Ноқонуний нафақа пулига кўз олайтирган оқсоқол қўлга олинди

ЖИНОЯТ 09.03.2016, 15:51
Ноқонуний нафақа пулига кўз олайтирган оқсоқол қўлга олинди

“Cохта ҳужжатлар”ни тайёрлаш қуруқ раҳмат билан битмаслиги аниқ. Саҳифада номи кўрсатилган масъул шахслар давлатнинг маблағини растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилишган.

Янги раҳбарнинг ишга келиши нафақат ходимларни, балки, шу ҳудуддаги одамларни ҳам севинтиради. Энди ишда янгилик ва ўзгариш бўлади, деб кутишади. 

Питнак қишлоғининг “Саяпир” маҳалласида яшовчи аҳоли вакиллари ҳам маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланганида ундан яхши ишлар ва ўзгаришлар кутишганди. 2014 йил 2 июнь кунидан янги лавозимда иш бошлаган М.Сайдаматов маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш комиссияси раиси вазифасини ҳам ўз зиммасига олди.

“Ёғли жой”дан ёғилгани...

Мадрим Сайдаметов янги ишни янги режалар билан бошлагани рост. Зиммасидаги масъулиятни бажариш учун астойдил ишга киришган оқсоқол, ҳузурига илтимос билан ариза кўтариб келганларнинг эмас, хаёлидагиларни амалга оширишга уринарди. Ҳар қалай, ҳар бир арзгўй қандай бўлмасин, ишини битириш пайида бўлади, бунинг учун агар сал имо-ишора қилинса, атаганини ташлаб кетаверади. 

Лекин, бундай ишларни бажаришда битта ўзи ёлғизлик қилиш мумкин. Ёнида “кўмакчи”лари, шериклари бўлмаса, бир кунмас-бир кун сири фош бўлиб, шармандаси чиқиши турган гап.

Хуллас, оқсоқолга бу ишда маҳалла фуқаролар йиғини котиби, шу билан биргаликда кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш комиссияси аъзоси вазифасида ишлаб келган О.Рўзиев ҳамда маҳаллага туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказидан беркитилган меҳнат ҳуқуқ инспектори Ж.Қурбановлар ёрдамчи бўлишди. 

Бола тарбияси учун нафақа кимга берилади?

Фуқаролар йиғинлари зиммасига юклатилган энг масъулиятли вазифалардан бири бола парвариши бўйича нафақаларни адолат билан, тегишли оилаларга белгилаш саналади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 8-банди “болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир ярим бараваридан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланиши” белгилаб қўйилган.

Бироқ, бу уч “шоввоз” мазкур юридик ҳужжат ижросини таъминлашда адолатни эмас, кўпроқ ўз манфаатларини ўйлашгани аниқ. Ана шу мақсадда улар конунда кўрсатилган талабларини қўпол равишда бузиб, сохта ҳужжатлар туза бошлашди. 

Албатта сохта ҳужжатдан адолат унсурларини қидиришнинг ўзи мантиқсизлик. Чунки бундай ҳужжатлардаги маълумотлар ҳар икки томоннинг қонундан ташқари манфаатларини таъминлаш учун хизмат қилади. 

Масъулиятсизлик оқибати...

Иш фаолияти давомида маҳалла фуқаролар йиғинида 15 кишидан иборат нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш комиссиясини номигагина ташкил қилган М.Сайдаматов “ёрдамчилари” билан бирга барча нафақаларни тайинлаш ва тайинламаслик масаласини ўзаро ҳал қилишган. 

Аниқланишича, улар нафақа тайинланаётган шахсларни иш ҳақлари ҳақидаги маълумотларни тўлиқ талаб қилиб олишмаган, оила таркиби ҳақидаги маълумотларни ҳам нотўғри ёзишган: баъзи  оилалар даромадларини белгиланган мезондан зиёд эканлигини била туриб, айтин кам кўрсатишган. Шу тариқа, нафақа тайинланиши мумкин эмаслигини олдиндан била туриб, 2 ёшгача боласи бор 5 нафар оналарга 5 млн. 659 минг 110 сўмлик, 14 ёшгача боласи бор 6 нафар оналарга 3 млн. 272 минг 164 сўмлик нафақа пуллари ҳамда бир  оилага 998 минг 714 сўм моддий ёрдам пулини қонунга хилов равишда тайинлашган. Жами 12 ҳолатда 9 млн. 929 минг 988 сўм нафақа ва моддий ёрдам пуллари фуқароларга ноқонуний тартибда тўланган. 

Албатта, бундай “сохта ҳужжатлар”ни тайёрлаш қуруқ раҳмат билан битмаслиги аниқ. Юқорида номи кўрсатилган шахслар бу қилмишлари билан давлатнинг шу миқдордаги пул маблағини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган.

Шу ўринда нафақат бу кимсалар, ўзи ҳақли бўлмаса-да, ўзгаларнинг ризқу насибаси бўлган бу нафақа пулларини қонунга хилоф равишда олишга интилган ота-оналарга ҳам инсоф тилашдан ўзга чора йўқ.

Кунида синган кўза

2015 йил 12 август кунига қадар маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавзомида ишлаган Мадрим Сайдаматов ва ҳамтовоқлари сохта ҳужжатлар асосида иш юритиб, ўз вазифасини яхши билмаслик ҳамда қонунга тўла бўйсунмаслик оқибатида содир этган жиноий қилмишлари учун қонун олида жавоб беришди. 

Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман суди адолатли ҳукм чиқарди. Унга кўра, оқсоқол Мадрим Сайдаматов кўп миқдордаги жарима жазоси қўлланилиши, Омонбой Рўзиевга нисбатан икки йил моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда иш   ҳақининг ўн беш фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. 

Наргиза Бўронова, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1