Бугун 4 сентябрь куни давлат раҳбари қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Билдирилишича, пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари учун ажратилди. 160 минг гектар янги боғ ва токзор барпо этилди. 1 миллиард долларлик 1 минг 500 та озиқ-овқат лойиҳаси ишга туширилди.
Лекин қишлоқ хўжалигида ҳамон яширин иқтисодиёт улуши юқори. Етиштирилган маҳсулотнинг ҳаммаси ҳам ҳисоботларда қайд этилмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда қўшилган қиймат солиғи 12 фоизни ташкил этмоқда.
Мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида кўтарилган эди. Давлат раҳбари бу борада деҳқон ва фермерларга қулайлик яратиш, солиқ юкини енгиллаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берганди.
Шунга мувофиқ, халқаро валюта жамғармаси, малакали хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида қишлоқ хўжалигини “соя”дан чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
Унга кўра, келаси йил 1 январдан бошлаб, қишлоқ хўжалиги корхоналари деҳқон ва фермерларга ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини (ғалла ва пахтадан ташқари) сотишда қўшилган қиймат солиғи нол ставкада бўлади.
Шу билан бирга, маҳсулотни етиштиришда уруғ, ўғит, ёқилғи, транспорт, электр каби харажатлар учун ҳисобга олинган ҚҚСни қайтариб бериш амалиёти ҳам сақланиб қолади.
Натижада фермер ва деҳқонлар ихтиёрида йилига 300 миллиард сўм маблағ қолади, яна 400 миллиард сўмлик солиқни қайтариб олиш имконияти бўлади.