АсосийSalomatlik

Мутахассис: электрон сигареталарнинг фойдаси ҳақидаги даъватлар никотинга қарамликни юзага келтиради

'Мутахассис: электрон сигареталарнинг фойдаси ҳақидаги даъватлар никотинга қарамликни юзага келтиради'ning rasmi

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё мамлакатларини электрон сигареталар тарқатилишини кескин чеклашга чақираётган бир пайтда айрим манфаатдор томонлар уларнинг оддий сигареталардан кўра хавфсизлиги ҳақида бонг урмоқда. Хўш, бу хулосалар қанчалик асосли? Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат ШУКУРОВ билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

— “Ҳар қандай электроника воситаси каби бундай мосламаларни ҳам доим тозалаб, деталларини вақтида алмаштириб ёки бураб туриш керак. Мунтазам техник текширувлар соғлиғингизни хавф-хатарлардан ҳимоя қилади”, деган гапларни ҳам эшитамиз, — дейди Ш. Шукуров. — Бу худди  заҳарли моддани эҳтиёт бўлиб истеъмол қилинг, дейишга ўхшайди.

Мунтазам техник текшувлар чекувчи соғлиғини никотин, канцероген, ароматизаторлар ёки бошқа наркотик моддалардан ҳимоя қилмайди. Тозаланган, техник текширилган электрон сигареталар таркибидаги айни шу суюқликлар соғлиққа зарар етказади.

Маълумотларга қараганда, 2019-2020 йиллар даврида электрон сигареталардан фойдаланиш оқибатида АҚШда 68 та ўлим ва 2807 та касалхонага ётқизиш ҳолати қайд этилган. Таркибида тақиқланган моддалар бўлмаган никотин суюқликларини истеъмол қилган ёшларда жиддий ўпка жароҳатлари кузатилган.  

Россияда икки киши (17 яшар йигит ва 20 яшар қиз) муайян қўшимчали суюқликлар билан тўлдирилган электрон сигареталар чекиши оқибатида реанимация бўлимига тушган.  

“Тутун қуюқлиги ва унинг миқдорига кўп афзаллик бермаслик керак. Жуда катта миқдордаги тутун организмда йўтал ҳосил қилади”.  

Аслида ҳар қандай турдаги электрон сигареталарни истеъмол қилиш ўпкага зарар етказади ва йўтал хуружини келтириб чиқариши мумкин.  

Электрон сигареталарни тарғиб қилувчи ахборотлар тамаки саноатининг никотинга қарам бўлган одамлар сонини оширишга қаратилган маркетинг стратегиясининг бир қисмидир.  

—  Тамаки саноати электрон сигареталарнинг соғлиққа зарари камроқлиги ёки хавфсизлиги, уларнинг чекишни ташлашга ёрдам берадиган самарага эгалиги ҳақидаги ёлғон ва чалғитувчи баёнотларни одамларни кўпроқ “никотин қармоғи”га илинтириш учун тарқади, — дейди мутахассис. — Яна шуни эслатиб ўтишни истардикки, ушбу турдаги хабарларни тарқатиш Ўзбекистон қонунчилигида тақиқланган.  

Маълумот учун, “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасида: “Чилим ва электрон сигареталар чекишни тарғиб қилиш, яъни чилим ва электрон сигареталарни чекишни рағбатлантирувчи, шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ва бадиий образларни очиқ ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган ҳаракатлар тақиқланади”, дейилган.

️Демак, ҳар қандай электрон сигареталарни чекишни тарғиб қилиш ва бундай материалларни ОАВда жойлаштириш қонунга зиддир.

    Бошқа янгиликлар