АсосийSalomatlik

Буқоқ қандай касаллик? Шифокор жавоб берди

'Буқоқ қандай касаллик? Шифокор жавоб берди'ning rasmi

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотларга кўра, Ер юзи бўйича 665 миллиондан ортиқ одам эндемик бўқоқ ва қалқонсимон безнинг бошқа касалликларидан азият чекмоқда. 1,5 миллиард инсон эса йод танқислиги хасталиклари ривожланиш хавфига эга. Ушбу касалликлар орасида буқоқ кейинги йилларда дунёнинг аксарият мамлакатлари, шу қаторда Ўзбекистон учун ҳам долзарб масалага айланиб бормоқда.

Хўш, ушбу хасталикнинг пайдо бўлишига қандай омиллар сабаб бўлади?  

Унинг саломатликка хавфи нимада?  

ССВ Матбуот хизмати шу ва шу каби саволлар билан Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори вазифасини бажарувчи Феруза Хайдаровага мурожаат қилди.

— Буқоқ қандай хасталик?

 — Инсон бўйнининг олд қисмида шаклан капалакни ёдга солувчи қалқонсимон без жойлашган бўлиб, ушбу тана аъзоси асаб тизими фаолияти, овқат ҳазм қилиш, суяк тўқималари ва моддалар алмашинувида муҳим ўрин тутади.

 Қалқонсимон без ўзидан 3 хил гормон ажратиб, улар тананинг нормал ўсиши, етилиши, ривожланишини таъминлайди, ошқозон-ичак каби органларнинг бир меъёрда ишлашига кўмак беради. Агар уларнинг қайси бирини синтез қилиш жараёнида муаммолар кузатилса, бу ўз-ўзидан инсон танасида жиддий касалликларга йўл очади.

Буқоқ ушбу безнинг катталашиши ҳисобланиб, (нормал ҳолатда қалқонсимон безнинг вазни 20-30 грамм) касаллик асосан йод етишмаслиги сабабли юзага келади. Йод танқислигига эса инсоннинг турмуш-тарзи, овқатланиши, стресс, экологик вазият ва яна бир қанча омиллар сабаб бўлиши мумкин.

Инсон танасида йод танқислиги кузатилганда, қалқонсимон без ҳужайраларга кам миқдорда йод юборади. Бунинг оқибатида эса гормонлар синтези камаяди ва организм бу жараённи бир маромга келтириш учун бош мия гипофизи орқали таъсир ўтказади. Натижада қалқонсимон без катталашиб, буқоқ касаллиги ривожланади.  

Сурункали йод етишмаслиги ва қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши зеҳннинг сусайиши, депрессия, тери қуриши, соч тўкилиши, қабзият, ич кетишлар, бепуштлик, жинсий фаолиятнинг сусайиши, суяк ривожланишининг ўзгариши, паст бўйлик ва остепороз, гипертония ва атеросклероз каби хасталикларга сабаб бўлади.

— Буқоқ касаллигининг турлари ҳақида айтиб ўтсангиз.

— Тиббиётда буқоқнинг асосан, эндемик ва спорадик турлари мавжуд. Жумладан, эндемик буқоқ қалқонсимон безнинг жадал катталашиши билан характерланиб, ушбу хасталик кўпинча атроф-муҳитда йод етишмаслиги, океан ва денгизлардан узоқда жойлашган (Ўзбекистон шулар жумласидан) ҳудудларда кўп учрайди. Эндемик буқоқнинг диффуз, тугунли ва аралаш турлари мавжуд.

— Касалликнинг асосий белгилари қандай?

— Буқоқнинг илк босқичларида унинг энг кичик белгилари ҳам сезилмайди. Бироқ кейинчалик бўйиннинг олди қисми бўртиб чиқади. Натижада катталашган қалқонсимон без асаб ва қон томирларини эзиб қўяди. Бу орқали беморда нафас қисилиши, овознинг бирданига ўзгариб қолиши ва хириллаши, бўғилишлар, кўп терлаш, ютинишдаги қийинчиликлар, бош айланиши каби салбий ҳолатлар кузатилади.  

Шу билан бирга, асаб тизимида бузилишлар содир бўлади, кайфият тез-тез ўзгаради, танадаги барча жараёнлар секинлашади, айниқса, ошқозон-ичак фаолияти бузилади.

Афсуски, кўпчилик инсонлар ўзларида бу касаллик ривожланаётганига жиддий эътибор бермайди. Бироқ мутахассис сифатида шуни айта оламанки, бу хасталикка бепарво бўлиш яхши оқибатларга олиб келмайди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар