Ўзбекистонда ўсадиган қўзиқоринларнинг 150 дан ортиқ тури заҳарли ҳисобланади

САЛОМАТЛИК 15.04.2016, 17:00
Теглар: Ўзбекистон
Ўзбекистонда ўсадиган қўзиқоринларнинг 150 дан ортиқ тури заҳарли ҳисобланади

Баҳор фаслида об-ҳавонинг нам келиши, ёғингарчиликлар туфайли замбуруғлар ўсиб, ривожланиши учун қулай шароитлар вужудга келади. Бу фаслда кўплаб замбуруғлар пайдо бўлади ҳамда ўсиб кўпаяди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида замбуруғларнинг 200 дан зиёд тури мавжуд. Бироқ шулардан 25 туригина истеъмол учун яроқли ҳисобланади. Бу истеъмол учун яроқли бўлган замбуруғ турларини маҳаллий аҳоли “қўзиқоринлар” деб атайди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг ҳар қайси вилоятида, ҳар бир туманида қўзиқоринларнинг фақат айрим, муайян турларигина терилиб, улардан турли хилдаги тансиқ таомлар тайёрланади. Бу истеъмол учун яроқли қўзиқоринлар маъданли моддалар, оқсил ҳамда “С” ва “В” гуруҳларига мансуб витаминларга жуда бойдир.

Бироқ республикамиз ҳудудида ўсадиган қўзиқоринларнинг 150 дан зиёд ботаник турлари заҳарли ҳисобланади. Уларни асло истеъмол қилиб бўлмайди, дейди Тошкент шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази овқатланиш гигиенаси бўлинмаси мудири Фарҳод ТОЖИЕВ. 

Бундай замбуруғ турларини маҳаллий аҳоли ўз ибораси билан заҳарли ўсимлик — “қурбақанинг салласи” деб атайди.

Бу турларга мансуб қўзиқоринлар таркибида гельвелат кислотаси, фаллотоксин, аммонитотоксин ва бошқа заҳарли моддалар мавжуд бўлиб, бундай қўзиқоринларга қанчалик ишлов берилмасин, улар таркибидаги заҳарли моддалар йўқолиб кетмайди. Улар қиздиришга жуда ҳам турғун, қайнатилганда зарарсизланмайди, оксиген таъсирида оксидланмайди ва ошқозон-ичак ферментлари таъсирида парчаланмайди. Оқибатда истеъмол қилган кишиларни заҳарланишга дучор қилади. Республикамиз ҳудудида заҳарли замбуруғлардан “Бледная поганка”, “Лепиота”, “Мухомор” ва “Ложный опенок” каби турлари кўп учрайди. Улар шаҳримиз ҳудудидаги боғларда, қабристонларда, сайхон жойларда, дарахтлар теварагида ва бошқа жойларда ҳам учраб туради. Бу замбуруғлар ҳам барча истеъмол учун яроқли бўлган қўзиқоринларга ўхшаб соябон шаклида ўсади, уларни билмай истеъмол қилган киши қаттиқ заҳарланади.

Таркибида фақат гельвелат кислотаси мавжуд бўлган замбуруғ турига сморчок ва строчоклар киради. Гельвелат кислотаси сувда яхши эриганлиги сабабли, бу турга мансуб замбуруғларни олдин сувда қайнатиб, мазкур сувни тўкиб ташлаб, сморчок ва строчок турига мансуб қўзиқоринлардан турли таомлар тайёрлаш мумкин.

Шаҳарлараро автомагистрал йўли ёқаларида, кимёвий моддалар ишлаб чиқариш корхоналари ёки улар сақланадиган омборларга туташ ҳудудларда ўсган истеъмол учун яроқли бўлган қўзиқорин турларини ҳам териб, истеъмол қилиш натижасида улардан заҳарланишлар қайд этилиши мумкин. Чунки, қўзиқоринлар атмосфера ҳавоси, кимёвий моддалар билан зарарланган сув ва тупроқдаги заҳарли кимёвий моддаларни сингдириб олиш хусусиятига эгадир. Шунинг учун, келиб чиқиши номаълум бўлган қўзиқоринларни шаҳарлараро автомагистраль йўли бўйларида ҳамда аҳоли гавжум тўпланадиган жойларда сотилаётган қўзиқоринлардан асло харид қилманг.

Республикамизнинг баъзи жамоа хўжаликлари ва ширкатларига махсус иссиқхоналарда истеъмол учун яроқли бўлган “Вешанка” ва “Шампиньон” каби қўзиқорин турларини етиштириш ва савдо қилиш учун рухсат берилган. Бу хўжалик ва ширкатларда етиштирилаётган қўзиқоринлар ва улардан тайёрланган консерва маҳсулотлари санитария-эпидемиология хизмати лабораторияларида таҳлил қилиниб, улар инсон соғлиғи учун зарарсиз бўлган тақдирда ҳар бир маҳсулотлар учун гигиеник сертификат берилади. Ана шундай гигиеник сертификатга эга бўлган қўзиқорин ва ундан тайёрланган маҳсулотларни турғун савдо шоҳобчаларидан харид қилишингизни тавсия қиламиз.

Заҳарли замбуруғларни билмай истеъмол қилган кишиларда орадан бир неча соат вақт ўтганидан сўнг кўнгли айнаб, тез-тез қайт қилади. Ошқозон-ичак фаолияти бузилади, қоринда оғриқ пайдо бўлиб, бутун аъзои-бадани бўшашиб кетади.

Замбуруғлар таркибидаги заҳарли моддалар жигар, буйрак, меъда ости бези ва марказий асаб тизими аъзоларини қаттиқ шикастлайди. Қўзиқориндан заҳарланиш аломатлари вужудга келган тақдирда, беморга 5-6 пиёла илиқ намакобли сув ичирилиб, уни сунъий қайт қилдириб, меъдаси ювилиши керак. Агар меъда ювилиб, ундаги заҳарли моддалардан халос этилмаса, бу моддалар қонга сўрилади ва заҳарланиш янада оғир кечади. Бу беморларни уй шароитида билар-билмас даволаш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу ҳолнинг олдини олиш учун зудлик билан шифокорга мурожаат қилишни унутманг.

Эсингизда бўлсин, заҳарли қўзиқоринлар соғлиғингиз учун ўта ҳавфлидир.

Шарҳлар

Ўзбекистон Эронни мағлуб этиб, Осиё кубогига йўлланмани қўлга киритди (видео)

13.09.2023, 11:02

Осиё кубоги учун саралаш ўйинлари якунланди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" мухбири. Маълум бўлишича, сўнгги 6 ўйинда рақиблари дарвозасига 25 та гол киритиб, 3 та гол  ўтказиб...
⚡️Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳамкорликда ишлаб чиқарадиган автомобилларнинг нархлари эълон қилинди

24.01.2023, 10:47

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорликда 19 турдаги енгил автомобиллар, жумладан микроавтобус, пикап, седан ва бошқаларни ишлаб чиқаришни режалаштирган. Қирғизистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар нархи 13...
Путин Ўзбекистондаги ғайритабиий совуқлар ҳақида фикр билдирди (видео)

18.01.2023, 11:45

Россия президенти Владимир Путин иқтисодий масалалар бўйича йиғилиш ўтказди ва унда Марказий Осиё мамлакатларидаги совуқлар ҳақида фикр билдирди. Россия раҳбари бош вазир Михаил Мишустиндан агросаноат мажмуасида...
Озарбайжон ва Ўзбекистон Президентлари Ичан қалъани айланишди (фото)

22.06.2022, 15:14

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Хива шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилмоқда. Кеча бўлиб ўтган музокаралар якунида давлатимиз...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1