Тошкент шаҳри Бодомзор маҳалласида кеча 22 март куни йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Facebook`нинг “Водители Ташкента” гуруҳи хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, Captiva автомобилини ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасини олмаган, вояга етмаган, Тошкент банк коллежи талабаси бўлган қиз бошқарган. У катта тезликда келиб, маҳалла ичида ҳаракатланаётган Cobalt ва Spark автомобилларини ҳам уриб юборган. Суратларда мазкур автомобилларга ҳам жиддий зарар етказилганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, изоҳларда фойдаланувчилардан бири мана шу маҳаллада яшашини, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида унинг маҳалладоши, 3 нафар фарзанднинг онаси жиддий жароҳат олганини билдирган. Изоҳларда айтилишича, ҳозирда жабрланувчи жонлантириш бўлимида ётибди, у ҳозир комада эканлиги айтилмоқда.
Маълумот учун, аввалроқ Тошкент вокзали яқинида бугун Captiva ва Nissan Altima автомобиллари иштирокида содир бўлган ЙТҲ ҳақида хабар берган эдик.