АсосийJamiyat

Президент узумчиликни ривожлантириш бўйича ечимлар таклиф қилиб, масъулларга топшириқлар берди

'Президент узумчиликни ривожлантириш бўйича ечимлар таклиф қилиб, масъулларга топшириқлар берди'ning rasmi

“Бир нарсани аниқ тушуниб олишимиз керак, соҳага илмий ёндашувлар жорий қилинмас экан, вилоят ва туман ҳокимлари бутун командаси билан ўзи масалани ичига кириб, туманларни ихтисослаштириш, ер ажратиш, кўчат тайёрлаш, маҳсулотни экспорт қилишни шахсан назоратга олмаса, соҳада катта ўзгаришлар қилиш қийин бўлади”, - деди президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида. Шунингдек, давлат раҳбари узумчиликни ривожлантириш бўйича масъулларга таклиф ва топшириқлар ҳам берди.

44 та туманда узумчилик тажрибаси қўлланилади

Масъулларга Олтиариқ ва Фориш тажрибаси асосида Элликқалъа, Асака, Жалақудуқ, Булоқбоши, Ғиждувон, Шофиркон, Қоракўл, Пешку, Фориш, Янгиобод, Зомин, Ғаллаорол, Китоб, Шаҳрисабз, Чироқчи, Яккабоғ, Қамаши, Хатирчи, Нурота, Қизилтепа, Поп, Чортоқ, Янгиқўрғон, Косонсой, Булунғур, Каттақўрғон, Қўшработ, Иштихон, Ургут, Тойлоқ, Пайариқ, Узун, Сариосиё, Олтинсой, Сирдарё, Ховос, Мирзаобод, Паркент, Қибрай, Тошкент, Олтиариқ, Қўштепа, Фарғона ва Боғот туманларида (жами – 44 та) бу каби ишларни ташкил этиш топшириғи берилди. Бу туманларнинг ҳар бирида йил якунигача камида 1 минг гектардан янги экспортбоп плантациялар ташкил этилади. Туман ҳокимлари 10 кун муддатда узум етиштириш тажрибасига эга бўлган тадбиркорларни танлаб олиб, лойиҳаларни ғалла ва пахтадан қисқарадиган, янги ўзлаштириладиган ҳамда эски боғ ва токзорлар ўрнига жойлаштиради.

Шунингдек:

  • қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларидан 2 нафардан ходим ажратилиб, ҳар бир вилоятда узумчиликни ривожлантириш, кўчат билан таъминлаш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича алоҳида Лойиҳа офислари ташкил этилади;
  • янги токзорларни барпо этиш, эски боғ ва узумзорларни янгилаш учун янги тизим жорий этилиб, бунда сертификатланган янги узум плантацияларининг ҳар бир гектарига 10 миллион сўмдан субсидия ажратилади;
  • кўчатчилик хўжаликлари (питомниклар) ташкил қилинган майдонларнинг ҳар бир гектари учун ҳам субсидия бериш тизими жорий этилади;
  • янги токзорлар учун бир дона артезиан қудуқ ёки насос станцияси қуриш учун ҳар 10 гектарга 120 миллион сўмгача субсидия берилади, яъни субсидия бериладиган майдон ҳажми 3 баробарга камаяди (ҳозир энг кам майдон 35 гектар қилиб белгиланган);
  • сертификатланган узум плантацияларини ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 миллион доллар ресурс ажратилади (Бу маблағ Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳаси (200 миллион доллар) доирасида молиялаштирилади). Бунда кредит Лойиҳа офислари тавсиялари асосида, 14 фоиздан 3 йил имтиёзли давр билан 7 йил муддатга берилади.

Бундан ташқари, мутасаддиларга барча вилоят ва шаҳарлардаги хонадонларда ҳам узум етиштиришни йўлга қўйиш, ҳар бир хонадонда камида 15-20 тупдан узум кўчатларини “тепасида ток - пастида сабзавот” усулида экишни ташкил қилиш, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида жорий йилда қўшимча 100 миллиард сўм кредит ресурслари ажратиш, халқаро молия институтларининг 100 миллион доллардан имтиёзли кредитларини жалб этиш, узумчиликда ишлатиладиган асбоб-ускуналар ва техникалар божхона тўловларидан озод этиш масалаларини ҳал этиш топшириқлари ҳам берилди.

Сардорбек Раҳмонқулов

Бошқа янгиликлар