1

Дунё динлари тарихи — назария нима дейди? (фото)

МОЗИЙДАН САДО 09.03.2022, 19:59
Дунё динлари тарихи — назария нима дейди? (фото)

Маълумотларга кўра, дунёда 10 мингдан ортиқ дин мавжуд. Салкам 8 миллиардни ташкил этувчи жаҳон аҳолисининг этник таркибига назар солсак, икки мингга яқин миллат ва элатдан иборат эканига гувоҳ бўламиз. Қизиқ миллатлар сонидан ҳам кўп бўлган динлар қандай юзага келган. Бу борада назарияда қандай фактлар ва тарихий маълумотлар бор. Ушбу мақолада шу хусусда олиб борган изланишларимизни жамладик.

Фанда динларнинг шаклланиши тарихига оид икки хил қараш мавжуд. Биринчи қарашга кўра диннинг пайдо бўлиши бевосита инсониятнинг яралиши билан боғлиқ. “Теологик ёндашув” яъни биринчи қарашга кўра, Худо илк инсонларни яратиши билан уларга Ўзини танитган, натижада инсон илк динга эътиқод қила бошлаган. Бугун мавжуд бўлган ҳар қандай дин ўзининг тарихини инсоният яралиши – илк инсон билан боғлашини кўришимиз мумкин. Жумладан, ислом динида – Одам ва Ҳавво, яҳудийлик ва христианликда – Адам ва Ева, зардуштийликда – Говмард ва бошқалар. Мазкур таълимотлар динларнинг муқаддас манбаларида баён қилинган.

Теологик ёндашувга кўра, турли буюмларга сиғиниш ва кўпхудолик, жумладан анимизм, тотемизм, фетишизм ва шомонлик яккахудолиликдан кейин юзага келган. (1-расм)

Что это - фетишизм? Процесс формирования, признаки и особенности
1. Фетишизмга эътиқод қилувчиларнинг маъбудлари

Динларнинг келиб чиқиши ҳақидаги иккинчи қараш фанда “материалистик ёндашув” деб номланади. Мазкур қарашларнинг пайдо бўлиши антик даврга бориб тақалиб, илк бор қадимги юнон файласуфлари қарашларида акс этган. XVII асрга келиб Европада черков ҳокимиятининг сусая бошлаши, ҳурфикрлилик намояндалари – дин танқидчиларининг пайдо бўлиши, XIX асрнинг иккинчи ярмида Чарльз Дарвин томонидан “Турларнинг келиб чиқиши” (1859) номли асарнинг чоп этилиши ҳам туртки бўлди. Қатор олимларнинг фикрига кўра дин бу ижтимоий ҳодиса, инсон тафаккури, эмоциялари маҳсулидир. Мазкур қараш тарафдорлари динлар соддадан – мураккабга, умумийликдан – хусусийликка, кўпхудоликдан – яккахудоликка томон узоқ тарихий эволюцион жараённи босиб ўтган деб ҳисоблашади.

Материалистик қараш қўрқув динларнинг келиб чиқишида асосий роль ўйнаган ҳиссий ҳолат эканини илгари суради. Жумладан, инглиз файласуфи Герберт Спенсер (1820–1903) ҳам ибтидоий қабила динларининг келиб чиқишига қўрқув натижасида “аждодларга сиғиниш” сабаб бўлганлигини таъкидлайди. Спенсер ижтимоий ҳисоб–китобларга суянган ҳолда, ҳаёт қўрқувининг динлардаги ўрнига алоҳида деган назарияни илгари сурган. 

Рақамларга мурожаат қилсак, бугун энг кўп тарафдорларга эга динлар 5 та бўлиб, улар Ислом, Христианлик, Яҳудийлик, Буддавийлик, Ҳиндуизм саналади. Диний эътиқод мавзуси шахсий ва эркин танловга асосланган ҳуқуқ бўлишига қарамай, бу борада турли-туман статистикалар эълон қилиб борилади. Ўтган 2021 йилги рақамларга кўра, христианлик энг кўп тарқалган дин бўлиб, унга дунё бўйича 2,38 миллиард киши эътиқод қилади. Ислом динига эътиқод қилувчилар сони эса бугунги кунда 1,91 миллиардни ташкил этмоқда. Ҳиндуийликка сиғинувчилар сони эса 1,16 миллиардга тенг. Бу дин тарқалиш даражаси бўйича жаҳонда учинчи ўринда. Буддизмга эса эса 507 миллион киши эътиқод қилади. Навбатдаги энг кенг ёйилган дин яҳудийлик бўлиб, унга эътиқод қилувчилар сони 14,6 миллион кишини ташкил этади. Келинг, энди энг оммалашган ушбу беш диннинг пайдо бўлиш тарихига назар солсак. 

1. Демак, издошлари сони бўйича дунёда биринчи ўринда турадиган Христианлик (юнонча christos – «муқаддас ёғ суртилган», «халоскор») милоднинг I асрида Фаластинда юзага келган. Христианлик таълимотининг пайдо бўлиши Исо Масиҳ шахси билан боғлиқ. Исо шахси ҳақидаги мунозаралар фанда мифологик ва тарихий мактабларнинг пайдо бўлишига олиб келган. Мифологик мактаб вакиллари Исони тўқима образ сифатида билишса, тарихий мактаб тарафдорлари унинг реал шахс бўлганига ишонч билдиришади.

311 йилда христианлик дин сифатида расмий равишда тан олинди. Шу асрнинг охирида, император Константин даврида христианлик давлат муҳофазасини адо этувчи ва унга раҳнамолик қилувчи давлат динига айланди. 

2. “Библия” китоби

Христианликнинг муқаддас манбаси “Қадимги Аҳд” ва “Янги Аҳд” деб номланувчи икки бўлимдан таркиб топган “Библия” (юнонча – “китоблар”) китоби ҳисобланади. (2-расм)

1054 йилда христианлик дини доирасида илк йирик бўлиниш рўй бериб, натижада православ (Шарқий христианлик) ва католик (Ғарбий христианлик) черковлари юзага келди.

Православлик тарихан христианликнинг шарқий йўналиши сифатида шаклланди. Номланиши юнонча “orthodoxia” – “тўғри эътиқод” тушунчасининг рус тилига таржимасидан – Православлик сўзидан келиб чиққан.

Католиклик христианлик динининг энг йирик йўналиши ҳисобланади. “Католик” сўзи бутун жаҳон, бутун дунё (умумий, дунёвий) деган маънога эга. 

2. Ислом дини энг кенг тарқалган навбатдаги дин бўлиб, бу сўзнинг араб тилидаги луғавий маъноси – таслим бўлиш, бўйсуниш маъноларини беради. Ислом дини таълимоти бўйича Муҳаммад пайғамбар (а.с.) аввалги пайғамбарлар ишини давом эттирган, улар динини қайта тиклаган, Қиёмат олдидан юборилган охирги пайғамбар (Хотам ал–анбийо) – набий ва расул деб тан олинади.

Ислом дини VII асрда Ҳижоз (Ғарбий Арабистон)да пайдо бўлган. Ислом динининг пайдо бўлиши хусусида Ислом манбаларига асосланган диний анъанада у илоҳий ҳодиса, инсонларни тўғри йўлга солиш учун Аллоҳ таоло томонидан юборилган охирги таълимот деб ҳисобланади. Ислом талқинида дастлаб яҳудий ва христианлар ҳам айнан мусулмонлар эътиқод қилган Худога ишонганлар.

Что говорят Коран и наука о боли? | islam.ru
3. Қуръони карим — Ислом динининг муқаддас китоби

Қуръони карим Ислом динининг муқаддас китоби ҳисобланади. (3-расм) 

Мазкур китобнинг бир неча номлари бўлиб, улардан “Қуръон” (арабча – ўқиш), “Фурқон” (фарқловчи), “ал–Китоб” номлари машҳур. Қуръон 114 та сура, 6236 оятдан иборат. Сура Қуръондан бир бўлак бўлиб, энг ками учта, энг кўпи 286 оятни ўз ичига олади.

Қуръондаги суралар ўз мазмунига ёки нозил бўлган вақтига, яъни хронологик тартибига қараб эмас, балки Муҳаммад (с.а.в.) белгилаб берган тартиб асосида пайғамбар вафотидан кейин жамлаб ёзилган.

3. Яҳудийлик дунёдаги энг қадимий миллий динлардан бири бўлиб, тахминан милоддан аввалги иккинчи минг йилликда Мисрда пайдо бўлган. Яҳудийлик ягона Худога, муқаддас китобга ва пайғамбарларга имон келтирилиши билан миллий динлардан, миллийлаштирилиши билан эса, илоҳий динлардан ажралиб туради. Яҳудийликда динийлик ва миллийлик ўзаро бирлашиб кетган бўлиб, уларни бир–биридан алоҳида тушуниш мумкин эмас. Яҳудийлик дини вакиллари тарихий ва адабий – бадиий манбаларда “яҳудий”, “иброний” ва “исроил ўғиллари” каби номлар билан тилга олинади.

4. Таврот — Яҳудийликнинг муқаддас китоби

“Танаҳ” ва “Талмуд” Яҳудийликнинг муқаддас китоблари ҳисобланади. “Танаҳ” китоби “Тора” (“Таврот”), “Навиим” (“Пайғамбарлар”) ва “Кетувим” (“Китоблар”) каби уч бўлимдан ташкил топган. “Танаҳ” номи эса, ана шу уч бўлимнинг ибронийча бош ҳарфларининг қўшилишидан ҳосил бўлган. (4-расм)

4. Ҳиндуийлик атамаси “Ҳинд дарёси атрофида яшовчи” маъносини билдирувчи форс сўзидан келиб чиққан бўлиб, ғарб олимлари минтақа халқининг динини ифодалаш учун уни ишлатганлар. Ҳиндлар эса ўз динларини “Санатана Дхарма” – азалий–абадий дин, дея номлайдилар. Мазкур дин, асосан Ҳиндистонда тарқалган бўлиб, мамлакат аҳолисининг 83 фоизи унга эътиқод қилади.

5. Ҳиндуизм динининг илоҳлари ҳайкали

Ҳиндуийликда тотемистик унсурлар ёрқин намоён бўлиб, бу, асосан, сигир, маймун, илон каби хайвонларнинг илоҳийлаштирилишида намоён бўлади. Ҳиндуийликнинг ақидавий, маросимий ва рамзий соҳалардаги жуда ҳам мураккаб тизими унга эътиқод қилувчиларнинг турлича талқинида яна ҳам мураккаблашиб кетади. (5-расм)

5. Диний–фалсафий таълимот сифатида вужудга келган Буддавийлик бугунги кунда эътиқод қилувчилар сонига кўра, христианлик, ислом динидан кейинги ўринда турадиган жаҳон динларидан бири ҳисобланади.

Буддавийлик милоддан аввалги VI–V асрларда Шимолий Ҳиндистонда вужудга келган. Бу даврга келиб кўп худоликка асосланган ведачилик, брахманлик, жайнизм янги ижтимоий шароитга жавоб бера олмай қолган эди. 

Буддавийликнинг асосчиси Сиддҳартҳа (санскритча “эзгуликлар келтирувчи”) Гаутама Шакъямуни (мил. ав. 567–488 й.) реал тарихий шахс бўлиб, Ҳиндистон ва Непал чегарасидаги Капилаваста вилоятининг Шакъя қабиласи ҳукмдори оиласида туғилган. Манбаларда унинг от миниш, ов қилиш, югуриш, кураш, шеър ўқиш, ҳуснихат ва бошқа соҳаларда маҳоратли бўлгани, билимларни осон ўзлаштиргани учун донишмандлар унга сабоқ беришга ожиз қолганлари қайд этилади. (6-расм)

6. Будда ҳайкали. Япония

Умуминсоний ғояларнинг тарғиб этилиши ҳамда ҳар бир миллатнинг Будда таълимотини ўз тилида ўқиб–ўрганиши мумкинлиги буддавийликнинг турли ҳудудларга тарқалишига замин яратган. Милоднинг биринчи асрларида буддавийлик бутунлай бошқача тус олади. Будда илоҳийлаштирилиб, худо даражасига кўтарилади ва унга сиғинилади. Буддавий донишмандлар фикрича, ҳар бир инсон жуда кўп эзгу ва яхши ишлар қилиш орқали Буддага айланиши мумкин.

Буддавийлик қоидалари ва ахлоқий тамойилларини ўзида мужассам этган китоб “Типитака” ушбу диннинг муқаддас манбаси саналади. Ҳозирда “Типитака”нинг илк қўлёзма нусхаси Шри Ланка (Цейлон)да сақланади.

Юқорида дунё халқлари орасида энг кенг тарқалган беш диннинг келиб чиқиш тарихига оид бўлган назарий маълумотларни жамладик. Таъкидлаш лозимки, ушбу динларнинг туб моҳиятида эзгулик ва инсонийлик ғоялари улуғланади. Шундай экан, динимиз, миллатимиз ва ирқимиздан қатъий назар эзгу қадриятларни, инсонийликни унутмайлик.

Рисолат МАХСИМОВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1