Инсон сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиши орқали ўткир ошқозон ичак ва паразитар касалликлари ҳамда чорва молларида учрайдиган ўта хавфли зоонос касалликларини юқтириб олиши ва тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.
Касалликнинг келиб чиқиши ва тарқалиши ҳақида Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси олий тоифали шифокор Ю.Рахимов маълумот бериб ўтди.
Касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар табиатда кўп тарқалган бўлиб, асосан аҳлат, тупроқ, сувдаги кемирувчи ҳайвонларда ва зараркунандалар, ҳатто уй ҳайвонлари ҳамда одамларда ҳам учраши тайин. Бундай микроорганизмларнинг кўпайиши учун озиқланиш манбаи, сув, вақт ҳамда ҳарорат бўлса бас. Уларнинг кўпайиши учун гўшт, сут, пишлоқ, тухум, денгиз маҳсулотлари, пиширилган гуруч, макарон маҳсулотларида энг яхши муҳит ҳисобланади. Битта бактерия 15 дақиқа ичида иккитага кўпаяди. Бу билан бу бактерия 6 соат мобайнида 16 миллионтагача кўпаяди, дегани. Кўпинча микроорганизмлар бир жойдан бошқа жойга пашша, чивин ва ифлосланган қўллар орқали ўтади. Шунингдек, ифлосланган сув ёки озиқ-овқат маҳсулотлари орқали тарқалади. Ошқозон ичак касалликларининг олдини олишимиз учун қуйидаги хавфсиз овқатланишнинг беш тамойилига қатъий риоя этишимиз лозим.
Биринчидан, шахсий ва жамоат гигиенасига қатъий риоя этиш. Идиш-товоқларни тоза-озода сақлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини ифлосланишидан ҳимоя қилиш, дератизация, дезинсекция ва дезинфекция тадбирларига амал қилиш.
Иккинчидан, хом маҳсулотлар ва тайёр озиқ-овқатларни бир-биридан ажратган ҳолда сақлаш. Озиқ-овқат хом-ашёси тайёр маҳсулотлар билан бирга сақланганда, улар касаллик қўзғатувчи микроблар билан ифлосланиши мумкин, шунинг учун хом-ашё ва тайёр маҳсулотларни бир-биридан ажратган ҳолда алоҳида идишлар ёки ўраларда ёпиқ ҳолда сақлаш, иш анжомларини ўз ўрнида ишлатиш лозим.
Учинчидан, озиқ-овқат маҳсулотларига термик ишлов бериш қоидаларига қатъий риоя этиш. Озиқ-овқат маҳсулотларини яхшилаб тозалаш, ювиш, 2 пишириш ҳамда маҳсулотларга кулинар ва техник ишлов бериш технологик жараёнларига риоя этиш.
Тўртинчидан, озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз ҳароратда сақлаш. Уй ҳароратида микроорганизмлар тез кўпаяди, шу сабабли тайёр таомларни 2 соат ичида реализация қилиш. Барча пиширилган ва тез бузилувчи озиқ-овқатлар +5 даражадан паст ҳароратда, тайёр таомлар дастурхонга тортулгунга қадар +60 даражадан юқори ҳароратда сақланиши лозим. Микроорганизмларни ривожланиши учун +5 даражадан +60 даражагача бўлган ҳарорат энг оптимал ҳарорат ҳисобланади.
Музлатилган озиқ-овқат маҳсулотларини уй ҳароратида муздан туширмаслик лозим. Музлатилган маҳсулотларни муздан туширишда микротўлқинли иситгичлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бироқ микротўлқинли иситгичларда муздан туширишда маҳсулотларни баъзи жойлари исиб кетиши ва ўша жойда микроорганизмларни кўпайиши эҳтимоли янада ортади. Шу сабабли микротўлқинли иситгичларда муздан туширилган маҳсулотларни шу заҳотиёқ пишириш талаб этилади.
Бешинчидан, тоза сув ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш. Ишлатилаётган ичимлик суви ва озиқ-овқат маҳсулотлари касаллик қўзғатувчи микроблар, паразитлар билан ифлосланган кимёвий моддалар билан зарарланган бўлиши мумкин. Шу сабабли ишлатилаётган ичимлик суви ва озиқ-овқат маҳсулотлари эпидемик ва радиация жиҳатидан хавфсиз, кимёвий таркиби жиҳатидан зарарсиз бўлиши керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, хавфсиз овқатланиш қоидаларига қатъий риоя этиш озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ касалликларни келиб чиқишининг олдини олишнинг энг муҳим талаблардан ҳисобланади. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш нафақат санитария-эпидемилогия хизматининг, балки маҳсулотларни етказиб бериш, тайёрлаш, ташиш ва реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи барча юридик ва жисмоний шахсларни, қолаверса ҳар бир фуқаронинг ҳам бурчидир.