АсосийJamiyat

2030 йилгача мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичини 50 фоизга етказиш режалаштирилмоқда

'2030 йилгача мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичини 50 фоизга етказиш режалаштирилмоқда'ning rasmi

Кейинги пайтларда Ўзбекистонда олий таълимни ривожлантириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада кенг кўламли ислоҳотлар бошланиб, соҳада жиддий ўзгаришлар содир бўлмоқда.

Аввало, бу соҳани молиявий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратила бошланди. Жумладан, 2016 йилда давлат бюджетидан таълим соҳасига ажратиладиган маблағ ижтимоий соҳага ажратиладиган харажатларнинг 6,8 фоизини ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 4 бараварга оширилиб, давлат бюджетидан ижтимоий соҳаларга, хусусан, таълим соҳаси харажатларига 34,6 трлн. сўм, фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,2 трлн. сўм йўналтирилди. Бундан ташқари, давлат дастурлари орқали эса узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш дастурлари учун 2 197 млрд. сўм, фанни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун 168 млрд. сўм маблағ ажратилди. Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 28 фоизга кўтарилди. 2030 йилда эса 50 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, давлат грантлари 2 баробарга кўпайтириш мўлжалланган.

Олий таълимнинг ривожланиш кўрсаткичи таълим муассасаларининг халқаро рейтингларда эътироф этилиши билан белгиланади. Бу борада ҳам аниқ режалар белгиланган бўлиб, 2024 йилгача камида 2 та олий ўқув юртини дунёдаги кучли 1000 талик университетлари қаторидан ўрин олишга эришиш ҳисобланади. Бу борада ҳам натижалар бўй кўрсата бошлади. Жумладан, 2021 йилда QS рейтинг компаниясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари университетлари рейтингида Ўзбекистоннинг 4 та ОТМси (Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти 251-300 ўрин, Ўзбекистон миллий университети 351-400 ўрин, Самарқанд давлат университети 351-400 ўрин, Тошкент давлат техника университети 351-400 ўрин) киритилди. Ёки Британиянинг Times Higher Education нашри жаҳон университетлари рейтингининг янги нашрида биринчи марта янги турдаги "мухбир" мақомига эга 450 та университетни белгилаб, улар ичида Ўзбекистоннинг 10 та олий ўқув юрти (ЎзМУ, ТДЮУ, ТМИ, ТИҚХММИ, ТТА, ТПТИ, ТФИ, ТДИУ, Турин ПУ, УрДУ)ни киритди.

Олий таълим тизимидаги талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси масаласида ҳам ижобий ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, талабаларнинг энг оғриқли муаммоларидан бири – талабалар турар-жойларининг етишмаслиги масаласи ҳисобланади. Дунёнинг ривожланган давлатларида бу кўрсаткич 90 фоиз атрофида бўлса, бизда 2020 йилда 15 фоиз атрофида бўлган. Ана шундан келиб чиқиб, талабаларни турар-жой билан таъминлаш борасида режалар ишлаб чиқилиб, 2021-2022 ўқув йилида умумий талабаларни турар-жой билан қамрови 20 фоиздан оширишга эришилди. Шу ўқув йилидан бошлаб ижарада турадиган талабаларга давлат томонидан қўшимча ҳақ тўлаш амалиёти жорий қилинди. Ҳукумат қарорига кўра, республика бўйича 2025 йилгача 228 та талабалар турар-жойи барпо этилиши, шундан ҳудудларда 2022 йилда 47 та, 2023 йилда 67 та, 2024 йилда 62 та, 2025 йилда 52 та талабалар турар-жойининг қурилиши белгиланди. Шу билан бирга, муаммонинг ечимида хусусий секторни ҳам жалб қилиш уларга тегишли имтиёзлар асосида талабалар турар-жойлари қуришга имконият яратилмоқда.

Талабалар учун контракт маблағларини кварталларга бўлиб тўлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш, таълимда танлов ҳуқуқи киритилди. Аудитория соатлари камайиб, ҳатто кўплаб институтларда 5 кунлик ўқиш тизимига ўтилди.

Ёки олий таълим тизимида фаолият юритувчи профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошлари 2016 йилдан 2021 йилгача 3.3 бараварга оширилди. Илмий даражаси ва илмий тадқиқотларининг самарадорлигидан келиб чиқиб, PhD илмий даражалиларга ойлик маошига 30 фоизгача устама ҳақ (DSc) илмий даражалиларга 60 фоизгача ойлик устама белгилаш амалиёти йўлга қўйилди. Жамиятда ўқитувчилик мақомини кўтариш мақсадида уларни турли қўшимча ишларга жалб қилишга барҳам берилди. Бугунги кунда ўқитувчилар қишлоқ хўжвлиги ишлари(пахта терими)га жалб этилмаяпти.

Олий таълим ривожланишининг асосий мезонларидан бири соғлом рақобат муҳитининг мавжудлиги ҳисобланади. Бу борада дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, давлат таълим муассасларига муқобил равишда нодавлат таълим муассасаларининг шаклланиши рақобатни таъминлайди. Ана шундан келиб чиқиб, бу борада 2018 йилдан унинг ҳуқуқий асослари яратилиб, 2019 йилдан нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этила бошланган бўлса, 2020 йилда уларнинг сони 10 тага етди. Айни вақтда юртимизда 19 та нодавлат олий таълим муассасалари фаолият юритиб, таълим сифати бўйича давлат олий таълим муассасалари билан беллаша бошлади.

Хуллас олий таълимдаги ислоҳотлар ўзининг самарасини бера бошлади. Шунга қарамай, биз бу борада катта марраларни забт этишимиз, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг илм-фан ва таълим бўйича хаби айланиш муҳим. Бунинг учун эса таълим ва тайёрланаётган кадр сифатига эътибор қаратишимиз, илғор тажрибалардан самарали фойдаланишимиз мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

 

Ойбек СИРОЖОВ,

сиёсий фанлар доктори, профессор,

Тошкент кимё-технология институтининг

Ижтимоий-сиёсий фанлар кафедраси мудири

    Бошқа янгиликлар