Галитоз ёхуд оғиз ҳидланишини олдини олиш чоралари қандай? Бу ҳолат қайси хасталикларнинг белгиси экани борасидаги саволлар билан ССВ Матбуот хизмати олий тоифали стоматолог-шифокор Мирафзал Ирхановга мурожаат қилди.
— Галитоздан халос бўлишнинг қандай усуллари бор?
— Энг биринчи навбатда оғиз бўшлиғи гигиенасига эътибор қаратиш талаб этилади. Тишларни эрталаб нонуштадан кейин ва кечқурун уйқуга ётишдан олдин яхшилаб тозалаш лозим. Юмшоқ ёки махсус чўтка ёрдамида тил тозалашни ҳам эсдан чиқармаслик зарур.
Тиш пастасидаги фтор ва кальций моддалари тишлар эмалини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Антисептик ўсимликлар экстрактлари эса бактериялар фаоллигини сусайтириб, милкларни яхшилайди.
Галитоздан қутулиш учун овқатдан кейин оғизни сув билан чайиш ва 1-2 дақиқа таркибида шакар бўлмаган сақич чайнаш тавсия этилади. Тишлар орасига овқат қолдиғи кириб қолган бўлса, тиш ипи ёрдамида олиб ташлаш мумкин.
Оғиз бўшлиғи муаммолардан ҳоли бўлмаса ва нохуш ҳид тарк этмаётган бўлса, терапевтга учрашиш керак бўлади. Шифокор сизни текшириб кўриб, ҳид сабабини аниқлайди ва керакли муолажаларни белгилайди. Шунда нафақат галитоз, балки уни келтириб чиқарган бошқа касалликлардан ҳам фориғ бўласиз.
— Уй шароитида галитоздан қандай қутулиш мумкин?
— Қарсиллаган олма ёки янги узилган сабзи ейиш оғиздаги нохуш ҳидни йўқотади. Уларнинг таркибидаги клетчатка ошқозонда ҳид чиқараётган моддаларни ўзига “тортиб” олади.
Шунингдек, ўткир ҳидли нарса егандан сўнг петрушка, сельдерей, шивит, ялпиз чайнаш тавсия этилади.
Оғиз бўшлиғидаги ҳидни йўқотишда мармарак, мойчечак, эвкалипт ва бошқа табиий антисептиклар дамламаси ёхуд қайнатмаси билан оғизни чайиш ёрдам беради. Оғиздаги ҳидни кетказишда аччиқ чойнинг ҳам фойдаси бор.
— Оғиз бўшлиғидан нохуш ҳид келиши қандай касалликларнинг белгиси бўлиши мумкин?
— Галитоз бир қатор касалликларнинг даракчиси бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларнинг 90 фоизи тиш ва ЛОР аъзолари касалликларига боғлиқ бўлиб, улар оғиз бўшлиғи микрофлорасининг ўзгариши учун маълум шароитлар яратилганда содир бўлади.
Шунингдек, оғиздан чиққан ҳид бодомсимон безнинг яллиғланиши, синусит, ичак тракти, ошқозон ва жигар касалликларининг асорати ҳисобланади. Шу боис ҳам бундай ҳолатда, албатта, шифокор кўригига бориш талаб этилади.