1

Хитой Халқ Республикаси Раисининг Ўзбекистонга давлат ташрифи бошланди

ЖАМИЯТ 22.06.2016, 10:48
Хитой Халқ Республикаси Раисининг Ўзбекистонга давлат ташрифи бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин 21 июнь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди. 

Икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кутиб олди. 

Қисқа мулоқотдан сўнг Хитой делегацияси Кўксарой мажмуида ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди. 

Хитой Халқ Республикаси Раиси давлат ташрифининг асосий тадбирлари 22 июнь куни бўлиб ўтади.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифини Бухоро шаҳрини зиёрат қилишдан бошлади. 

Бухоро Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган қадимий ва муқаддас шаҳарларидан. Бухорои шариф буюк алломалари, бетакрор тарихий обидалари билан халқимизни, мамлакатимизни бутун дунёга танитган. Дунё аҳли, жумладан, хитойликлар Тошкент, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларимиз қатори Бухоронинг ҳам жаҳонга машҳур меъморий ёдгорликлари билан танишишга ошиқади. 

Ўзбекистон билан Хитой ўртасида маданият, санъат, фан ва таълим йўналишларида яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Тошкент ва Самарқандда Конфуций институтининг ташкил этилгани, Хитой миллатлар марказий университетида ўзбек тили бўлими фаолият юритаётгани, Пекин хорижий тиллар университетида ўзбек тилини ўқитиш йўлга қўйилгани бу борадаги ҳамкорлик изчил ривожланаётганидан ҳамда Ўзбекистонда хитой тили ва адабиётига, Хитойда ўзбек тили, маданияти, урф-одатларига қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолатдир. 

Икки мамлакатнинг маданият ва санъат намояндалари Ўзбекистон ва Хитойда ўтказилаётган турли кўргазма ва маданий тадбирларда фаол иштирок этмоқда. 

Ўзбекистон билан Хитойнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлиги ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти Хитой халқаро туризм ярмаркаларида мунтазам намойиш этиб келинмоқда. 

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Арк қалъасини бориб кўрди. Мазкур қалъа аждодларимизнинг буюк даҳоси, мамлакатимиз илм-фанининг чуқур илдизларидан далолат беради. Олий мартабали меҳмонга ушбу обиданинг тарихи, юртимизда қадимий шаҳарсозлик, илм-фан ва ҳунармандлик ривожи ҳақида маълумот берилди. Си Цзиньпин бу муҳташам обида ўзбек халқининг бунёдкорлик салоҳияти, илм-фан ва маданият ривожига эътиборининг ёрқин намунаси эканини таъкидлади. 

Олий мартабали меҳмон Сомонийлар мақбарасини зиёрат қилди. Бу ёдгорлик ўз меъморий ечимига кўра бетакрор обидадир. Нафис меъморлик санъатининг юксак намунаси бўлган бу иншоот ўта аниқ симметрик ўлчамлар, ғоят мураккаб геометрик ҳисоб-китоблар асосида бунёд этилган. ХХР Раиси ушбу иншоот билан танишар экан, ана шундай мўъжизакор мақбарани барпо этган аждодларимиз даҳосига юксак баҳо берди. 

Хитой раҳбари Пойи Калон мажмуида бўлди. Истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий маданий ва маънавий қадриятларимизни, тарихий обидаларни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1997 йилда Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан мазкур мажмуа тубдан таъмирланди. Масжиди Калон, Минораи Калон ва Мир Араб мадрасасидан иборат бу меъморий ансамбль олий мартабали меҳмонда катта таассурот қолдирди. 

Си Цзиньпин Бухоро ипак гиламлари кўргазмалар залида қўли гул ҳунармандларимиз тўқиган ноёб буюмларни кўздан кечирди. 

Олий мартабали меҳмон қадимий ва навқирон Бухоро шаҳрини кўриш бахтига муяссар бўлганидан мамнунлигини билдирди. Бухоронинг тарихий обидалари ўзбек халқининг бой маданий мероси, мумтоз меъморлик санъатининг юксак намунаси эканини эътироф этиб, истиқлол йилларида амалга оширилган бетимсол бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига юқори баҳо берди. 

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1