1

“Реал”да ҳам, “Барса”да ҳам тўп сурган футбол юлдузлари

СПОРТ 02.04.2016, 13:27
“Реал”да ҳам, “Барса”да ҳам тўп сурган футбол юлдузлари

Бугун тунда дунё аҳли икки қисмга бўлинади. Сабаби, Испания чемпионати 31-турида “Барселона” ўз майдонида “Реал Мадрид” футболчиларини қабул қилади. Бошқача қилиб айтганда бугун “Эл-Классико” бўлиб ўтади. Ана шу муносабат билан бугунги саҳифамизни биз азалий рақиблар “Реал Мадрид” ҳамда “Барселона” футболчиларига бағишлаймиз. Ушбу икки жамоа сафида тўп сурган машхур футболчилар, уларнинг кўрсатган натижалари ва эришган ютуқлари ҳақидаги маълумотлар билан сизларни яқиндан таништирамиз.

Луис Энрике

Тўлиқ исми: Луис Энрике Мартинес Гарсия
“Реал Мадрид”: 1991-1996
“Барселона”: 1997-2004 

“Барселона” клуби бош мураббийи Луис Энрике профессионал футбол фаолиятини 1989-йил “Спортинг Хихон” клубида бошлаган. 1991-йилда эса ярим ҳимоячининг ўйинидан таъсирланган “Реал Мадрид” футболчини сотиб олади. Беш мавсум давомида “қаймоқранглилар” сафида 213 ўйинда 18 та гол урган Луис Энрике, Испания чемпиони (1995) ҳамда Испания Кубоги (1993) ва Суперкубоги (1993) соҳиби бўлди.

Шундан сўнг, “Реал”нинг азалий рақиби “Барселона” 1997-йилда ярим ҳимоячини ўзига чорлади ва хато қилмади. Жами 300 ўйинда “Барса” либосида майдонга тушган Луис Энрике 109 гол билан рақибларини “сийлаган”. “Каталонияликлар” зафарларига катта ҳисса қўшган Луис Энрике кетма-кет икки карра Испания чемпиони (1998, 1999) бўлди. Шунингдек, ярим ҳимоячининг ҳисобида иккита Испания Кубоги (1997, 1998), Испания Суперкубоги (1996), УЕФА Кубоги (1997) ва УЕФА Суперкубоги (1997) мавжуд. 2004-йилда фаолиятини “Барса”да якунлаган Энрике мана энди, собиқ жамоасига раҳбарлик қилмоқда.

Роналдо

Тўлиқ исми: Роналдо Луис Назарио де Лима
“Барселона”: 1996-1997
“Реал Мадрид”: 2002-2007

Бразилия футболи афсонаси Роналдо ҳам икки азалий рақиб жамоасида тўп сурган. 1996-йил “Барселона” 20 ёшли Роналдони истеъдодидан руҳланиб, уни жамоага таклиф қилади. Бразилиялик ҳужумчи “кўк-анор ранглилар” сафида атиги бир мавсум тўп сурганига қарамай, 49 учрашувда 47 гол киритган. Бироз вақт Италия яшил майдонларида (“Интер”да) тўп сурган Роналдо, 2002-йил Испанияга қайтади. Бу сафар “Реал Мадрид” ҳужумчини ўз таркибига қўшиб олади. Юлдузли онларини “Реал”да даврон сурган Роналдо, “бланкос” формасида 177 маротаба майдонга тушган ва жами 104 та гол киритган. “Реал”дан сўнг “Милан” ҳамда “Коринтианс” клубларида тўп сурган Роналдо 2011 йили ўз юртида фаолиятини якунлади. Бразилиялик футболчи ўз фаолиятини қайта тикламоқчи экани ҳақида хабарлар ҳамон тарқалмоқда.

Луиш Фигу

Тўлиқ исми: Луиш Филипе Мадейра Каэйро Фигу
“Барселона”: 1995-2000
“Реал Мадрид”: 2001-2005 

Португалия терма жамоаси собиқ сардори Луиш Фигу 1995-йили “Барселона” таркибига қўшилди. Икки йилдан сўнг “каталониялик”лар сафида Фигу кетма-кет Испания чемпиони бўлди. 2000-йили эса “Реал” азали рақибидан Фигуни сотиб олади ва бу уларга омад келтиради ва “Реал Мадрид” шу йилнинг ўзида Испания чемпионига айланди. Луиш Фигу “Барселона”да 249 учрашувда 45 та гол киритган бўлса, “Реал Мадрид”да унинг натижаси янада яхшиланди: 239 учрашувда 57 та гол.

Самуэль Это’о

Тўлиқ исми: Самуэль Это’о Филс
“Реал Мадрид”: 1998-2000
“Барселона”: 2004-2009

Камерунлик футболчининг “Реал Мадрид”да ишлари умуман юришдами. Ҳужумчига асосий таркибда жой топилмагач, “мадридликлар” уни “Эспаньол”га ижарага беради. У ерда ҳам Это’о биронта ўйинда ҳам майдонга тушмайди ва у яна “Реал”га қайтади. Икки мавсум давомида Это’о “қаймоқранглилар” либосини атиги 6 марта кийган.

“Реал Мадрид”дан фарқли ўлароқ, “Барселона” Это’ога асосий таркибда ўйнаш имконини берди. Камерунлик футболчи эса унга билдирилган ишончни оқлайди. 5 мавсум давомида Это’о “Барселона” кийимида 201 учрашувда майдонга тушиб, 129 та гол ҳамда 35 та голли узатмани ўз ҳисобига ёзиб қўйган. “Барса” таркибида Самуэль Это’о 3 карра Испания чемпиони ва 2 карра ЕЧЛ Кубоги соҳибига айланди. Ундан ташқари ҳужумчи “каталонияликлар” билан биргаликда Испания Кубоги (2009) ва Испания Суперкубоги (2005, 2006) ни қўлга киритган.

Хавьер Савиола

Тўлиқ исми: Хавьер Педро Савиола Фернандес

“Барселона”: 2001-2004 ва 2006-2007
“Реал Мадрид”: 2007-2009

Аргентина терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Хавьер Савиоланинг “Реал”да ҳам, “Барселона”да ҳам омади деярли юришмади. “Каталонияликлар” сафида жами тўрт мавсум тўп сурган Савиола, 168 учрашувда 70 та гол киритган. Шу йиллар мобайнида у атиги Испания Суперкубоги (2006) соҳиби бўлди. “Реал”га ўтгач унинг ютуқлари бироз кўпайди. 2008-йилда аргентиналик футболчи “Реал” билан Испания чемпионлигини ва Испания Суперкубогини қўлга киритди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1