АсосийДунё

Гибрид автомобилларни экологик сертификатлаш тартиби юзасидан сенатор сўрови юборилди

Бундай автомобилларни божхонада расмийлаштиришда “Евро-4” экологик тоифасидан кам эмаслигини тасдиқловчи экологик сертификат талаб этилаётгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётганди.

'Гибрид автомобилларни экологик сертификатлаш тартиби юзасидан сенатор сўрови юборилди'ning rasmi

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев гибрид автомобилларни экологик сертификатлаш тартиби юзасидан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовга сенатор сўрови юборди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда Ўзбекистонга олиб кирилаётган гибрид автомобилларни божхонада расмийлаштириш жараёнида “Евро-4” экологик тоифасидан кам бўлмаганини тасдиқловчи экологик сертификат талаб этилаётгани жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ушбу транспорт воситалари “Евро-5” ёки “Евро-6” экологик стандартларига жавоб берадиган электродвигателлар билан жиҳозланган ҳолда мамлакатга олиб кирилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 январдаги қарори билан тасдиқланган низомда экологик сертификатлаш тартиби белгилаб берилган. Унга кўра, аккредитациядан ўтган синов лабораторияси мавжуд бўлганда, экологик хавфсизлик мезонларига мувофиқлик текширилиши керак. Агар лаборатория мавжуд бўлмаса, транспорт воситаси идентификация йўли билан баҳоланиши мумкин.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2022 йил 12 апрелдаги қарорида “гибрид автомобиль” тушунчаси аниқ белгилаб берилган. Уларни умумий “М” ва “Н” тоифаларига тенглаштириш масаласи ҳам баҳсли ҳисобланмоқда.

    Бошқа янгиликлар