ССВ матбуот хизмати асаб касалликларига чалинган беморларнинг парҳез овқатланиши ҳақидаги шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси кафедра мудири Низом ЭРМАТОВга мурожаат қилди:
— Қайси касалликлар асаб тизимининг қон томир хасталиклари ҳисобланади?
— Асаб тизимининг қон томир касалликлари юрак-қон томир хасталикларидан кейин тарқалиши, ногиронликка олиб келиши ва нохуш ҳодисалар билан тугаши бўйича етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Уларга вегето-томир дистонияси, дисциркулятор энцефалопатия, транзитор ишемик атака, ўткир гипертоник энцефалопатия, ишемик ва геморрагик инсульт каби касалликлар киради.
Дисциркулятор энцефалопатия — қон айланишининг сурункали етишмовчилиги натижасида ривожланувчи бош мия қон томирлари касаллиги ҳисобланади.
Инсульт — қон айланишининг ўткир бузилиши натижасида келиб чиқувчи бош мия қон томир хасталиги бўлиб, амалиётда ишемик (томирлар ўтказувчанлиги бузилиши оқибатида миянинг чегараланган тўқимасида қон келишининг бузилиши) ва геморрагик (томирлар ёрилиши оқибатида мияга қон қуйилиши) турлари фарқланади. Ишемик инсульт унинг геморрагик турига нисбатан 2-3 баробар кўпроқ учрайди.
Уларнинг ҳар иккаласида ҳам инсон меҳнат қобилиятининг йўқолиши ҳамда ногиронлик юзага келиши эҳтимоли юқори ва келиб чиқишининг асосий сабаби — бош мия қон томирларининг атеросклерози ҳисобланади.
— Атеросклероз асосан қандай сабабларга кўра ривожланади?
— Атеросклероз ривожланишининг асосий сабаби, ёғсимон моддаларнинг (холестерин) томирлар ичига ўтириб қолиши ҳисобланади. Жараён кўп ҳолларда овқатланиш тартиби ва меъёрининг бузилиши оқибатида юзага келади. Шундай экан, бош мия қон томирлари касалликларининг олдини олиш ва даволаш учун тавсия этиладиган парҳез таомлар қондаги холестерин миқдорини камайтиришга қаратилган бўлиши керак.
Бунинг учун, аввало, таркибида холестерин сақловчи тухум, ҳайвон маҳсулотлари, дудланган нарсалар, қаҳва, какао, шоколад, қора чой каби маҳсулотларни рациондан чиқариш лозим. Аксинча, унга С ва В2 витаминлари ҳамда йодга бой бўлган озиқ-овқатларни (карам, нўхат, анжир, узум, тарвуз, ўсимлик ёғидан тайёрланган таомлар) киритиш керак.
Бу моддалар қон томирлар деворида холестерин қатлами ҳосил бўлишининг олдини олади.
— Тутқаноқ ҳам асаб тизими касалликларидан ҳисобланади. Унга қарши курашишда қандай овқатланиш тавсия этилади?
— Эпилепсия (тутқаноқ) — бу турли хил сабабларга кўра юзага келадиган, тез-тез такрорланиб турувчи хуружлар билан намоён бўладиган сурункали касаллик.
Афсуски, беморларнинг бир қисмида мунтазам дорилар билан даволанишларига қарамасдан тутқаноқ хуружлари кўпайиб боради. Уларга дорилар билан бир қаторда кетоген (ёғли) парҳез тавсия этиш муҳим аҳамиятга эга. Бундай ёндашиш муолажанинг муҳим йўналишидан бири ҳисобланади. Унинг асосий моҳияти кўп миқдорда ёғларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиб, углеводларни чеклашдан иборат.
Кетоген парҳезнинг дастлабки уч куни давомида барча таомлар чекланиб, фақат исталган миқдорда сув ичилади. Аммо маъданли ва газланган сувлар, мева шарбатлари ичиш тақиқланади.
Бу даврда беморнинг ҳаракат-фаолияти камайтирилади, баъзан эса тўла ётоқ тартиби буюрилади.
Кейинги уч кунда одатдаги овқатлар кунлик миқдорининг тўртдан бир қисми истеъмол қилинади. Улар тахминан 1 грамм оқсил ва углеводга 4 грамм ёғ нисбатида бўлиши керак.