1

Тушда аён бўлган ҳикмат

МУТОЛАА 17.06.2016, 13:22
Тушда аён бўлган ҳикмат

Сирли ҳодисалар, ажабтовур воқеалар ҳаммамиз учун қизиқ. Шу билан бирга уларнинг моҳиятини тушунишга, сабабини билишга бўлган иштиёқимиз борлиги ҳам сир эмас. Наманганлик мухлисамиз Дилдорахон Раҳимова ўз ҳаётида бўлган ана шундай воқеаларни таҳлил қилишга уриниб, бизга мактуб йўллабди...

“Ҳар инсон уйқуга кетганида туш кўради. Мен ҳам кўзим илинишини билан ранг-баранг ҳодисалар оламига шўнғийман. Яъни, тинимсиз туш кўраман. Эътиборли томони шундаки, ҳар бир кўрган тушим менга келажакда содир бўлиши кутилаётган нималардир ҳақида сўзлайди. Бундан баъзан ҳайратга тушаман, гоҳида ваҳима ҳам босади. Келинг, сизга ана шундай воқеалардан бирини гапириб берай...

Кичик овсинимнинг  тўртта қизчаси бор. Албатта, ўғил фазанд кўришни шунчалар истардики, ўтириб қолсак ҳасрати шундан бошланарди. Тўртинчиси ҳали бир ёшга тўлмаган, шунинг учун яна фарзанд кўришни режа ҳам қилаётгани йўқ. Буни барчамиз яхши билардик. 

Ана шундай кунларнинг бирида тушимга бир болакай кирибди. Икки-уч ёшлар оралиғидаги ўғил бола. Овсиним яшайдиган уйнинг дарвозаси олдида йиғлаб турганмиш. Овсиним уни “Уйга кирма, керагинг йўқ”, деб ҳайдар, бола эса чирилаб йиғлаб оёқларига ёпишармиш. Ҳалиги болакайнинг кўзи менга тушиб ёнимга югуриб келибди.

—  Кираман, кираман, — деб уйни кўрсатиб, менга қараб  ҳам йиғлармиш.

Раҳмим келиб, овсинимга “уйга киритинг”, дебман.

—  Тўрт бола билан эсим оғай деяпти, бу кирса ҳамма жойни ағдар-тўнтар қилади-ю! — дермиш.

—  Бўлмаса бизникига юрақол, — дебман болачага.

У эса рози бўлмабди.

Ишонасизми, шу тушни икки кунча ҳатто кундузи кўзим илинганида ҳам кўрдим. Аввалига парво қилмадим. Аммо такрор кўравергач, ўйланиб қолдим. Албатта, таъбир қилишга чўчирдим. Тахминим тўғри чиқишига қараб иш қиламан, дея овсинимга қўнғироқ қилдим. 

—  Мабодо, бўйингизда йўқми? — сўрадим ундан.

—   Йўғ-а, чақалоғим бор-ку, — деди у.

—  Ғалати тушлар кўряпман. Менимча, сиз яқинда ҳомиладор бўласиз. Ўғил бўлади. Лекин туғишни истамайсиз. Чунки тушимда ўғлингизни кўряпман. “Уйга кираман”, деб роса йиғлаяпти, сиз киритмаяпсиз...

—  Вой, ростданми? — овсинимнинг овози титраб кетди. — Тўғрисини айтсам, чиндан ҳам ҳомиладорман. Олдириб ташламоқчи бўлиб юрибман. Туғишни истамаганим учун ҳам сизга “йўқ”, дегандим. Унда нима қилай? Ростдан ҳам ўғилмикан?

—  Билмасам. Ҳаммаси Худога аён. Лекин мен тушимда ўғил болачани кўряпман.

—  Туғсаммикан, ё? — иккиланди овсиним. Кейин эса қатъи қарорга келди: — Туғаман. Ахир сиз ҳомиладорлигимни айтмасам ҳам билдингиз-ку, бунда ҳам бир ҳикмат бордир?

Ишонасизми, шу овсиним вақт ўтиб ростдан ҳам ўғилчали бўлди. Иккаламиз ҳам қотиб қолдик.

Бу каби воқеалар ҳаётимда кўп содир бўляпти. Яқинда, қишнинг қорли кунларида ҳам туш кўрибман. Укамнинг уйида меҳмон бўлиб ўтирган эмишман. Раҳматли отам тирик, дастурхоннинг тўрида ўтирганмиш. Дастурхон эса тўла нон эмиш. Бир пайт бир қора қарға деразадан кириб, энг катта нонни олиб кетмоқчи бўлибди. Шунда тўрда ўтирган отам қўлидаги ҳассаси билан нуқиб, қарғани чўчитибди ва нонни олиб қолибди. 

Мен ўзимча, “Укамнинг хонадонига барака, ризқ-рўз келади ва у умрбоқий бўлади, ҳеч ким тўсиқ бўлолмайди”, деб таъбирладим. Хавотирга ҳам тушмадим. Аммо, эртасига шундай воқеа эшитдимки, нақ юрагим чиқиб кетаёзди.

—  Опа, — деди келиним ҳовлиқиб. — Укангизнинг машинаси қорда сирпаниб, думалаб кетганмиш. Ҳозиргина кўрганлар айтди. Тез юринг, мен боряпман.

Ичимдан нимадир узилгандек бўлди. Йўлда минг хаёлда кетаётганимда бирдан лоп этиб эсимда тушим келди. Ишонасизми, бирдан хотиржам тортдим ва келинимга қўнғироқ қилдим:

—  Хавотир олма, эрингга ҳеч нарса қилгани йўқ!

Етиб борганимизда ростдан ҳам укамнинг етти мучаси соғ, машинасини одамлар ёрдамида ўнглаб ҳам олган экан.

—  Худо бир асради, ҳеч нарса қилмади. Бирор жойим шилинмади ҳам. Садақа бериб юбораман-е! — деди у бизни қарши оларкан.

Шунда менинг кўз ўнгимга қарға олиб кета олмаган нон келди. Ичимда дедим: “Ростдан ҳам Худо сени бир асради!”

КАМИНА оққа кўчирди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1