Юрагимда сақлаганларим: Сир очилган кун

МУТОЛАА 22.03.2016, 16:20
Юрагимда сақлаганларим: Сир очилган кун

Кенг, ёруғ, ҳамма нарса тартиб билан жойлаштирилган супермаркетга кириб яна айлана бошладим. Ярим соат ичида иккинчи бор киришим. Шундай бўлса-да, эркин, бемалол эдим. 

Минг шукрки, пойтахти азимнинг дўконлари худди телевизорда кўрсатишадиган хориждагилар каби роса катта. Бир соат ичида уч-тўрт бор кирсанг ҳам сезишмайди. Ўзимизнинг тумандаги дўконлар каби “Нарса олмасангиз юраверманг, ҳалал бераяпсиз”, дейишмайди. 

Ҳаддан ташқари йириклигидан ким кириб-чиқаётганини билишмаса ҳам керак. Айтганча, билишади, ҳеч ким билмаса ҳам, анув эшик ёнидаги баланд бўйли, қўлига қора, телефоннинг гўшагини элатувчи матоҳ ушлаб олган йигит аниқ билади. Шундан сал хижолат бўлдим. Чунки харидор бўлиб кираётганим йўқ. Аслида иш излаб юрибман. Йў-ў-ўқ, сотувчи эмасман. Шунча йилдан буён қишлоқдан, уйдан чиқмай тикувчилик қилган жувонман.

Мен учун бегона жойга кириш, мурожаат қилиш жуда мушкул иш. Ким билсин, балки ҳар доим уйда ўтирганим учундир? Эҳтимол, асли тортинчоқдирман...

—  Кечирасиз, нақд пулга савдо қиласизми? 

Чўчиб тушдим. Бехос қулоқларим тагида, орқа томондан шивирлаган аёл бир қадам ташлаб олдинга ўтиб, чеҳрасини кўрсатди.

—  Нима? — шунчалар хаёл билан банд бўлибманки, эшитган гапимни ҳам тушунмадим.

—  Пулга савдо қиласизми?

Барибир англамадим. Унинг юзига ажабланиб қараб туравердим. 

—  Менда пластик карточка эди. Агар пул ишлатмоқчи бўлсангиз, пулингизни олиб, карточкамни бермоқчи эдим.

Энди мақсадини тушундим.

—  Йў-ў-ўқ, нарса олмоқчи эмасман. Анув… цехга келган эдим, — рўпарада кўриниб турган тикув цехини кўрсатдим

— Бу ерга шунчаки кирдим. 

—  Ҳа-а, менга нақд пул керак эди-да... — ўттиз беш ёшлар атрофидаги бу аёл у қадар гўзал бўлмаса-да, истарали эди.  Одми кўйлаги унинг рангига мос, қизил туфлиси ва бўйнидаги нафис шарфи бир-бирига  ажиб уйғунлик бериб, ярашиб турарди. Уни қаердадир кўргандек ҳам бўлдим. 

“Қаерда ҳам кўрардим? Ўзи Тошкентга энди келган бўлсак. Одам одамга ўхшайди-ку, бировга ўхшатиб юборгандирман...” — дедим ўзимга ўзим. 

Аёл мендан узоқлашди. Аммо уч-тўрт қадам ташлагач, ортига қайтди:

—  Цехга нега кирмадингиз?

—  Ҳалиги... — хижолат бўлдим. — Тортиняпман. Боя бордим, журъат қила олмай қайтдим яна. 

—  Яқинда келгансиз, шекилли бу ерга? Юринг, гаплашиб бераман. У ерда дугонам ишлайди. Қизимни ҳам шогидликка олган. 

Аёлга беихтиёр эргашдим. Бирга цехга кириб бордик. Мен хаёл қилгандек катта эмаскан. Бор-йўғи саккизта тикув машинаси бор. Уям у қадар катта бўлмаган хонада тиқилиб тургандек. Тўрда, алоҳида хона ҳам бор.

—  Дугонам анув хонада ўтиради, — аёл яна менга юзланди.

Шунда унинг оппоқ, тиниқ юзлари, қора қошларига энди кўриб тургандек разм солдим. Гўё, у кўз ўнгимда гўзаллашагандек эди. Яхшилик одамнинг ҳуснига ҳусн қўшармикан, ё?

—  Жуда яхши аёл. Ҳозир кўрасиз...

Унинг сўзлари ҳақ бўлиб чиқди. Цех раҳбари чиндан ҳам жуда ширинсухан ва очиқюз аёл экан. 

—  Тўғри кириб келавермайсизми? — деди у ҳамроҳимнинг кира олмай, дўкон айланиб юрганим ҳақидаги гапларини эшитгач.

—  Биринчи марта-да, — дедим қизариб.

—  Неча йилдан буён тикувчилик қиласиз?

—  Билмадим. Мактабда ўқиб юрганимда ҳам тикардим. Онам тикувчи ўзи. Ўн беш йилдан ошиб кетди-ёв.

—  Унда сиз ҳам, мен ҳам қийналмайман. Биз буюрма асосида ишлаймиз. Анув кўриб турган ускунангиз, бичиб беради. Ўнг томондаги қизлар биринчи чокни қилишади. Чап томондагилар охирига етказади. Бурчакдаги иккита қиз дазмоллаш ишлари билан шуғулланади. Хуллас, бизда ҳар куни иш қайнайди. Даромад ҳам шунга яраша. Пул, тиккан кийимингиз сонига қараб тўланади. Мен атай, битта кийимнинг ишини бир кишига эмас, икки кишига бириктирганман. Бу кийимнинг сифати ва қизларнинг иноқлигини ҳам таъминлайди. Бизга ўхшаган, бошқа кичик цехларда битта кийимни битта тикувни бошдан охиригача тикади. Яхши тикувчи бор, ўртачаси бор. Шунинг учун бу кийим сифатида сезилади. Бизда эса биринчи чокни янги келганлар ҳам тикаверади. Аммо охирига етказиш, яъни асосий ишни усталарга юклайман. Пул ҳам ишга қараб тақсимланади. Асосий ишни қилган, якунлаган тикувчи албатта, беш-ўн минг сўм кўпроқ олади. Хафа бўлмасангиз, сизни бир-икки кун биринчи чокда синайман. Агар ростдан ўн йилдан ошиқ тажрибага эгалигингиз сезилса, асосий ишга ўтказаман. Аслида бизга асосий чокни тикадиган тикувчи керак.

—  Майли, — рози бўлдим мен.

Ўша куни кечгача ишладим. Менга жуда ҳам ёқди. Ростдан ҳам қизлар жуда иноқ эди. Чунки кўпроқ пул топиши бир-бирига боғлиқ бўлгани учун кўмакларини аямас, асосий ишда қийналиб қолмаслиги учун биринчи тикувчини иккинчиси назорат ҳам қилиб турарди.   

Ҳалиги, мени етаклаб келган аёлнинг қизига шерик бўлиб ишлаётганим эса янада кўнглимни кўтарди. Албатта, мен либос қисмларини бир-бирига бириктиришда асло қийналмас, ҳаммаси тўғри чок бўлгани учун тўхтамай тикардим.

—  Опа, эртага жой алмашамиз, мана кўрасиз,

— дейди шеригим Мафтуна. — Мен ўзи сизнинг ўрнингизда тикардим. Асосий ишда қийналяпман, қўрқяпман ҳам.
— Қўрқманг, кўриб, тикиб юргансиз-ку, — дедим мен.

Цех бошлиғи икки марта келиб менинг ишимни кузатиб кетди. Уйга кетишимда эса деди:

—  Эртага эрталабдан Мафтуна билан жой алмашаверинг. У ўзи биринчи чокда эди. Сизнинг тажрибангиз борлиги сезилди.

Уйга келгач, лабим лабимга тегмай, ишхонамни мақташдан тўхтамадим.

—  Болалар нима бўлади? — деди эрим тунд аҳволда.

—  Учови ҳам мактабда бўлса. Опаси олиб қайтади. Ситоранинг ўзи эплаб ўтиради. Олтинчи синф бўлди-ку!  Тўғрими? — катта қизимга қарадим. — Мен эрталаб овқатни пишириб кетаман. Келиб ейишади.

—  Ҳар доимгидек уйда тикиш қилсанг, бўлади-ку!  — ҳамон бўш келмади эрим.

—  Бу ерда мени ким танийди. Бирор киши “заказ” олиб келаётгани йўқ. Қишлоқ бўлса экан, аввалдан билиб юрган бўлишса экан...

Бошқа гап гапирмади. Табиатан вазмин одамнинг бу розилиги эди.  Унинг касби — ҳарбийлиги ортидан кутилмаганда пойтахга келиб қолдик. Ижара уйда, уч бола билан рўзғор тебратишнинг ўзи бўлмайди. Тағин бугунги кунда болаларингиз битта мактаб билан чегараланса, экан. Ҳали кураш, ҳали сузиш, ҳали репетитор деб пул сўрашади. Эрим шу томонларини ўйлаб индамагандир, балки. Мен эса завқ билан ишга бориб кела бошладим. 

—  Олдинги шеригимдан тез тикаркансиз. Аввалгидек битта-иккита кўп кийим тикяпмиз, — дейди Мафтуна хурсанд бўлиб. 

Бу менинг ҳам кўнглимни кўтаради. Уйга завқу шавқ билан келаман. 

Дастурхон бошига кўпириб-тошиб ишхонам ҳақида гапиришдан тўхтамайман. 

—  Дадаси, хафа бўлманг-у, Хаттуни сизга ўхшатаман, — Мафтунани лақаби билан айтиб, пиқиллайман гоҳо. — Қилиқлари ўхшайди-да. Сизга ўхшаб, қатиққа шакар солиб ейди. Яна қулоғининг олдида ҳам сизникига ўхшаш холи бор.

Эрим “қулт” этиб ютинади-ю, ёмон қараб қўяди.

—  Дадаси, бугун Хатту нақ сизнинг қилиғингизни қилди. Эснаётиб, оғзига тўхтамай шапатилади, — куламан яна.

—  Ҳаммаям шундай қилади-ку! Намунча уни менга ўхшатмасанг...

—  Одамнинг одамга ўхшашлигидан ҳайрон қоламан. Онасини ҳам танийман-ку, грамм ўхшамайди, бечора аёлга.

Ростдан ҳам Мафтунанинг кўп одатлари эримникига ўхшаб кетарди. Баъзан ҳайратланиб ҳам қолардим. Ҳатто, болаларимга ўтмаган бу антиқа қилиқлари.

Масалан, хаёл сурса, бош бармоғини қолган тўртта бармоғига тинимсиз теккизиб ўтириши, бирор ишга берилиб кетса пастки лабини қаттиқ тишлаб олиши...

Бу ўхшашликлар шу қадар кўп эдики, охири парво ҳам қилмай қўйдим.

—  Опа, менга кашта тикишни ҳам ўргатинг, биламан, дедингиз-ку, — деди бир куни Мафтуна менга.

—  Майли. Якшанба кунлари уйимизга бор, ўргатиб қўяман.

—  Унда мана шу якшанбада бораман, — деди у.

Ўша ҳафта у келди. Қизим билан дарҳол тил топишиб олди. Учовлон ўтириб, кашта тикишга киришдик. Эрим эса тез-тез унга қараб қўярди. Ниманидир сездими, охири сўради:

—  Асли қаерликсизлар?

—  Жиззахлик... — деди Мафтуна уялиб.

—  Қаеридан?

Мафтуна қишлоғини айтганди, эримнинг чимирилган қошлари ёйилгандек бўлди. 

—  Сизлар самарқандликсизлар, а? — деди Мафтуна кейин менга қараб. 

—  Ҳа, — дедим мен.

—  Менинг ойим ҳам самарқандлик, — қўшимча қилиб Мафтуна онасининг қишлоғини ҳам айтди. 

Бу гапни эшитиб эрим яна сергак тортди. Беихтиёр деди:

—  Ойингнинг исми нима?

Мафтуна онасининг исмини айтди. Шундагина мен ҳам хушёр тортдим. 

Мен турмуш ўртоғимнинг иккинчи оиласи эдим. Бир пайтлар биринчи аёлининг исмини эшитгандим. Ўшанда келган совчилар бизга “Фарзандли бўлишга улгуришмади”, дейишганди. Аммо, Мафтуна...

Қулоқларим чиппа битиб, бу дунёдан узилиб қолгандек бўлдим. Кўзим кўрарди-ю, ҳеч нарсани идрок қилмасдим. Бу ҳолат қанча давом этди билмайман. Эрим ҳам ерга қараганча, ҳайкалдек қотиб қолган. Шукрки, қизим ва Мафтуна эса кашта билан овора.

Умр йўлдошимнинг ранг-рўйидан қизи ҳақида шу пайтгача умуман билмаганлиги сезилиб турарди. 

Мафтуна кетганидан кейин ҳеч нарса дея олмадим. У ҳам ҳамон карахт ҳолатда эди. Бир нарса аниқ — Мафтуна унинг фарзанди. Онаси буни ўша пайтларда яширгани, кейин ҳам айтмагани билан тақдирнинг ўзи бу сирни усталик билан очиб ташлаганди...

Наргиза УСАНБОЕВА

Шарҳлар