АсосийSalomatlik

Арча – байрам безаги ва шифонинг кераги

'Арча – байрам безаги ва шифонинг кераги'ning rasmi

Ҳар йили янги йил байрамида арча безатамиз. Бу ажойиб дарахтнинг асл номи қарағай бўлиб, Россия ўрмонларидан олиб келиб Ўзбекистон шароитига мослаштирилган. Арча байрамда хонадонимизга кўрк, ёқимли ифор бағишлашини биламиз, аммо унинг халқ табобaтида кўплаб касалликларга шифо бўлишидан хабарингиз борми? Агар билсангиз, унинг нафақат игнали барглари, балки ғуддалари, уруғи ва пўстлоғи ҳам ноёб хусусиятларга эга бўлиб, халқ табобатида минг дардга даво ўсимлик ҳисобланади.

Эксперт: Зулфизар ҚАҲҲОРОВА, табиб ва шифокор:

  • Арча барглари тиндирмаси пешоб ҳайдаш тизими ишини фаоллаштиради.
  • Барглари ва пўстлоғи таркибидаги эфир мойли бирикмалар вирусларга қарши курашиш ва бактерияларни нобуд қилиш хусусиятига эга.
  • Арча таркибидаги эфир мойлари ароматерапияда кенг қўлланилади. Яъни тумовда, бурун битишида, ҳид билиш қобилиятини тиклашда жуда фойдали. Шунингдек, иммунитетни ошириб, юқори нафас йўллари шамоллашидан асрайди.
  • Арча мойи зўриқишни бартараф қилади, асабийликни даволайди, терининг ҳимоя тизимини кучайтиради.
  • Шунингдек организм тонусини оширади, хонада шохчалари сувга солиб қўйилса, кислородни кўпайтиришга, микроорганизмларни ва электромагнит нурланиш даражасини камайтиришга ҳисса қўшади.
  • Ревматизмда қарағай игнабарглари тиндирмаси яхши фойда беради.
  • Милклар қонашида янги узилган арча шохчалари, ғуддалари қайнатмаси билан оғиз ғарғара қилинса, шифо бўлади. Бу муолажа ёрдамида оғиздаги инфекциялардан халос бўлиб, яллиғланишларни даволаш мумкин.
  • Арча мумидан (смола) чипқонни даволашда кенг қўлланиладиган суртма тайёрланади.
  • Арча шохчалари ва баргларини солиб иссиқ ванна қилинса, бел оғриғи (радикулит)ни даволашда яхши наф беради.
  • Бронхит ва астмада арча муми қўшилган буғли ингаляциядан нафас олиш ёрдамида даволаниш мумкин.

Игнабаргли дамлама

Бунинг учун қарағай шохчасини майдалаймиз, болғача ёрдамида эзамиз. Бир ош қошиқ игнабаргларни бир стакан қайноқ сувда дамлаймиз. Уни 30 дақиқа паст оловда қайнатамиз. Сўнг иссиқ қилиб ўраб, 3 соатча тиндириб қўямиз.Даволаниш курси муддати — 1 ҳафта, ҳар куни 100 мл.дан истеъмол қилинади. Бу витаминли ичимлик умумий танани қувватлантиришга, қонни тоозалашга ва суюлтиришга ҳам фойда беради.

Ғуддасидан тиндирмаси

Бронхитда. Арча ғуддаларидан жуда шифобахш тиндирма тайёрлаш учун яшил ғуддалари узиб олиб, майдаланади ва устидан 1:5 нисбатда қайноқ сув қуйилади. Кейин бу аралашма 30-40 дақиқа қайнатилиб, 15 дақиқа тиндирилади. Сўнг дока ёрдамида сизиб олинади. Ўзига хос таъм ва ҳидга эга жигарранг суюқлик ҳосил бўлади. Уни салқин ва қоронғи жойда 3 кун сақлаш керак. Бу малҳамни ингаляция қилишда қўллаш яхши самара беради. Катта кишиларга бу тиндирма ёрдамида ингаляция қилиш учун буғлашга мўлжалланган сувга 20 мл. қўшиш тавсия этилади. 

Иммунитетни кўтаришда. Бу мақсадда қўлланиш учун арча ғуддаларига 1:10 нисбатда иссиқ сув қуйилади. Унга бир неча бўлак лимон ҳам қўшилади ва 30 дақиқа қайнатилади. 3 соат тиндириб қўйилади. Кейин иммунитетни кучайтириш учун 5 кун эрталаб ярим стакандан овқатдан олдин ичилади.

Малҳам тайёрлаймиз

Пневмония ва ревматизмда малҳам тайёрлаш учун 0,5 л. спиртнинг 40 фоизли эритмасига 3 ош қошиқ игнабарглар ва арча уруғларидан солиб аралаштирилади. Банканинг қопқоғи зичлаб ёпилиб, камида 14 кун қоронғида тиндириб қўйилади. Бу вақт давомида аралашмали идиш чайқатиб турилади. Сўнг докадан ўтказилиб, овқатдан 30 дақиқа олдин бир ош қошиқдан кунига 3 марта қабул қилинади.

Чарчоққа қарши 

Арчанинг игналарини бир ой мобайнида кун давомида чайнаб юрсангиз, кучингизга куч қўшиб, иммунитетни мастаҳкамлашга хизмат қилади. Ёки 2 ош қошиқ игнабаргларидан олиб, 1 стакан қайноқ сувда 20 дақиқа қайнатинг ва таъбга кўра шакар солинг. Бу ичимликни учга бўлиб, 1 кунда 3 маҳал қабул қилиш мумкин. 

                                                                                                         Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар