1

Ходимлар маошини ўзлаштирган боғча директорининг қилмишлари фош бўлди

ЖИНОЯТ 23.06.2022, 19:14
Ходимлар маошини ўзлаштирган боғча директорининг қилмишлари фош бўлди

Мактабгача таълим муассасасида масъул лавозимда ишлайдиган аёл муқаддам пора олиш жиноятини содир қилиб, 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган, жарима жазоси тайинланган бўлишига қарамай ўзига тегишли хулоса чиқармаган кўринади. Йўқса, яна қайта  “жиноят кўчаси”дан юриб, бу гал ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги жиноятларига қўл урмаган бўларди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати котиби Садоқат  Аллаберганова хабар қилди. 

Маълумот қилинишича, судланувчи аёл давлат мактабгача таълим ташкилоти вақтинча бажарувчи директор лавозимида ишлаб келган. У давлат органининг мансабдор шахси ҳисобланиб, ўзининг манфаатлари йўлида ғараз мақсадига эришиш ниятида зиммаси юклатилган мансаб ваколатларидан фойдаланади. Муассасада супурувчи вазифасида ишловчи ходимни хабардорлигисиз, уни 1,0 ставка тарбиячи ёрдамчиси вазифасига ўтказиш ҳақидаги сохта буйруқни расмийлаштиради. Ушбу буйруқ асосида ходимни тарбиячи ёрдамчиси вазифасида ишланганлиги ҳақидаги ойлик иш табелларига сохта маълумот киритади. Шу асосда унга бир ойи учун ҳисобланган 1.235,0 минг сўм ойлик иш ҳақини қўлга киритиб, бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Шунингдек, судланувчи жиноий ҳаракатларини давом эттириб, бир фуқарони муассасага супурувчи вазифасига қабул қилиш ҳақидаги сохта буйруқни расмийлаштиради. Фуқарони аслида ушбу вазифани бажармаганлигини била туриб, гўёки уни икки ой ишлаганлиги ҳақидаги ойлик иш ҳақи табелларига сохта маълумот киритади. Унинг ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини қалбакилаштириб, шу асосда жами 1.806,1 минг сўм ойлик иш ҳақини ўзлаштириб, яна бюджет маблағларини талон-торож қилган. Судланувчининг қилмишлари шу билан якунига етмайди. У муассаса тарбиячисини муассаса собиқ раҳбарининг буйруғига асосан ўз ҳисобидан таътил берилганлигини билгани ҳолда галдаги режага қўл уради. Яъни, тарбиячининг хабардорлигисиз, уни 1,0 ставка тарбиячи лавозимига қайтариш ҳақидаги ва унга яна 0,5 ставка қўшиш ҳақидаги буйруқларни бошқа сана билан муассаса собиқ директорининг номидан унинг имзоларини сохталаштирган ҳолда расмийлаштиради. Тарбиячи амалда ишга чиқмай, ўз хизмат лавозим вазифасини умуман бажармаган бўлса-да, уни уч ой ишлаганлиги ҳақида ойлик иш табелларига такроран сохта маълумотлар киритади. Натижада тарбиячининг иш ҳақини ўзлаштириб, жами 8.156,0 минг сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.

“ҚИЛМИШИМДАН ПУШАЙМОНМАН”

Судланувчи суд мажлисида айбига иқрор бўлди...

- Давлат молиявий назорат бошқармаси бош назоратчиси томонидан давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтган давр мобайнида “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонун ва бошқа соҳавий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ҳамда бюджет маблағларини мақсадли сарфланиши бўйича молиявий назорат текшириши ўтказилди. Унда иш фаолиятим давомида 3 нафар ходимлар томонидан хизмат лавозим вазифаларини бажарилмаган бўлса-да, иш ҳақлари ортиқча тўланганлиги аниқланди. Жумладан, ташкилот тарбиячиси буйруқ билан мендан олдинги директор вазифасини бажарувчи бўлган шахснинг номидан 1,0 ставка ишга қабул қилиб, унга шу кундаги буйруқ билан 0,5 ставка тарбиячи вазифасини юклаб, унинг номидан буйруқни имзолаган ҳолда топширганман. Лекин, тарбиячининг ўзи ишга келмаган ва олган ойлигини менга ташлаб кетган. Ходимга ҳисобланган жами 8.156,0 минг сўмга қурилиш моллари олиб, ташкилотни таъмирталаб бўлган жойларини уста жалб қилишга сарфлаганман.

Шунингдек, бир фуқарони ташкилотга супурувчи вазифасига ишга қабул қилдим. Унинг ойлик иш ҳақини пластик карта орқали олганман. Бу пулларни ҳам ташкилотнинг эҳтиёжлари учун сарфлаганман ҳамда унинг номидан ўзим ариза ёзиб ишдан бўшатганман. Фуқаро ариза ёзмаган, унинг номига иш ҳақи ҳисобланганидан хабари бўлмаган. Фуқарога ҳисобланган жами 1.806,0 минг сўм маблағларни ҳам ўзим олиб, уларни муассаса харажатларига ишлатганман.

Шу билан бирга, ташкилотда супурувчи бўлиб ишлаган аёлга тарбиячи ёрдамчи вазифасини юклаганман. Бу вазифада ишламагани учун унинг иш ҳақини ҳам ташкилот эҳтиёжларига сарфлаганман. Ишлаган давримда ташкилот биноси эски бўлган ва ҳар доим қандайдир камчиликлар бўлиб турган. Мазкур камчиликларни тўғрилаш учун юқорида кўрсатилган иш ҳақларини сарфлаганман. Бирор сўмини ҳам ўз манфаатларим учун ишлатмаганман.  

Ҳозирги кунда қилмишимдан пушаймонман. Етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган.  

ЖАРИМА ДАВЛАТ ФОЙДАСИГА УНДИРИЛИШИ БЕЛГИЛАНДИ

Алишер Жалилов, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси:

- Судланувчи Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ѐки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга узил-кесил 1 йил 6 ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 16 200 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди. Жарима давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1