АсосийJamiyat

Тожикистонда қурилаётган ''Рўғун'' ГЭСнинг Ўзбекистонга қандай фойдали томонлари бор?

'Тожикистонда қурилаётган ''Рўғун'' ГЭСнинг Ўзбекистонга қандай фойдали томонлари бор?'ning rasmi

Пойтахт Душанбе инфраструктурасини ривожлантириш, барқарор энергия билан таъминлаш мақсадида Душанбедан 100 км. шарқда "Рўғун" ГЭС қуриш фикри собиқ совет даври 1974 йилларга бориб тақалади. Бу йирик лойиҳа Госстрой СССР томонидан тасдиқланган, 1976 йилда тўғон қурилиши бошланган.

Вахш дарёсининг тор тоғ дарасидан ўтган қисмини ''бўғиш'' орқали баланд тўғонли сув омбор қуриш, пировардида ГЭС агрегатларини жойлаштириш ва улардан кўп электр қувват олиш лойиҳаси аллақачон бор эди. Бу кеча ёки ўттиз йил олдин пайдо бўлган ғоя эмас.

Аммо бу йирик тўғон қурилиши турли сабаблар билан доим ортга сурилган. Баҳайбат тўғон салкам 335 метр баландликка эга ва бу тўғон тўлиқ лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам катта масъулият талаб этарди. Унинг лойиҳасини ким ишлаб чиқади?

Йиллар ўтиб, 2018 йилдан тўғон қурилиши қайта жадаллашди, 2018 йилда дастлабки агрегат, 2019 йилда эса кейингиси ишчи ҳолатга тайёр бўлди ва ҳозирда ток ишлаб чиқармоқда.

Кўпчилик ўзбекистонликлар учун ''Рўғун'' ГЭС қурилиши гўёки хатарли, тўғон ёрилиб кетса, сув тошқини билан боғлиқ ҳалокатли ҳодиса юз беради ва бу Амударё ҳавзасида яшайдиган минтақа аҳолиси учун потенциал хавф туғдиради. Яна бир хавотир Вахшнинг ''бўғилиши'' Амударёда сув оқимини мавсумлар кесимини ўзгартириб юборади. Қишда кўп, ёзда эса кам сув оқиб ўтишига олиб келади. Бу ёмон.

Аммо Амударёда сув оқимини мавсумлар кесимида барқарор ушлаб туриш, деярли бир хил оқимни таъминлаш мумкин, бу Ўзбекистон масъулларига боғлиқ.

Биринчидан, ''Рўғун'' ГЭС ортидан минтақада биз арзон электр энергиясига эга бўламиз, тожик томон билан ёз ойларида ҳам мунтазам катта қувватда энергия етказиб бериш йўлга қўйилса, ''Рўғун'' ГЭСнинг юқори қувватда ишлаши ҳисобига биз кўмир ва газ билан ишлайдиган йирик ИЭСларимизга ''дам'' беришимиз мумкин. Бу газ ва кўмирни иқтисод қилишимизга, уни бошқа секторга йўналтиришимизга ундайди. Ахир ''Рўғун'' ГЭС йиллик қуввати минтақадаги қудратли ''Сирдарё'' ГРЭС қувватини беради.

Иккинчидан, ИЭСларда газ ва кўмир ёқишни иқтисод қилиш, иқлим ўзгариши йўналишидаги ''Париж'' иқлим битими шартлари, ''яшил иқтисодиёт'' тамойилларига тўлиқ амал қилинишга олиб келади. ИЭСлар минг-минглаб тонна ифлос моддаларни ҳавога чиқаради ва ИЭСларга ''дам бериш'' ҳавони ифлос моддалар билан заҳарлантиришни чеклайди.

Учинчидан, Вахш дарёсида ёзда ҳам сув оқими бироз барқарорлашишига эришилади. Бу Амударёда ёзда сув камайиб кетишининг олдини олади. ''Рўғун'' ГЭСнинг катта қувватда ишлаши ҳар бир агрегатни ишчи ҳолатда ушлаб туришни тақозо этади. Бу сув омборидан кўп миқдорда сув ташлаш ҳисобига амалга ошади. Бу ҳаракатлар Амударёда ойлар кесимида сув оқимининг бироз барқарор бўлишини таъминлайди. Бўлмасам ёзда Рўғун ГЭС агрегатлари дам олиб, сув омборда сув тўплашга куч бериш кузатилади. Бунда Амударё асосий томири Вахшда вегетацияда камсувлилик ҳосил бўлади. Бу Амударё оқимига сезиларли таъсир кўрсатади.

Дарвоқе, иқлим исиши келажакда ёзда Вахш дарё ҳавзасидаги музликлар эришини тезлаштиради, бу эришлар сув омборига қишда сув захира қилиш учун ҳам, ундан ёзда ''яхшигина'' сув оқимини қўйиб юбориш учун ҳам етарли бўлади.

Кишиларда ''Рўғун'' ГЭС тўғони ёрилиб кетишидан ҳадиксираш, қўрқув бор, аммо бундай тўғонга эга бир нечта сув омборлар Тожикистонда 40-60 йилдан бери ишлаб ётибди. Асли хавф ўшаларда эмасми, балки улар эскирган ва таъмирлашга муҳтож бўлгандир.

Хулоса ўрнида, масъуллар тожик масъуллари билан пухта келушувга эришиши, ёз ойларида юқори қувватда ток етказиб беришни йўлга қўйиши вазиятни юмшатади. Тожик томон эса ҳозирги ҳолатда яна 20-30 йил ГЭСлардан олинадиган электр токини қўшниларга сотиш салоҳиятига эга бўлаверади. Демак, улар ток эспорти учун тайёр.

Бошқа янгиликлар