Куни кеча Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Қорадарё электр таъминоти корхонаси раҳбари электр энергияси истеъмолчиси томонидан пичоқланди.
"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Матбуот хизмати бу ҳақда хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, туманда фаолият юритувчи МЧЖ корхонаси электр энергиясидан 57 млн. сўмлик муддати ўтган қарздорлиги учун туман электр таъминоти корхонаси масъуллари томонидан ўчирилган.
Шундан сўнг, МЧЖ раҳбари Қорадарё электр таъминоти корхонаси раҳбари Пирхон Назаровдан электр энергиясидан қарздорлиги мавжуд бўлсада, тармоққа қайта улаб беришни талаб қилган. Корхона раҳбари, ўз навбатида, қарздорлик тўлиқ бартараф этилгач, истеъмолчи тармоққа қайта уланишини маълум қилган.
Корхона раҳбарининг асосли талабини бажаришни истамаган МЧЖ раҳбари келишмовчилик давомида ўзи билан ёнида олиб кирган пичоқ билан ўқталиб, туман электр таъминоти корхонаси раҳбарининг бўйин қисмига жароҳат етказади.
Маълум қилинишича, ҳозирда туман электр таъминоти корхонаси раҳбари шифохонага жойлаштирилган ва шифокорлар назоратида.
Айбланувчига нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида иш қўзғатилган ҳамда процессуал тартибда ушланиб, қамоққа олингани айтилмоқда.






