Томошабинларнинг қадрдон сухандони, раҳматли Насиба Мақсудова “Космонавтлар кунида туғилганман” дерди фахр билан. Бунинг ҳам бир ҳикмати борми, унинг ҳаётидаги ижодий парвозларга барчамиз гувоҳ бўлдик. 68 йиллик умри давомида Насиба опа ўзидан ширин хотиралар ва яхши ном қолдирди.
“Рафиқам вақтни жуда қадрларди...”
Аноритдин Муҳаммаднаби ўғли, Насиба Мақсудованинг турмуш ўртоғи:
— Рафиқам Насибахон Мақсудова билан никоҳ тўйимиз 1969 йили 18 сентябр куни бўлиб ўтганди. Ҳаётимиз давомида 3 фарзандни тарбиялаб, вояга етказдик. Ўғлимиз Отабек ва Барнохон шифокор, Гўзалхон эса инглиз тили бўйича кучли мутахассис бўлиб етишишди. Икки куёви учун “Онажон” бўлиб, чуқур ҳурмат ва эхтиромга сазовор бўлган раҳматли аёлим келини учун ҳам ҳурматли, эътиборли, меҳрибон қайнона бўла олди.
Насибахон ўз касбини ҳаддан ташқари севар эди. Ўзбекистон телевидениесида 1964 йилдан эътиборан умрининг охирги дамларигача фаолият юритганлари касбга садоқат тимсолидир. Насибахоннинг кўрсатувларини мухлислар соғиниб кутишлари, ҳафтада 30-40 талаб мактуб йўллаб миннатдорчилик изҳор этишлари, телефонда кўрсатувга ижобий муносабат билдиришлари, тўй-ҳашамларда, театр-кино, ҳатто бозорларда ўраб олиб суҳбатлашишлари, суратга тушиб, дастхат сўрашларини олий мукофот деб қабул қилар эди.
Насибахоннинг эл суйган азиз ва мўътабар инсон эканликларини жанозасида мингдан ортиқ кишилар қатнашгани, ойлар давомида уйимизга республикамизнинг барча вилоятлари ҳамда қўшни республикалардан ҳамдардлик билдиришга келган инсонларнинг қадами узилмаганидан ҳам билиш мумкин.
У учун энг қадрли нарса, бу вақт эди. Бир кунлик вақтидан тахминан 60-65 фоизини севган дастурларига бағишлагани боис дам олиш, соғлиқни тиклашга фурсат топилмас эди. Оқибатли шогирди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошевнинг таъкидлашича, “Дийдор ширин” кўрсатувининг битта сонини тайёрлаб, эфирга узатиш учун оиланинг битта тўйини ташкил қилиб, ўтказишга тенг вақт ва куч сарфланар экан. Насибахон эса кичик сонли коллектив иштирокида ҳар ойда 2 тадан 5 тагача шундай катта кўрсатувни тайёрлар эди...
Садоқатли, ориятли, чуқур мулоҳазали, оилапарвар меҳрибон рафиқам Насибахоним биздан рози бўлган бўлсин. Охиратлари обод, жойлари жаннатдан бўлишини Яратгандан тилаб қоламан.
“Ота-онам абадий яшайди, деб ўйлар экансиз...”
Барно Аминова, Насиба Мақсудованинг тўнғич қизи:
— Онажоним мен учун фақат Она эмас, балки сирдош, мураббий, намуна эдилар. Ёшлигимда уларнинг ён дафтарларида ўзлари ёзган шеърларини ўқиб, бу тўрт қатор қалб сўзларини ўзимга шиор қилиб олганман.
Ҳеч кимга мен қилмайман ҳавас,
Ҳеч кимга мен қилмайман ҳасад!
Битта Онам менга муқаддас –
Онамга мен қиламан ҳавас!
Фарзандларимдан уларнинг юз тузилишларини, табассумларини қидираман... Ҳар қандай ҳолатда “Онажоним нима маслаҳат берган бўлар эдилар? Шу вазиятдан қандай қилиб чиққан бўлар эдилар? Фалончи шундай деди, Онажоним нима деб жавоб берган бўлар эдилар?” деб ўзимча хаёлан ҳар бир ҳаракатларини кўз олдимга келтирган ҳолатда, ечилмаган муаммони ечишга баҳоли-қудрат ҳаракат қилаяпман. Онажоним доим “Тушкунликка тушма, қизим, уканг, синглинг сенга қараб туришибди, адажонингни ҳам ўйла!” деган бўлардилар деган хаёллар айланади миямда...
Онам эса ўз ишларининг фидойиси эди. Ҳеч кимникига ўхшамаган кўрсатувни ташкиллаштириб, такомиллаштириб орзиқиб кутиладиган бир ноёб кўрсатув даражасига олиб чиқдилар. Буни қаранг-ки, ҳаттоки Арабистон кўчаларидаям онамни таниб, саломлашиб ўтиб кетишгани у киши учун одатий ҳол эди.
Инсон фарзанди ота-онам абадий яшайди, деб ўйлар экан... Онажоним раҳматли ҳамма нарсани ўргатиб кетдилар, лекин, ўзларисиз яшашни ўргатмасдан кетган эканлар...
“Шундай аёлнинг келини бўлганимдан фахрланаман”
Дилноза Акрамхўжаева, Насиба Мақсудованинг келини:
— Қайнона ойижоним латофатли ва дилдор, тили ширин, муомалада тенги йўқ аёл эдилар. Улар билан менга уйимиз қонун-қоидалари, фарзанд тарбияси, уй-рўзғор ишларини юритиш сирларини ўргатишлари жараёнида яқин сирдош бўлиб қолдик. Келин бўлиб тушганимда Тошкент давлат юридик институти учинчи босқич талабаси эдим. Ўқишни муваффақиятли тугатиб, магистратурада, ундан кейин аспирантурада ўқидим. Бу 5-6 йил давом этди. Шу даврдаги эришган ҳамма муваффақиятларимда ойижонимнинг ҳиссалари катта. Чунки беғараз ёрдам ва имкониятлар, самимий муносабат билан мени қўллаганлар.
Ойижоним невараларини ҳаддан ортиқ севардилар. Вақтлари зиқ бўлишига қарамасдан, тўрт ўғил неваранинг ҳар бирига ўзидан, характеридан келиб чиққан ҳолда тарбиялашга имкон топардилар. Уларни сув ҳавзасида чўмилишга, кортларда теннис ўйнашга, стадионда футбол машқларига, шахмат академияси ва бошқа жойларга ўзлари олиб борар эдилар.
Ойижоним тенги йўқ пазанда, дастурхон безатиш, меҳмон кутишни яхши кўрадиган аёл эдилар. Шундай азиз инсоннинг келини бўлганимдан фахр ва ифтихорга тўлиб кетаман.
“Ўша кун осмон бошқача эди...”
Гўзалхон Аминова, Насиба Мақсудованинг кенжа қизи:
— Ўша 2017 йилнинг 8 февраль кечаси мен Онажонимнинг олдиларидаги "навбатчилигимни" топшириб, адажоним билан ҳовлига чиқдик. Осмонга қараб, маҳлиё бўлиб қолдик. "Адажон, қаранг, осмон қандай чиройли, ой ёрқин, булутлар пахтадек бўлак-бўлак, ажойиб бир рангда. Эртага Барно опам учиб келаяптилар, Онажоним ҳам анча тузалиб қолдилар, Худойимга шукр!" дедим. Шу кеча Онажонимнинг охирги кечалари экан. Дафн маросимигача ҳаво иссик бўлиб турди-да, эртаси куни бутун олам оппоқ қорга беланди. Аломатлар, белгилар, ҳаммаси хосиятли эди, деб ўйлаяпман энди...
Онамни эсламаган куним, соатим, сониям йўқ. Ҳақларига доим дуо қиламан. Берган сутингизга, сингдирган меҳнатингизга рози бўлиб кетган бўлсангиз, армоним йўқ, дейман. Аллоҳ онажонимдан рози бўлсин, борган жойлари Жаннату гулу-гулистон бўлсин!
Туҳфа НАЗАРОВА






