Ўзбекистонда итларни қутуришга қарши эмлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Қутуриш касаллиги қандай бўлади? Барчани қизиқтирган саволлар билан мутахассисга юзландик.
Ҳусан НОСИРОВ, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш бошқармаси бош мутахассиси: -- Қутуриш ўта хавфли ўткир ўтувчи вирусли касаллик бўлиб, асаб тизимининг оғир жароҳатланиши билан характерланади. Вируснинг асосий манбаи ит, бўри, тулки, чиябўри ҳамда кемирувчи ва кўршапалаклар ҳисобланади.
Касаллик асосан касал ҳайвондан тишлаш, тирнаши ва очиқ жароҳат ҳамда шиллиқ қаватларга (кўз шиллиқ пардаси, оғиз бўшлиғи) сулак тегиши орқали юқади.
Шуни таъкидлаш жоизки, касаллик қўзғатувчи вирус ўзига хос клиник белгилар намоён бўлмасдан 10 кун олдин ҳайвоннинг сўлагида бўлади. Бу пайтда ҳайвон эгасига суйкалувчан бўлиб, салқин, қоронғу, тинч жойни излаб, шовқин ва сувдан қочишга харакат қилади.
– Ўзбекистон шароитида ушбу касалликни олдини олиш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?
— Вилоят ва туманларимизда аҳоли билан суҳбатлар ҳамда фуқаролар кўп йиғиладиган (дўконлар, банклар, почта) масканларда ит сақлаш қоидалари бўйича ва касалликка оид бўлган рангли варақа ва плакатлар тарқатилмоқда.
Хозирги кунда Ўзбекистон шароитида қутуриш касаллигига қарши эмлаш учун Чехия давлатида ишлаб чиқарилган “суюқ фаолсизлантирилган "БИОКАН-R" эмламасидан самарали фойдаланиб келинмоқда.
– Нима учун айнан қутуриш касаллиги кўпроқ ит ёки дайди қаровсиз итлардан юқади?
— Бу ҳолатни тўғридан-тўғри ёввойи фауна билан боғлаш мумкин, мисол учун асосан қишлоқ шароитида 85-90 % эгали итлар боғлиқ ҳолда ушланмайди, ҳовлилар очиқ, ўралмаган, шу сабабли итлар асосан кечқурун қорин тўйдириш илинжида, егулик излаб уйдан ташқарига чиқишади. Натижада қаровсиз дайди итлар ёки ёввойи ҳайвонлар билан контактда бўлади. Бундан ташқари ушбу ҳайвонлар олдидан чиққан кемирувчи ва ўлаксалар билан озиқланади ва натижада ушбу итлар эмланмаган бўлса, касаллик юқтириб олиш эҳтимоли юқори бўлади.
САҚЛАНАДИГАН ИТЛАР УЧУН МАЖБУРИЙ СОЛИҚ
— Дайди ва қаровсиз ҳайвонлар томонидан касаллик келиб чиқишининг олдини олиш бўйича хорижий давлат тажрибалари ўрганилганда, уларда қаровсиз ҳайвонлар (ит, мушук) учун бошпана (приют)лар ташкил этилган. Ҳар бир сақланадиган итлари учун мажбурий солиқ тўловлари белгиланган. Масалан, Белорусияда 2 евродан 9 еврогача, Греция ва Бельгияда 50 еврогача, Испания, Болгария, Италия, Чехия ва Швеция давлатларида 10 евродан 60 еврогача солиқ белгиланган.
Бизда ҳам ҳозирда дайди ва қаровсиз ҳайвонлар кўпайишининг олдини олиш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси тайёрланмоқда.
– Касаллик юқмаслиги учун нималарга эътибор бериш керак?
— Хизматдаги ва хонадондаги мавжуд барча итларни ўз вақтида қутуриш касаллигига қарши эмлатиш;
болаларнинг итлар билан ўйнашига йўл қўймаслик;
хонадондаги итларни кўчага қаровсиз қўйиб юбормаслик;
итларни кўчага бўйинбоғ ва тумшуқбоғсиз олиб чиқмаслик;
одам ёки ҳайвонга жароҳат етказган итни албатта ветеринар кузатувига олиб бориш.
Ит тишлашдан жабрланган одам шу заҳотиёқ тиббиёт муассасига мурожаат қилиши зарур.
МАЪЛУМОТ УЧУН: Бутун дунёда ҳар йил 28 сентябр қутуриш касаллигига қарши кураш куни деб эълон қилинган.






