқболдаги долзарб вазифалар белгиланди.
Бугунги кунда ҳар қандай армиянинг жанговар шайлиги нафақат унинг замонавий қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техникалар билан бутланганлиги, балки шахсий таркибнинг айни ўша замонавий ҳарбий техникаларни бошқаришни қай даражада ўзлаштирганлиги ҳамда жанговар шароитларда уни моҳирлик билан бошқара олишига ҳам бевосита боғлиқ.
Мамлакатнинг мудофаа фаолиятини такомиллаштириш, ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка нисбатан мавжуд таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш масаласи бугунги куннинг долзарб мавзуси саналади. Бунинг учун илғор халқаро тажрибаларни ўрганиб, ҳарбий санъат назарияси ва амалиётини ривожлантириш талаб этилади.
Бу маънода халқаро терроризм, экстремизм, наркоҳуружлар ҳамда уюшган жиноий гуруҳларга қарши курашиш ҳар бир мамлакатнинг устувор вазифаси ҳисобланади. Бунинг учун минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро ҳамжиҳатликда тинчликни таъминлаш йўлида ҳарбий-илмий ҳамкорлик доирасини кенгайтириш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистон Республикасининг мудофаа ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган барча тизимли чора-тадбирлари ва саъи-ҳаракатлари минтақа ва жаҳон миқёсида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга қаратилган.
Гарчи хавф ва таҳдидлар мавжуд бўлсада, янги Ўзбекистонни мусаффо осмони ва чегараларининг дахлсизлиги ошончли қўллардадир.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси Илмий-тадқиқотлар институти ходимлари
Умид Муйсиналиев, Хусанали Пардаев