1

“Ўлик жонлар” ортидаги жиноят

ЖИНОЯТ 26.03.2016, 12:26
“Ўлик жонлар” ортидаги жиноят

Яқинда Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг йиғилиши бўлиб ўтди  

Ноқонуний халқаро алоқа каналлари бизнеси

Бу гал одил суд курсисида илдизлари мамлакатимиз сарҳадларидан узоқларга бориб тақаладиган йирик уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ўтиришди. Барчаси Россия Федерацияси фуқаролари Алесандр Чернецов ва Андрей Маркелов Ўзбекистонда ноқонуний бизнес билан шуғулланиб, мўмай даромад орттирмоқчи бўлишди. Улар умумий танишлари, мамлакатимизнинг собиқ фуқароси, айни пайтда Россия Федерацияси фуқароси бўлган Фрейман исмли кимсанинг тавсиясига кўра,  ўз гуруҳларига самарқандлик Елена Тиринани ҳам жалб қилишади ҳамда минтақада ишни йўлга қўйиш  ва бошқаришдек “фахрли” вазифани унинг зиммасига юклашади. 

Жиноий фаолиятни енгиллаштириш учун уюшган тўданинг ҳар бир аъзоси қилиши лозим бўлган ишлар аниқ тақсимлаб берилган эди. Е.Тиринанинг бевосита раҳбарлиги остида ноқонуний халқаро алоқа каналлари ташкил этиш бўйича бизнес йўлга қўйилди. Бунинг учун улар  юртимизга қонунга хилоф равишда олиб кирилган махсус технологиялар ва қурилмалардан фойдаланишган. 

ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ: Мамлакатимиз қонунчилигида Ўзбекистон ҳудудидаги мавжуд халқаро телефон тармоғининг фаолиятига халал берадиган бундай қурилмаларни олиб кириш тақиқланган.  

Асосий шахс

Гуруҳдаги асосий шахс  Владимир Даузе Е.Тиринанинг топшириғига асосан мазкур техникаларни ўрнатиш, дастурлаш ва техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланган. Техникаларни жойларга, ўз эгасига етказиб бериш  Александр Абдурахимовнинг чекига тушганди.

Е.Тирина жиноий режаларини амалга оширишга ўз дугонаси Камилла Басмановани ҳам тортади. «Фортуна благородия» МЧЖ муассиси бўлган бу аёл “маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, савдо фаолияти ва консалтинг хизматлари кўрсатиш” ниқоби остида мамлакатимиздаги интернет провайдерлари билан сохта шартномалар тузган. Бир қанча мобил алоқаларнинг дилери бўлиш баробарида у кўрсатилган мобил алоқа хизматлари учун абонент шартномаларини сохталаштириш билан ҳам шуғулланган.

Бизнес яхши бошланди. Даромадлар миқдори ортиб  борди.  Кўп ўтмай, улар учун Самарқанд торлик қилиб, мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам “мўралай” бошлашди. Ўз фаолиятларини кенгайтириш учун жиноятчилар “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК ходимлари Даврон Якубов ва Хайриддин Насриддиновни ҳам жалб қилишди. Улар поездда Тошкентга кириб келишлари билан А.Абдурахимов билан боғланишар, учинчи шахслар ёрдамида “тақиқланган товар”ларни  унга бериб юборишарди. Шу тариқа барча техникалар Самарқандга келтирилар, у ердан бутун мамлакат бўйлаб тарқаларди. 

Бу ноқонуний фаолият Фарғона водийсига ҳам етиб борди. Жиноятчилар ўз мақсадларини амалга ошириш учун Наманган шаҳрини танлашди. Алоқа хизмати учун керак бўладиган бу қурилмаларнинг узоқ Хоразм воҳасида узлуксиз ишлаши учун Тимур Матрасулов жавобгар эди. Нукусда жиноий фаолиятни ташкил этиш ва юргизишни  Александр Пак ўз зиммасига олди. Бухорои шарифда бу ғайриқонуний иш ота-бола Имомовлар чекига тушганди. 

2117 нафар сохта абонентлар ва жиноий гуруҳ учун жўнатилган маблағлар

Яна бир аёл – Мария Хван сохта абонент ҳужжатларини тайёрлар, бошқача айтганда “ўлик жонлар” учун сохта уланишларни расмийлаштирарди. Шу тарзда расмийлаштирилган сим-карталар сони 2117  тага етган.

Е.Тирина ушбу сим-карталардан ноқонуний равишда фойдаланиш мақсадида Россиядан А.Чернецов ҳамда А.Маркелов томонидан юборилган маблағнинг бир қисмига  гўёки кўрсатилган консалтинг хизматлари ва фойдаланилган тўловларни амалга оширган. Шу тариқа А.Чернецов ва Маркелова гуруҳи ҳамда уларнинг яқинлари номидан жиноий фаолиятни амалга ошириш мақсадида Western Union халқаро пул ўтказмалари тизими орқали уюшган жиноий гуруҳ аъзолари учун  $548,580 миқдорида пул жўнатилган.

Қўшма корхона ҳам тузоққа тушган

Бу жиноий тўдага сохта ҳужжатлар тайёрлаш ва молиявий  найрангларни ўрганиб олган Verbatim илмий-ишлаб чиқариш ва савдо корхонаси директори Зафар Умаров ва унинг ҳисобчиси Лия Коган ҳам кириб келди. Е.Тиринанинг тавсияси кўра улар   интернет тармоғи а VPN IP – телефоня орқали  телекоммуникация хизматлари кўрсатиш юзасидан  East Telekom МЧЖ қўшма корхонаси билан сохта шартнома имзолашган. Аслида East Telekom раҳбариятининг бу ишга ҳеч қандай розилиги бўлмаган.

Е.Тирина барча харажатларни банкдаги ҳисобидан, кўрсатилган хизматлар учун эса, нақд пул билан тўлашни кафолатлаган. Бунинг учун ҳомийлар унга Россиядан пул маблағлари жўнатиб туришар, бу пуллар “қора бозор”да алмаштириб олинарди. Кейин бу пуллар Verbatim илмий-ишлаб чиқариш ва савдо корхонаси хизматлари учун нақд тўловга, «Фортуна благородия» МЧЖнинг банкдаги ҳисобини тўлдиришга сарфланган.

Тергов давомида жиноий гуруҳ аъзолари 15 та фирма орқали пуллар нақдлаштирилгани  ва сохта ҳужжатлар расмийлаштирилгани маълум бўлди. 

Айбини тан олган жиноятчилар

Суд мажлиси давомида жиноятчилар ўз айбларини тан олишди ва пушаймонлик билдиришди. Одил суд уч нафар аёл - Е.Тирина,  К.Басманова ва Л.Коганга нисбатан инсонпарварлик намунасини кўрсатди: Олий Мажлис Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги  қарорига асосан,  уларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилди. Амнистия актига асосан, Verbatim корхонаси директори З.Умаров энг кам ойлик иш ҳақининг 320 баравари миқдорида жаримага тортилди. 

В.Даузе, А.Абдурахимов, Т.Матрасулов, ота-бола Имомовлар ҳам Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг бир қатор моддаларига биноан айбдор деб топилди. Уларнинг ҳар бири ойлик иш ҳақининг 20 фоизини ушлаб қолиш шарти билан ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. 

Азамат Муҳаммедов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1