Бугун, 12 май куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари давлат хизматчилари учун “Давлат бошқарувини модернизация қилиш ва қонун устуворлиги тамойилларини ҳурмат қилиш” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар бермоқда.
Халқаро конференция Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Конференция Европа Иттифоқи ва Европа Кенгашининг “2020—2023 йилларга мўлжалланган Марказий Осиёда қонун устуворлиги” дастурида назарда тутилган бўлиб, унинг доирасида Адлия вазирлиги бошқа ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлашда фаол иштирок этмоқда.
Тадбирнинг асосий мақсади — давлат бошқарувини модернизация қилиш ва қонун устуворлиги тамойилларига риоя қилиш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда илғор тажрибалар билан алмашиш учун етук халқаро ва миллий экспертларни бирлаштирадиган очиқ мулоқот майдонини ташкил этишдир.
Конференцияда миллий иштирокчилар билан бир қаторда Европа давлатларидан, хусусан Германия, Франция, Португалиядан ташриф буюрган экспертлар ва мутахассислар, шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан ташриф буюрган адлия, давлат хизматларини кўрсатиш, давлат хизматини ривожлантириш ва бошқа давлат идоралари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этмоқда.






