1

Бойнинг шартини бажарган хон ёхуд қимматга тушган сарой

МОЗИЙДАН САДО 28.12.2021, 17:01
Бойнинг шартини бажарган хон ёхуд қимматга тушган сарой

"Нуруллабой" саройи. Мамлакатимиздаги энг гўзал ва харами ўз ҳолича сақланиб қолган бу сарой Хива шаҳрида Ичан қалъанинг яқинида жойлашган. Мазкур мажмуани Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз қурдиришни бошлаган ва унинг ўғли Исфандиёрхон якунига етказган. 

ҚУРИЛИШ ТАРИХИ

Ичан қалъада аҳоли сонининг ошиши, иморатларнинг кўпайиши яшил ҳудуд — боғларнинг камайишига сабаб бўлади. Ёз жазирамасини қалъадан ташқаридаги баҳаво жойларда ўтказишни ният қилган Хива хони Муҳаммад Раҳимхон I ўз ўғиллари Маҳмуд ва Муҳаммад тўраларга шаҳарнинг ғарбий томонидан ҳовли-жойлар қурдирган. Ундан сўнг 1856 йилда тахтга ўтирган ўғли Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) бу уйларга яқин жойда бир кўринишхона қуришни вазири Ҳасанмурод Қушбегига топширган. Қурилиш XIX аср ўрталарида бошланиб, 1912 йилга қадар давом этган. “Нуруллабой” саройидаги сўнгги ўзгаришларни Муҳаммад Раҳимхон II нинг ўғли Исфандиёрхон амалга оширган, яъни маҳобатли қабуллар уйи — резиденцияни қурдирган.

НИМА УЧУН НОМИ “НУРУЛЛАБОЙ”?

Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) бу ҳашаматли саройни қуриш учун хивалик савдогар бой Нуруллабойдан боғини сотишни сўрайди. Нуруллабой эса аввалдан халқ ўртасида машҳур бўлиб келган “Нуруллабой боғи” номини ўзгартирмаслик шарти билан савдога рози бўлади. Шу келишув асосида “Нуруллабой” номи сақланиб қолади. 

САРОЙ ИЧИ

Баланд девор билан ўраб олинган сарой тўртта қисмдан иборат бўлиб, юздан зиёд хоналар, долон, қоровулхона, отхона, мулозимлар турадиган хоналар ва ҳарамдан (бешинчи ҳовли) иборат бўлган. Саройга жануб томонда қурилган махсус дарвоза орқали кирилган. Дарвоза ичкарисида хон маҳкамаси, шахсий қўриқчилар учун хоналар, девонхона бунёд қилинган. 

ХОН ҲАРАМИ

Барча мусулмон султонлар, подшоҳлар, амирлар-у хонларда бўлгани каби Хива хонининг ҳам ўз ҳарами бўлган. Муҳаммад Раҳимхон II ҳарамига ҳам хондан бошқа эркак кишининг кириши қатъий таъқиқланган. У ерда 100 дан ортиқ канизаклар ва сарой маликалари яшаган. Маликалар ва хоннинг севимли жориялари, асосан, ҳарамнинг юқори қаватларида, қолган канизаклар ва хизматчи аёллар пастки қаватда туришган. Ҳарамнинг пастки қаватидаги умумий ҳаммом ҳалигача ўз кўринишини сақлаб қолган. 

ХАЗИНАГА КАТТА ЗАРАР КЕЛТИРГАН ҚАБУЛХОНА

Айтишларича, Исфандиёрхон томонидан қурдирилган қабуллар уйи хонлик бюджетига яхшигина зарба бўлган. Унинг қурилиши учун хазинадан 70 минг тилло харажат қилинган. Резиденциянинг қурилиши Исфандиёрхон ва вазир Исломхўжа (улар қайнота-куёв бўлишган) ўртасида келишмовчилик пайдо бўлишига ҳам олиб келган. Вазирга қолса, қабуллар уйи ўрнига почта-телеграф, шифохона ва мактаб қурдирган бўларди. Аммо хоннинг қатъий фармонидан кейин шогирди Раҳимберган маҳрамни соҳибкор (қурилиш бошлиғи) қилиб тайинлайди ва иш бошлаб юборилади. Чет эллик (россиялик) меҳмонларни қабул қилиш мақсадида қурилган бу бино кейинги даврларда маориф уйи ва музей биноси сифатида фойдаланилган. 

НИМАСИ БИЛАН ЎЗГА ХОС?

Қабулхонадаги баланд эшиклар, катта рангдор ойналар, паркет поллар ва кошинкор печлар европа меъморлиги билан уйғунлашган. Ташқи томони силлиқ ғиштлар ва ферузаранг кошинлар билан шахмат тахтаси шаклида безатилган. Етти хонадан иборат резиденциянинг эшик, дераза ва паркет полларини немис усталари тузатишган. Қабулхона хоналарининг ички безаклари бир-биридан фарқ қилади. Ганчдан нақш ўйилган деворларга Ваисёз Маткаримов бошчилигида мой бўёқлар билан ранг берилган, дейилади манбаларда. Хон саройини қиш кунларида қиздирилиши учун Россиядан еттита чинни (фаянс) печка келтирилган. Бу печкалар якка плиткалардан иборат бўлиб, уларни рус усталари қуриб берган. 

ЯНА БИР ЯНГИЛИК...

Меҳмонхона учун электр қандиллар келтирилган. Улар катта ва оғир бўлганлиги сабабли сарой томига махсус ёғоч қурилмалар ўрнатилган. Ана шу пирамидасимон қурилмаларга қандиллар осиб қўйилган. Қандиллардаги электр лампочкаларни ёқиш учун эса Хивага ўн олти от кучига эга бўлган кичкина двигатель ҳам олиб келинган экан. 

ЧИПТА НАРХЛАРИ ҚАНДАЙ?

Саройга кириш учун чипта нархлари Ўзбекистон фуқароларига – 10 000 сўм, ёш болалар ва пенсионерларга – 5 000 сўм, хориж фуқароларига эса 50 000 сўмдан. Туристик мавсум бўлмаган куздан баҳоргача муддатда 20 % га чегирма қилиниши ҳам мумкин.

 

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1