Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ҳамкорлигида “Соғломлаштириш дастури – амалда” шиори остида тиббий кўрик ташкил этилди.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Самарқанд вилоятларидан кам таъминланган оилаларнинг юқори лаб ва қаттиқ танглай, туғма оёқ нуқсони (маймоқлик), бўйин қийшайиши билан боғлиқ ортопедик касалликларга чалинган ҳамда куйиш асоратлари мавжуд 12 ёшгача бўлган болалар тиббий кўрикдан ўтказилди.
2002 йилдан бошлаб амалга оширилаётган мазкур ижтимоий ҳамкорлик натижасида туғма нуқсонлар ва куйиш асоратларидан азият чекаётган кўплаб болалар соғломлаштирилди. 2015 йилда ўтказилган тиббий кўриклар давомида 35 нафар бемор бола соғломлаштириш учун Германия клиникаларига жўнатилган эди. Жорий йилда уларнинг 13 нафари тегишли муолажаларни муваффақиятли олиб, юртимизга қайтди.
Тиббий кўрик давомида 150 нафарга яқин бола мутахассислар қабулида бўлди. Уларнинг аксариятига мамлакатимиздаги ихтисослашган тиббий муассасаларда даволаниш учун йўлланма берилди. Туғма нуқсонли ва куйиш асоратлари бор айрим болалар Германия клиникаларига жўнатиладиган бўлди.