1

"Амаки, қаранг, бизни киритишмаяпти". Чироқ устасининг Президентга айтган бир оғиз гапи билан катта саҳнага кирган Севара Турсунова (видео)

ЖАМИЯТ 30.04.2022, 16:38
"Амаки, қаранг, бизни киритишмаяпти". Чироқ устасининг Президентга айтган бир оғиз гапи билан катта саҳнага кирган Севара Турсунова (видео)

Севара Турсунова. Бу исм нафақат журналистика соҳасига қизиққанлар, балки ойнаи жаҳон қаршисида ўтирган ҳар бир ўзбекистонлик учун таниш. Унинг такрорланмас овози билан Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов билан боғлиқ энг муҳим жараёнлар ёритилган. Ўзидан овози қадрдон дея таърифлашади. Ҳам телевидениенинг, ҳам давлат раҳбари ёнида юришдек масъулиятни узоқ йиллар тенг олиб бора олган журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени совриндори билан яқиндан суҳбат қилишни ният қилдик. 

Севара Турсунова 1957 йилда Тошкентда филологлар оиласида туғилган. Мактабни тамомлаб, ўзи хоҳламаган ҳолда отасининг қистови билан Маданият институтига ўқишга кирган. Телевидениега ҳам тасодифан келиб қолган. Бироқ ана шу тасодифий келиш журналист учун катта муваффақиятлар ва машҳурлик олиб келади. “Шифокор бўлиш мени армоним бўлиб қолди”, - дейди у. 

Ассалому алайкум, Севара опа. Сизни кўриб турганимиздан хурсандмиз. Авваламбор, интервьюга рози бўлганингиз учун катта раҳмат. 

— Ассалому алайкум, хуш келибсизлар. Эътибордан хурсандман.

Эшитишимизча, кўплаб таклифларни рад этиб келаётган экансиз? Нега интервью беришдан чекиняпсиз?

— Ижодкорга эътибор ҳар доим керак бўлган. Бироқ нега интервьюлардан бош тортишимни айтсам, аввало, берилаётган саволлар қанақа бўлишига қарайман. Бу табиий ҳол. Масалан, сизга қайси фасл ёқади? Қайси рангни кўпроқ яхши кўрасиз? Қайтадан умр берилганда ким бўлардингиз? Бундай саволларнинг нима кераги бор? Ўйлайманки, агар мени жавобларимдан боши берк кўчага кириб қолган инсон йўлини топса, керакли хулосалар чиқарилса, кимдир ундан нимадир манфаат олса, мана бу интервью наф келтирган бўлади. Масалан, анча йиллар аввал мен ҳақимда кўрсатув қилиш учун уйимгача келишган, аммо мен қониқмаганман: мени жуда идеаллаштириб юборишган. Шу сабаб, сизнинг ҳам нима саволлар беришингизни аввалдан кўриб, маъқул келгани учун рози бўлдим.

Ҳозир нималар билан бандсиз?

— Президентимиз қарори билан Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий, меъморий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилди. Мажмуа аввалги Оқсарой қароргоҳи бўлган ҳудудда жойлашган. Ёдгорлик мажмуасининг ичида кутубхона, Биринчи Президент умр ва фаолиятига бағишланган “Бутун оламни жо қилган юрак” номли кўргазма, илмий марказларимиз бор. Ҳозир ана шу катта музейни ташкил этиш ишлари билан бандмиз. Бизга президентимиз ва ҳукумат яқиндан ёрдам беряпти, бунинг учун уларга ташаккур айтамиз. Ислом Каримов таваллудининг 85 йиллигига шу музейни очиш ниятимиз бор, ҳозир шуни ҳаракатидамиз. Музей оддий халқ ичидан чиққан одамнинг Президент бўлишигача бўлган воқеаларни акс эттирган манбалардан ташкил топади. Бу ерда ҳали дунё юзини кўрмаган суратлар бўлади.

Президент ёнида бўлиш... Бу ерга қандай келгансиз?

— Президент пуллига келиш хаёлимга ҳам келмаган. Бу ерга келиш учун журналистлар махсус тайёрланади деб ўйлардим. Ҳатто мени яқинлаштиришмасди ҳам. Бир куни Ўзбекистонга Покистон ислом республикасининг бош вазири Беназир Бхутто келди. Дўрмонда учрашув бўлди. Улар кортежга ўтириб, Халқлар дўстлиги саройига матбуот анжумани учун келишаётган эди. Учрашувда иштирок этган журналистлар матбуот анжуманига етиб кела олмайди. Одам етишмаган. Шунда мени чақиришди, “тез боринг”, деб. Мен пуллда эмасман, десам, “ҳозир буни айтадиган пайтмас”, деб юборишди. Борсак, бизни сарой эшигидан “рўйхатда йўқсизлар”, деб киритмади. Зинада турибмиз. Мен чироқчи болага “Ҳозир раҳбарлар кириб кетишсин, пойлаб турайлик, кейин кетамиз. Йўқса, ишхонада раҳбарларимиз ишонишмайди, кира олмаганимизга”, дедим. Шу пайт денг, Ислом Абдуғаниевич билан Беназир Бхутто кела бошлади. Яқинимизга келганда, чироқчи йигит “Амаки, қаранг, бизни Севара опам билан киритишмаяпти, айтинг ўтказворишсин”, деса-да президентга. Ислом ака ҳайрон бўлиб бир қарадилар-да, “Киритинглар буларни”, деб буюрдилар. Шу билан орқаларидан кириб бордик. Мана шу мени давлат раҳбари олдига келган илк куним бўлганди. Ҳозиргача, мени катта саҳнага чироқчи олиб чиққан, деб кулиб юраман. 

16 йил давлат раҳбарининг ёнида ишладингиз. Сизга ҳавас қилувчилар кўп... 

— 16 йилдан ортиқ давлат раҳбарининг ёнида Президент пуллида ишладим. Одамлар менга сиз Президентга яқинсиз, сиз уни жуда яхши биласиз, дейишади. Йўқ, улар адашишади. У инсон ҳаммага бирдек қарарди, бирдек ҳурмат қиларди. Айниқса, журналистларга ҳурмати жуда баланд бўлган. Биласизми, мен каби журналистлар пуллда жуда кўп эди. Лекин давлат раҳбарига қўрқмай фикримни билдиришим уларга кўпроқ маъқул келарди, менимча. Сир эмас, бизга бирор тадбирдан аввал берилиши мумкин бўлган саволлар тайёрланарди. Бироқ мен ҳеч қачон тайёрланган саволни берган эмасман. Эсласам, қўрқмаган эканман. Саволимни эшитиб шунақа руҳланиб кетарди марҳум президентимиз. Ҳатто бошқа тадбирларда муҳокамали вазиятлар бўлиб қолса, “Қани, Севара нима дейди?” деб менга юзланарди. Балки шу сабаб одамлар кўзига давлат раҳбарига жуда яқиндек кўриниб қолган бўлсам керак.  Мен сизга бир воқеани айтиб бераман. Бир гал “Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудуд деб эълон қилиш” тўғрисида маъруза қилганлар. Ўша тадбирда маҳаллий журналистлар савол бермасин дейилган. Биз ҳам савол учун тайёрланмаганмиз. Нутқларини диққат билан эшитиб, ёзиб бораётган эдим. Тўсатдан Президент "Қани, нима савол берасан", деб менга қарасалар. Нима қиларимни билмай қолдим, аммо давлат раҳбарига саволим йўқ деб бўлмайди. “Муҳтарам президент, сиз ҳудудни ядро қуролларидан холи қилиш таклифини илгари сурдингиз, лекин ҳозир ядро қуролидан даҳшатлироқ, хавфли қурол бор: хориждан турли ёт ғоя ва мафкураларга эга қўлёзма, манбалар кириб келади. Бундай кўринмас қуролдан ёшларни асраш учун нима қилишимиз керак?” деб савол бердим. Президент бироз ерга қараб ўтирди-да, шундоқ камерага қараб, “Бермайман болаларимни ҳеч кимга”, дея эҳтирос билан гапирди. Кутилмаганада шу савол жуда машҳур бўлиб кетиб, барча жойда кўрсатилиб, муҳокамалар қилинган. 

Севара опа, Миллий телерадиокомпания — сизнинг узоқ йиллар фаолият олиб борган масканингиз. У ерни соғинасизми? Бориб турасизми?

— Афсуски, 3-4 йилдан бери борганим йўқ. Лекин сизлар ташкил этган интервьюдан фойдаланиб, МТРК раҳбариятига, ҳамкасбларимизга ва ўша масканда ишлайдиган барчага миннатдорлик билдираман. Бизнинг бугунги қилаётган барча ишимиз шуларнинг ёрдами билан бўляпти. Экран, эфир шунақа нарсаки, сени тез танитади, танилдингми, исталган жойга бемалол кириб борасан. Ўша маскан мени танитган. Ҳозир монтаж хонасини, камера ёнида съёмка қилишни жуда соғинаман. 

Шогирдларингиз борми?

— Биласизми, телеведениега ишга келган борки, бирдан эфирга чиқишни хоҳлайди. Лекин узоқ йиллар ишлаган, катта тажрибага эга бўлган фахрий ходимлар ёшларни яқинлаштиргиси келмайди ёки имкон бермайди. Мен аксинча қилардим: ўзим қанақа бўлганим эсимга тушарди-да, “бунақа кийин, бунақа тур, буни қил”, деб ёрдам бераверардим, эфирга чиқаришга ҳаракат қилардим. Раҳбариятга кириб, ёшлар ҳақида таклифлар берардим. Мени устозим бўлмаган. Лекин шогирдларим бор. Уларга устозлик қилмагандирман, аммо қўлимдан келган ёрдамни беришга ҳаракат қидим. Ана ўшалар мени устоз дейишади. Назира Мамбетшарипова, Навбаҳор Мамажонова, Садриддин Суяров, Комилжон Шамсиддинов, Алишер Азимовларга ишлашида ёрдам берганман. 

Журналистиканинг қаттиқ нонини еган инсонсиз. Ўзбекистонда сўз эркинлигини қандай баҳолайсиз?

— Менга айни пайтдаги сўз эркинлиги маъқул, аммо тайёрланаётган материалларда шаклга кўпроқ эътибор берилаётгандек, тасвирлар ваҳимали, аммо мазмун сал орқада кетяпти. Мазмунан бойитиш керак, танқид билан бирга таҳлил ҳам қила олиш керак. Бунинг учун эса, журналистда савод бўлиши лозим. Газета мактабини кўрган журналистлар ҳам камайиб кетган, етук журналист бўлиш учун, албатта, газета мактабини кўриш керак. Кўпроқ ўқиши керак журналистлар. Ўқиш — бу интернет эмас, википедия билан энциклопедиянинг фарқи бор.

Яқин кунларда журналистларнинг “Оскар”и бўлган “Олтин қалам” танловининг тантанали тақдирлаш маросими бўлади. Сиз ҳам қачонлардир иштирок этганмисиз? Умуман танловга муносабатингиз қандай?

— Мен хурсандман, “Олтин қалам” бугун ўзининг шундай мақомига эга бўлганидан. Аммо ҳеч қачон иштирок этмаганман, ҳатто ҳакам ҳам бўлмаганман. Тўғрироғи, мени кўп танловларга яқинлаштиришмасди. Агар “Хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонини олганимга келсак, давлат раҳбари “Ҳафтанома” кўрсатувини кўриб турганларида “Чақиринглар буни, унвон-пунвони борми? Қанча йилдан бери ишлайди”, деб айтган экан. “Меҳнат шуҳрати” орденимни эса катта халқаро тадбирлардаги иштироким учун беришган. Ҳамкасбларим айтарди: “Севара опа, кўрстувларингизни йиғинг, топширинг “Олтин қалам”га” деб, менда шунча давлат раҳбарининг эътирофи, мукофотим бўлса, ҳеч нарса олмаганлар олсин, дердим. 

Биринчи Президентимиз билан боғлиқ қизиқ воқеалардан, хотиралардан айтиб берсангиз.

— Жуда самимий, танти инсон эдилар. Бир гал Санкт-Петербургда тадбир тугагач, ҳамма журналистларни олдиларига чақирдилар, тадбир муҳокама қилинди. Шунда Россиядаги элчимизни турғазиб, “Булар мени журналистларим, қани, нима билан меҳмон қиласан буларни?” - дедилар. Элчи шошиб “ош билан”, деб юборди. “Э, ошни уйида ҳам еб келган, сен ҳам ош берасанми?” - дедилар. “Биз Санкт-Петербургдамиз-да, агар Москвада бўлганимизда бошқача бўларди”, - деди элчи. Мен кулиб юбордим. “Ҳа нега куляпсан, Севара?” - дедилар президент. Мен “бу одамни Россия элчиси десам, у Москва элчиси экан-ку”, дедим. Ҳамма кулиб юборди.

Бир сафар эса Америкадан қайтаётгандик. Самолётда “сенга Нью-Йорк ёқдими?” деб сўраб қолдилар. Энди тасаввур қилинг жавоб беришни. Ҳа ёқди десам, ўзингни юртинг ёқмай қолдими деса, ёқмади десам, бунча катта кетмасанг деса... Ёқди, чиройли экан, аммо яшашни истамасдим дедим. “Ҳааа, менга ҳам далалар ёқади, ҳатто шу Тошкент ҳам торлик қилади баъзан. Биласанми, қишлоқларни соғинаман ҳатто”, - дедилар. Марҳум президентимиз Ўзбекистонни жуда қаттиқ яхши кўрарди. 

Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1