АсосийJamiyat

Сентябрь ойига қадар АҚШ Ўзбекистонга 5 миллион доза вакцина етказиб беради

'Сентябрь ойига қадар АҚШ Ўзбекистонга 5 миллион доза вакцина етказиб беради'ning rasmi

Соғлиқни сақлаш вазирлигида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси ҳамда АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

ССВ хабарига кўра, мулоқот аввалида давлатлар ўртасида тиббиёт соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани, шунингдек, Ўзбекистон томони АҚШнинг коронавирус пандемияси даврида кўрсатаётган амалий кўмагидан миннатдор эканлиги қайд этилган.

Жумладан, CОVID-19га қарши кураш учун CОVАХ дастури бўйича 5 миллион дозадан зиёд “Moderna” ва “Pfizer” вакциналари тақдим этилгани аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этгани айтилади.

АҚШ вакилларининг таъкидлашича, жорий йилнинг сентябрь ойига қадар Ўзбекистонга яна 5 миллион доза ана шундай вакциналар етказиб берилиши режалаштирилган.

Учрашувда келгусида тиббий таълимни ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириш, инфекцион касалликларнинг олдини олиш, жумладан, гриппга қарши вакциналарни етказиб бериш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилган.

Шу жумладан, Ўзбекистон тиббиёт тизимининг турли фавқулодда ҳолатларда тезкор ва сифатли фаолият юритишини таъминлаш мақсадда кўчма шифохоналар ташкил этиш, мобиль шошилинч тиббий ёрдам тизимини шакллантириш, шунингдек, фармацевтика саноатини ривожлантириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

    Бошқа янгиликлар