Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот котиби Шавкат ХЎЖАҚУЛОВ олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган абитуриент ёшлар ва уларнинг ота-оналаридан келиб тушган бир қанча долзарб саволларга жавоб берди.
— Ҳозирги кунда юртимизда қайси нодавлат олий таълим ташкилотлари абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилмоқда? Улар томонидан бериладиган диплом давлат олийгоҳлари дипломи билан бир хил кучга эгами?
— Таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор натижасида бугун мамлакатимизда фаолият олиб бораётган нодавлат олий таълим ташкилотлари сони 29 тага етди.
Мамлакатимиздаги нодавлат олий таълим ташкилотларининг расмий веб-саҳифалари ўрганилганда, ҳозирда Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Маъмун номидаги Жаҳон тиллари институти, TMC институти ҳамда TEAM университети, Тошкент шаҳридаги Британия менежмент университети, Тошкент халқаро таълим университети каби олий таълим ташкилотларида қабул жараёнлари давом этаётганлиги маълум бўлди.
Ушбу муассасаларга олий таълим хизматлари кўрсатиш учун Таълим инспекцияси томонидан белгиланган тартибда лицензиялар расмийлаштирилган. Улар томонидан берилган диплом мамлакатимиздаги бошқа олийгоҳларники билан бир қаторда тан олинади.
Шундай экан талаба бўлиш истагида бўлган ёшлар ва уларнинг ота-оналари ҳеч иккиланмай юртимиздаги нодавлат олий таълим ташкилотлари хизматларидан фойдаланишлари мумкин.