Кўпчилик машина ҳайдаш эркак кишига ярашади, дейди. Аммо бугунги кунда машина аёллар учун ҳам яхши ҳамроҳ, янаям аниқроғи, катта ёрдамчига айланган. Аёлларимиз ҳам техника тилини тушуниб, барча қонун-қоидаларга амал қилиб рулни бошқаришяпти. Қолаверса, машина бошқаришни бошқаларга ўргатаётган хонимлар ҳам бор. "Даракчи" мухбири Мафтуна ЖЎРАЕВА узоқ йиллардан бери инструкторлик қилиб келаётган Нилуфар Файзиева билан суҳбатлашди.
Нилуфар Файзиеванинг бу соҳани танлашига устози раҳматли Комил ака сабаб бўлган. У 2006 йилда ҳайдовчилик гувоҳномасини олгач устозининг таклифи билан автомактабда ишда қолган. 2014 йилда туманда ягона аёл инструктори бўлган.
Унинг таъкидлашича, ҳар бир инсон машинага ўтирдими, у ҳайдовчи.
- Аёл ёки эркак ҳайдовчи деган тушунча хато, тажрибали ва тажрибасиз ҳайдовчилар бўлади. Тўғри, кўпчилик эркаклар рул бошқарувида аёл кишини кўрса, жиғига теккиси келиб атайлаб йўл бермайди ёки сиқиб ўтиб кетади. Бундай эркакларни ўзини ўзи ҳурмат қилмайдиган дейиш мумкин. Керак бўлса, эркак кишилардан ҳам машинани яхши бошқара оладиган аёллар жуда кўп. Ҳатто статистикада ҳам кўпроқ аёллар қоидаларга амал қилиниши келтириб ўтилган. Одамда аввало машина ҳайдаш маданияти бўлиш керак. Шундагина йўлларимизда автоҳалокатлар камроқ бўлади.
Хатоларга келсак, машинани ёмон бошқарадиганлар орасида эркаклар ҳам, аёллар ҳам бор. Лекин аёлларники дарров билинади. Чунки аёл ҳайдовчилар сони камроқ, Ўзбекистонда тахминан эркак ҳайдовчилар 70 фоизни ташкил қилса, аёллар 30 фоиз атрофида. Балки, шунинг учун ҳам аёлларнинг кичик хатоси кўзга тез ташланар?
Н.Файзиева "рул"даги аёлларга ўз тавсияларини берди:
— Аввало, ҳеч қачон қўрқмасликлари керак. Шунда машинани эркин бошқариш имконияти бўлади. Аёл кишими, эркак кишими, энди ўрганаётганми ёки анча йиллик ўрганувчими фарқи йўқ, қўрқмаслик керак. Агар ўзлари қўрқувни енгмасалар, қўрқув уларни енгиб қўяди. Яна бир нарсани айтишим керак, машина бошқараётганда фақат бир томонлама қараш керакмас, ҳамма нарсага эътиборли бўлиш лозим. Шундагина яхши ҳайдовчи бўлиш мумкин. Машина бошқариш жудаям осон иш, аммо қоидаларга амал қилиб синчковлик билан бошқариш қийин.