АсосийJamiyat

Тошкентнинг қоқ ўртасидаги ғайриоддий Княз Романов саройи туристик масканга айланади (видео)

'Тошкентнинг қоқ ўртасидаги ғайриоддий Княз Романов саройи  туристик масканга айланади (видео)'ning rasmi

Бугун Тошкентдаги Княз Романовнинг собиқ қароргоҳини реконструкция қилиш ва бинонинг асл меъморий қиёфасини қайтариш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтган. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди. 

 Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 19-декабрдаги 1019-сонли қарорига кўра Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига Тошкентдаги Княз Романовнинг собиқ қароргоҳини реконструкция қилиш ва бинонинг асл меъморий қиёфасини қайтариш ишониб топширилган. Лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Романов қароргоҳининг тарихи

Сарой 1891-йилда меъморлар А.Бенуа ва В.Геинселман лойиҳалари асосида ўз замонига мос “модерн” услубида қурилган. Икки қаватли нафис бино ўйма панжаралар, ғайриоддий шаклдаги деразалар, миноралар ва бошқа безак элементлари билан бойитилган. Саройда кутубхона, иссиқхона ва қишки боғ бўлган. Бинонинг орқа тарафидан машҳур тошкентлик ботаник ва фармасевт И.И.Краузе томонидан қурилган катта боғга чиқиш йўли бўлган. Сарой заллари қуюқ эман билан қопланган, ўйма карнизлар ва тилла картиналар билан безатилган. Унинг ички безакларини яратишда анъанавий ганч ўймакорлиги билан шуғулланувчи маҳаллий усталар қатнашган.

Сарой залларидан бири шарқона услубда безатилган. 

1918-йилда Николай Константинович Романов вафотидан олдин ўз саройида музей ташкил этиш шарти билан бутун коллекциясини Тошкент шаҳрига совға сифатида мерос қилиб қолдирган. Унинг ўлимидан сўнг, саройда санъат музейи ташкил этилган. 1940-1970 йиллар давомида саройда Республика пионерлар саройи жойлашган эди. 1980-йилларда бинода Ўзбекистон антиквар буюмлари ва заргарлик санъати музейи жойлашган. ХХ аср охирида Сарой реставрасия қилиниб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Қабул уйи сифатида хизмат қилган.

 

Экспозиция

Саройнинг ўзи, архитектураси ва бадиий безатилган интерерлари билан мустақил бир экспонатдир. Коллекция буюмлари мавзувий бўлинмаларга гуруҳланади ва турли хоналар контекстида намойиш этилади. Бу буюмлар сарой тарихини қайта тиклайди ва бир вақтлар саройда княз ҳаёти даврида қандай бўлган бўлса хоналарга шундай жойлаштирилади. Замонавий кўргазма технологиялари ва интерактив майдонлар сарой подвалларида намойиш этилади. Ўзбекистон Давлат санъат музейи фондларидан санъат асарлари коллекцияларидан 500га яқин экспонат янгиланган музейнинг доимий кўргазмасига киритилади. Бир вақтлар саройни безаб турган мармар ва бронза ҳайкаллардан ташқари, 120дан ортиқ рангтасвир ва графика, 75 та ҳайкал, 20 та мебел ашёси музейга қайтарилади. Саройнинг заллари ва хоналари асл қиёфасини тиклайди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов:

«Сўнгги беш йил ичида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимиз тарихий ва маданий меросини асраб-авайлаш, уни ўрганиш ва оммалаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилди. Княз Романов саройи биносини реставрасия қилиш ана шундай йирик лойиҳалардан биридир. Мазкур ноёб лойиҳа ишига архитектура ва реставрация соҳасининг халқаро профессионаллари жалб қилинган. Мақсадимиз – бу бетакрор меъморий ёдгорлик ва унга туташ бўлган хиёбон майдонини сақлаб қолган ҳолда, у ерда жамоатчилик вақт ўтказиши учун шароит яратишдир. Меҳмонлар Марказий Осиё меъморчилиги учун ғайриоддий бўлган бу жой билан танишишлари мумкин бўлади. Умид қиламизки, бўлажак музей пойтахтимизнинг асосий диққатга сазовор туристик жойларидан бирига айланади."

Бугунги кунга келиб бинони реконструкция қилиш ва музей дизайнининг дастлабки консепсияси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Қайта қуриш лойиҳасига асосий бино ва унинг қанотларини тарихий мақсадига мувофиқ реконструкция қилиш ва тиклаш бўйича меъморий ва муҳандислик ечимлари, эски дарахтларни асраб қолиш ва қўшимча кўкаламзорлаштиришни назарда тутувчи ҳовли ҳудуди дизайнини, мавжуд фаввораларни реставрасия қилиш, ва энг муҳими, княз Романов коллекциясидаги санъат асарларидан иборат бўлажак экспозисия режасини ўз ичига олади.

Лойиҳани амалга ошириш Маданият ва санъатни ривожлантириш Жамғармаси Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёеванинг патронажи остида амалга оширилади.

    Бошқа янгиликлар