1

Баҳорий кўкатларнинг организмга қандай фойдаси бор?

САЛОМАТЛИК 15.03.2016, 14:28
Баҳорий кўкатларнинг организмга қандай фойдаси бор?

Узоқ давом этган қишдан сўнг организмимиз витаминлар, минерал моддалар, оқсил ва углеводларга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезади. Бу танқисликни кўклам кўкатлари  ва гиёҳлари билан тўлдириш айни муддаодир. Жағ-жағ, исмалоқ, шовул, ялпиз, матор, семизўт қўшилган кўк сомса, чучвара, бичак  ва бошқа Наврўз таомлари қувватни тиклайди. 

Баҳорий кўкатлар фойдаси ҳақида олий тоифали шикофор терапевт Нодира ҲАМРОЕВА маълумот беради.

“Ифорингдан ўргилай ялпиз...”

Баҳор даракчиларидан бири бўлган ялпиз нафақат кўклам таомлари учун ошкўк ва зиравор, балки доривор малҳам эканлиги билан ҳам ажралиб туради. Ёқимли ифори билан тилга олинувчи ялпиз таркибида эфир мойлари, органик кислоталар, флавоноидлар, каротин, глюкоза, С витамини, минерал тузлар мавжуд. Халқ табобатида ялпизнинг қўлланилишига доир бир қанча тавсияларни кўриш мумкин. Жумладан: 

•  Ялпиздан тайёрланган қайнатма тиш оғриғи, милк яллиғланишларини бартараф этувчи хусусиятга эга; 
•  Меъда – ичак фаолияти, қабзият кузатилганида, аёлларда ҳайз циклининг  ўзгариши, ўт тош касалликларида ҳам ялпизли қайнатма тавсия этилади. 
•  1 ош қошиқ қуритилган ялпизни 1 стакан қайнаган сувда дамлаб, 15 дақиқа тиндиринг. Сўнг докадан ўтказиб, сузиб оласиз. Дамлама кун давомида 3 маҳал ичилса, ангина, бронхитга шифо бўлади;
•  Агар сизни мигрень қийнаётган бўлса, ялпиз мойини икки чаккага суртиш ёрдамида оғриқ хуружларини енгишллаштиришингиз мумкин. Шунингдек тез-тез қайталанувчи касаллик хуружларда бир кунда бир маҳал 1 стакан ялпизли чой ичиш тавсия этилади;

! Ялпиз фойдали ўсимлик ҳисоблангани билан ҳар бир организмга индивидул таъсир этади. Миқдори ортиб кетса, уйқуга мойилликни келтириб чиқариши мумкин. Қон босими паст бўлганлар ушбу гиёҳдан фойдаланишда миқдорига эътибор берганлари маъқул. 

Жағ-жағ

Халқ табобатида жағ-жағ қон тўхтатиш хусусияти билан яхши маълум. Меъда, ўпка ёҳуд бурун қонаши  каби ҳолатларда ушбу гиёҳдан тайёрланган дамлама асқотади. Жағ-жағ дамламаси, қон босимини тушириш, сийдик йўли касалликлари ва ич кетишида ҳам фойда беради. Жигарни тозалашда ҳам ушбу гиёҳ қўшилган сомса ва чучвара тановул қилиш лозим. 

Нонуштага исмалоқ  енг!

Бу ўсимлик баргида оқсил, ёғ, темир, магний, калий ҳамда витаминлар бор. Диетологлар ҳисоб-китобига кўра 500 гр исмалоқда уч дона тухум кучига эга калория бор.  Шуниси билан ҳам исмалоқдан тайёрланган нонушта тўйимли ва фойдали саналади. 

Исмалоқ қўшилган таом ва егуликлар болалар ва катталардаги камқонлик, авитаминоз ҳамда раҳитга даво ҳисобланади. Ични юмшатувчи, сафрони ҳайдовчи, юз териси катакталарини тозаловчи хусусиятга  эга. 

Бошингиз оғриса – отқулоқ қўйинг...

Таркибида кўпгина дармондорилар, шовул кислотаси айниқса С  витамини талайгина. Кўкламда отқулоқ қўшиб тайёрланган чучвара ва сомсалар қон босими кўтарилиши ҳамда меъда хасталиклари кузатилишида тавсия этилади. Отқулоқнинг 2-3 та баргини муздек сувда чайиб, пешонага қўйилса,бош оғриғини енгиллаштиради. Шунингдек тана ҳарорати кўтарилганида энса соҳасига малҳам сифатида қўйилса, танадаги иссиқликни олади.

Матор 

Кўк сомса қиймасига матор қўшилса, қувватга бой, тўйимли бўлади деган гап шунчаки айтилган эмас. Бу ўсимлик провитамин, қанд ва оқсил моддалари ҳамда макро ва микроэлементларга бойлиги билан айнан толиққан организм учун шифо ҳисобланади. Матор қўшилган егуликлар иммунитети суст, овқат ҳазм қилиш фаолияти билан боғлиқ муаммоларда кўпроқ истеъмол қилиниши лозим. Шунингдек, фарзанд кўришни режалаштираётган эркаклар (жинсий қувватни ошириш учун) матордан тайёрланган таомларни кўпроқ тановул қилишлари айтилади.   

Гулқоқи

Бу ўсимлик илдизидан тайёрланган дамлама буйрак хасталикларини даволашда ишлатилиб, пешоб ҳайдовчи хусусияти билан ажралиб туради. Тиш оғриқлари, томоқ яллиғланишларида ҳам гулқоқидан тайёрланган дамлама билан ғарғара қилинса, бактериялар таъсирини камайтиради.

Равоч

Халқ табобатида равоч илдизи ва мевасидан тайёрланган дамлама ошқозон-ичак хасталиклари, нотўғри овқатланиш сабабли иш бузилиши (ич кетиши) , қовуқ, аёлларда бачадон шамоллашларида қўлланилади. Равоч барги қўшилган таом ва егуликлар эса иштаҳасизликни бартараф этади. 

Момақаймоқ

Қон айланиши, моддалар алмашинувининг бузилиши ҳамда ҳазм қилиш жараёнидаги ўзгаришларда момақаймоқ шарбати асқотади дейилади. Момақаймоқ таркибида фосфор тузлари, кальций, калий ва темир моддалари кўплиги боис иштаҳасизликка учраган беморлар учун ўсимлик баргидан салат тайёрлаб бериш тавсия этилади. Қориннинг тез-тез дам бўлишида ҳам момақаймоқ шарбатидан фойдаланиш мумкин. Кексаларда суяк мўртлашиб қолиши кузатилса, момақаймоқ ва сабзи шарбатини аралаштириб ичиш лозим. Шунингдек буйрак фаолиятида ўзгаришларда ҳам момақаймоқ шарбати ичилса, пешоб ҳайдалишини фаоллаштириб, организмдан ортиқча тузларни ювиб чиқаради. Бу ўсимликнинг гули ҳам фойдалидир. Териб олинган гулларини 1 стакан сувга дамлаб, сўнг тиндириб қўйилса, уйқусизликка чора бўлади. 

Буғдой

Ундирилган буғдойни гўштқиймалагичдан ўтказишганида шарбати ажралади. Ана шу шарбат ошқозон хасталиклари, ортиқча вазн, қандли диабет ҳамда соч тўкилишига даво ҳисобланади. Косметологияда эса буғдой суви билан юз терисини тозалаш муолажасини ўтказиш, соч тўкилишида ниқоб ўрнида фойдаланиш мумкин. Фойдали хусусиятига кўра буғдойни ёшлик эликсири дейишлари ҳам бежиз эмас. Таркибидаги витамин ва минераллар моддалар организмни тетиклаштириб, ҳаётий қувватини оширади. Қолаверса, иммунитетни мустаҳкамлашда ҳам асқотади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1