Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида она ва бола саломатлигини муҳофазалаш, репродуктив саломатликни асрашда тиббий патронаж хизматининг ролини ошириш, бу йўналишда жойларда фаолият юритаётган саломатлик секторларининг ишини янада оммалаштириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Унда жорий йил 1 мартидан 1 апрелга қадар ўтказилган патронаж ойлиги давомида 33 мингдан ортиқ тиббиёт ходими иштирок этиб, 19 миллиондан зиёд аҳоли, 5,5 миллиондан кўпроқ оиланинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганган.
Мамлакатимизда «Соғлом она – соғлом бола» тамойили асосида туғруқ ёшидаги аёллар, болалар, ўсмирлар замонавий тиббий-профилактика ёрдами билан тўлиқ қамраб олинмоқда.
Аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини янада юксалтиришда патронаж хизмати алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда юртимизда 3 мингга яқин қишлоқ врачлик пункти, 370 зиёд оилавий поликлиника халқимизга тиббий хизмат кўрсатмоқда. Тизимда 7 мингга яқин умумий амалиёт шифокори, 17 мингдан зиёд патронаж ҳамшира эл саломатлиги йўлида иш олиб бормоқда.