АсосийJamiyat

Сентябрь ойи бошидан Тошкент шаҳар “тез ёрдам” хизматига 74 мингдан зиёд чақириқ келиб тушган

'Сентябрь ойи бошидан Тошкент шаҳар “тез ёрдам” хизматига 74 мингдан зиёд чақириқ келиб тушган'ning rasmi

Бугунги кунда коронавирус инфекциясининг ер юзи бўйлаб тарқалиш суръати ҳануз юқорилигича қолмоқда. Шу қатори, юртимизда ҳам ушбу хавфли касаллик ҳали ортга чекингани йўқ.

 Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр БЎРИБАЕВ шу билан боғлиқ саволларга жавоб берди.

— Сентябрь ойи бошидан шу кунгача шаҳар “Тез ёрдам” хизматига қанча чақириқ келиб тушди?

— Аввало шуни айтиш лозимки, бугунги синовли кунларда мамлакатимиз тиббиёт ходимлари, хусусан, “Тез ёрдам” хизматининг барча бригадалари аҳолини коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилиш, беморларга ўз вақтида сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида туну кун хизмат қилмоқда. Рақамларга мурожаат қилсак, сентябрь ойи бошидан айни шу даврга қадар шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси CALL-марказига бир кунда ўртача 3500 та чақириқ келиб тушди. Жами мурожаатлар сони эса 74 минг 260 тани ташкил этди. Таққослаш учун айтсак, ўтган йил сентябрь ойининг худди шу даврида бу рақам  52 минг 541 та эди.

— Маълумки, куз фаслида турли мавсумий касалликлар янада авж олади. Бу ҳолат “Тез ёрдам” хизмати фаолиятига қанчалик таъсир этмоқда?

— Дарҳақиқат, куз келиши билан инсонларда турли мавсумий хасталиклар – грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар(ЎРВИ), нафас йўлларининг бошқа юқумли касалликлари кўп кузатилади. Натижада организмда иммунитет пасайиб, касаллик юқтиришга мойиллик янада ошади. Бу эса ўз-ўзидан беморлар сони ортишига ҳам сабаб бўлади. Айтиш лозимки, мазкур ҳолат айни пайтда “Тез ёрдам” хизмати фаолиятига ҳам таъсир этиб, чақирувлар сони ортишига сабаб бўлмоқда. Бунга эса сўнгги кунларда “103” хизматига бўлаётган мурожаатлар сонидан ҳам билиш мумкин. Хусусан, кейинги 10 кунда (12-21 сентябрь) шаҳар “103” хизматига чақирувлар сони бир мунча ортиши кузатилди. Хусусан, шу даврда кунлик чақирувлар сони ўртача 3800 тани ташкил этиб, жами мурожаатлар  37 минг 435 тага етди. Шундан тана ҳарорати кўтарилган 12 минг 339 нафар ҳамда пневмония белгилари кузатилган, коронавирусга гумон қилинган ва ПЗР тест мусбат натижа берган 1063 нафар кишига сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатилди.

— Грипп ва коронавирус инфекциясидан ҳимояланиш учун юртдошларимизга қандай тавсиялар берасиз?

— Аввало шуни айтмоқчиманки, бугунги пандемия шароитида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларга рўбарў бўлмаслик ҳар биримиз учун жуда муҳим.  Боиси грипп ва пневмония чақирувчи вирусли хасталикларнинг коронавирус билан биргаликда келиши беморда касалликнинг янада оғир кечишига сабаб бўлади. Шу боис, барчамиз, энг аввало, юртимизда ўрнатилган карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз лозим. Қолаверса, аҳолидан коронавирус инфекцияси ва гриппга қарши эмлаш тадбирларида фаол қатнашишларини сўрайман. Бу эса мамлакатимизда эпидемик вазият барқарорлигини таъминлаш, ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини асрашда муҳим саналади. Шунингдек, кимда шамоллаш ва коронавирус инфекцияси белгилари кузатилса, аввало, оила шифокорига мурожаат қилишлари ва мутахассис тавсиясига кўра, даво муолажаларини олишлари лозим. Бу билан нафақат улар ўзларига, балки “Тез ёрдам” хизматининг самарали ишлашига ҳам катта ёрдам беради.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар