АсосийJamiyat

АОКА Андижонда журналистларнинг калтакланиши юзасидан расмий баёнот берди

'АОКА Андижонда журналистларнинг калтакланиши юзасидан расмий баёнот берди'ning rasmi

Куни кеча Андижонда журналистлар калтаклангани ҳақида хабар берган эдик. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Андижонда журналистларнинг калтакланиши юзасидан расмий баёнот билан чиқди. 

Баёнотда айтилишича, бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига Effect.uz интернет-нашри журналистлари томонидан ўз касбий фаолиятини юритиш жараёнида, уларга нисбатан Андижон шаҳар халқ депутатлари кенгаши котибияти мудири ва унинг ўғли томонидан куч ишлатиб тан жароҳати етказилгани, уяли телефон аппаратлари яроқсиз ҳолга келгани тўғрисида мурожаат келиб тушган.

"ОАВ вакиллари фаолиятига бу каби ноқонуний ва тажовузкор қаршилик қисқа муддат ичида иккинчи бор такрорланаётгани Агентликда алоҳида хавотир уйғотмоқда.

Такроран эслатиб ўтиш жоизки, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига кўра, журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Мазкур қонуннинг 10-моддасида, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилиниши таъминланиши лозим, 14-моддада эса журналистнинг қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган. Бу каби ҳимоявий кафолатлар «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида ҳам мустаҳкамланган.

АОКА воқеа тафсилотлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигига ҳолатни чуқур ўрганиш орқали қонун устуворлигини таъминлаш бўйича сўровлар юборди. Ишонамизки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан воқеликка тегишли ҳуқуқий баҳо берилади ҳамда айбдорларга қонуний чора кўриш учун зарур ишлар амалга оширилади",– дейилади АОКА баёнотида.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар