Иссиқ жон иситмасиз бўлмайди, деган гап бор халқ орасида. Айниқса, куз-қиш даврида мавсумий касалликлар янада кўпайиши табиий ҳол.
Мана, ҳозир ҳам шундай мураккаб бир палла. Болалар ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекциялар кенг тарқалиши кузатиляпти. Бундай вазиятда аксарият бемор ўғил-қизлар уй шароитда даволанмоқда.
Аммо уларнинг тезроқ соғайиши фақат тиббий муолажаларга боғлиқми? Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири Жамила ШОҒИЁСОВА ўз тавсиялари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
— Ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан турли ёшдаги болалар касалланиши мумкин, — дейди шифокор. — Уларнинг тезроқ тузалишида ота-оналарнинг роли ниҳоятда катта. Чунки муолажа жараёни фақат дори-дармонлар билан чекланмайди.
Бемор боланинг қисқа муддатда соғайиши учун уларни, авваламбор, алоҳида хонада тўғри парваришлаш, гигиена қоидаларига амал қилиш ва энг муҳими, соғлом овқатлантириш керак.
Масалан, олти ойгача бўлган чақалоқлар парваришида она сути жуда муҳим. Шу сабабли бундай болаларни истисносиз эмизиш тавсия этилади. Гўдак касалликка чалинганида уни тез-тез ва кўпроқ она сути билан озиқлантириш зарур.
Олти ойдан ошган болалар эса қўшимча овқат ейишни бошлайди. Уларни одатдагидек таомлантиришни давом эттириш керак. Бемор ўғил-қизлар тўғри овқатлантирилса, касаллик билан курашиш қобилияти ошиб, тезроқ оёққа туради.
Касаллик пайтида боланинг иштаҳаси сусайиб, таом бериш жараёнида инжиқлик қилиши табиий. Бироқ бундай пайтда уни овқатланишга ундаш керак. Кичкинтойларга ёшига мос, аввал ҳам еб ўрганган ҳамда ўзи севиб истеъмол қиладиган, юмшоқ пиширилган, иштаҳа очувчи таомлар берилиши мақсадга мувофиқ.
Шифокорлар болага касал пайтида тез-тез, кам-кам овқат беришни тавсия қилишади. Аммо бу таомлар умумий ҳажмини камайтиришни англатмайди. Соғайгач эса унга одатдагидан ҳам кўпроқ овқат беришни таклиф этамиз. Бу фарзандларимизнинг қувватини тиклаши учун муҳим.
Қолаверса, касаллик чоғида болага кўп миқдорда суюқлик ичириш лозим. Оддий қайнаган сув ёки уйда тайёрланган мева шарбатлари томоқдаги йўтал ва оғриқни юмшатиб, танадан вирусларнинг тезроқ чиқиб кетишини таъминлайди.
Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, бемор болани қатъий парҳезга ўтказиш мумкин эмас. Шу билан бирга, янгилик яратиш ҳам тўғри бўлмайди. Масалан, болага аввал истеъмол қилмаган таомлар ва маҳсулотларни вақтинча бермаган маъқул.
Шу ўринда, фаолиятимизда кўп кузатиладиган бир ҳолатни айтай: юртимизда байрамлар, қувончли саналар бўлса, ўша кунлари касалхоналарга мурожаатлар сони ошиб кетади. Болалар аллергия, ичбузилиш белгилари билан шифохоналарга олиб келинади. Чунки нотўғри овқатланиш ўша куниёқ болада ўз аломатларини намоён қилади. Шундай экан, соғлом турмуш тарзига ҳар доим амал қилишимиз зарур.