АсосийJamiyat

Мажбурий ижро бюросига парламент сўрови юборилди

'Мажбурий ижро бюросига парламент сўрови юборилди'ning rasmi

Ялпи мажлис кун тартибига киритилган навбатдаги масала – Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига юборилган парламент сўровининг муҳокамаси бўлди.  

Таҳлилларга кўра, Бюро органлари 2020 йил 1 январь ҳолатида жиноят, маъмурий, фуқаролик, иқтисодий судлар ва бошқа органларнинг жами 48,7 трлн сўмлик 3 788 927 та ижро ҳужжати иш юритувда бўлган.

Йил давомида 34,5 трлн сўмлик 2 698 476 та ижро ҳужжати тамомланган ва тугатилган. Шундан 15,1 трлн (31 %) сўмлик 2 124 591 та (56 %) ижро ҳужжати амалда ундирилган. Уларнинг 7,6 трлн сўмлик 742 476 та ижро ҳужжати муддати бузилган ҳолда ижро этилган.

2021 йил 1 январь ҳолатига 14,2 трлн сўмлик 1 090 451 та ижро ҳужжати қолдиқ бўлиб ўтган. Шулардан, 3,2 трлн сўмлик 368 250 таси (40 %) икки ойлик муддати ўтган ижро ҳужжатлари ҳисобланади.

Шунингдек, норматив ҳужжатларга асосан битта ижрочига бир ойда 19 та ижро ҳужжати ва бир йилда эса, 227 та ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш имконияти мавжудлиги кўрсатилган.

2021 йил 1 январь ҳолатига Бюро органларида жами 2 320 нафар давлат ижрочиси фаолият юритади. Ҳар бир давлат ижрочиси томонидан бир ойда ўртача тамомлаган ишлари 106 та, кунлик эса 5 та ижро ҳужжатига тўғри келмоқда. Ушбу қолдиқдаги 1 090 451 та ижро иши бўйича ҳар бир давлат ижрочисига бир ойда ўртача 470 та ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Шу билан бирга, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳам қатор муаммо ва камчиликлар мавжуд. Жумладан, Мажбурий ижро бюроси иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича судлардан ҳар ҳафтанинг белгиланган кунлари ундирувчи билан кўришиб туриш тўғрисида ижро ҳужжатлари мавжуд.

Лекин “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунда кўришиб туриш ва ижро этиш тартиби тўғрисида бирор бир модда кўрсатилмаган. Шунингдек, меҳнат қонунчилигида механизм назарда тутилмаган. Натижада давлат ижрочилари ушбу ижро ишларини амалга ошириш учун дам олиш кунлари ҳам ишга чиқишига мажбур бўлмоқда.

Бундан ташқари, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 80-моддасида ундирувдаги 6 та талаб назарда тутилган. Хусусан, биринчи навбатда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар, меҳнатга оид муносабатлардан келиб чиқадиган алиментлар ундириш, муаллифлик шартномалари, ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарарни қоплаш, адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам ҳақини тўлаш бўйича талаблар қаноатлантирилиши белгиланган. Лекин ундирувчи фуқаролар ва тадбиркорлар иккинчи ва олтинчи босқичда кўрсатилган. Шу сабабли, фуқаролар ва тадбиркорлар фойдасига ундирилиши керак бўлган қарздорлик ундирилмай тадбиркорлик фаолиятига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Бу эса, суд ва бошқа органларнинг ижроси ўз вақтида таъминланмай, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги танқид қилинди.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига парламент сўрови юбориш бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Бошқа янгиликлар