Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган янги Қонун давлат органлари томонидан фуқароларга ва тадбиркорларга нисбатан қарор қабул қилишнинг ягона ҳуқуқий стандартларини белгилайди ҳамда маъмурий жараёнларни бирхиллаштиришга хизмат қилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Қонун маъмурий актларни қабул қилиш, ўзгартириш, ижро этиш ва бекор қилишга қаратилган маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Қонун янги норма ва механизмлар билан бойитилди. Хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида лойиҳада мансабдор шахсларга ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишни тақиқлаш, қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган ҳуқуқни қўллашнинг рад этилишига йўл қўймаслик, ваколатни суиистеъмол қилмаслик каби янги принциплар киритилмоқда.
Фуқаро манфаатига салбий таъсир кўрсатадиган қарор қабул қилинадиган бўлса, ушбу қарор қабул қилинишидан олдин фуқаро(лар)нинг фикри эшитилиши шартлиги белгиланди.
Маъмурий органлар ноқонуний маъмурий актлар билан манфаатдор шахсларга етказилган зарар учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши ўрнатилмоқда.
Фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида маъмурий шикоят бўйича қарор уни берган манфаатдор шахснинг аҳволини шикоят қилинган маъмурий актга нисбатан ёмонлаштириши мумкин эмаслиги белгиланди.
Ишончнинг ҳимоя қилиниши принципи кучайтирилди. Яъни, маъмурий орган томонидан йўл қўйилган хато аҳоли учун номақбул оқибатларни келтириб чиқармаслиги кераклиги каби муҳим нормалар ва уларнинг механизмлари белгиланди.
Шикоятни кўриб чиқиш натижасида қабул қилинадиган қарор уни берган манфаатдор шахснинг аҳволини шикоят қилинган маъмурий актга нисбатан ёмонлаштириши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
Қонун фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат органлари ходимларининг ҳуқуққа хилоф ҳаракатларидан ҳимоя қилишга, маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона ва шаффоф механизми яратилишига олиб келади.






