Мамлакатимизда сўнгги йилларда сўз эркинлигига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳар бир фуқаронинг сўз эркинлиги Конституциямизда аниқ белгилаб ўтилган. Сўз эркинлигисиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мумкин эмас. Асосий қомусимизнинг 29-моддасида ҳам “Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга” эканлиги таъкидлаб ўтилган. Бундан ташқари, бугунги кунда Конституциянинг янги таҳриридаги лойиҳасида ҳам сўз эркинлигига алоҳида тўхталиб ўтилган.
Тўғри, сўз эркинлигининг борлиги жуда яхши албатта, аммо сўз эркинлиги бўйича ҳуқуқим бор деб, бу борада мажбуриятимиз ҳам борлигини унутмаслигимиз лозим. Шу ўринда Франция империясида VII асрдан буён актуал бўлиб келган “сенинг ҳуқуқларинг бошқа бир фуқаронинг ҳуқуқлари бошланган жойда тугайди” деган иборасини қўллаш ўринли бўлади.
Чунки сўз эркинлиги бошқа бир шахснинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини чеклаши ёки бузиши мумкин эмас.
Бугунги кунга келиб, интернет ва унинг аудиторияси бошқа оммавий ахборот воситаларига нисбатан солиштирилса, тез суръатларда ўсиб бормоқда. Бутунжаҳон интернет тармоғидаги ҳар бир маълумот, у ҳоҳ ижобий ёки салбий бўлсин, жамиятда қизғин муҳокама қилинмоқда. Мазкур жараёнда уруш, зўравонлик ва терроризм, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш, давлат сири бўлган маълумотларни ошкор этиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, таҳқирловчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни, порнографияни тарғиб қилиш каби қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликни келтириб чиқарувчи ахборотлар ва уларга ёзилаётган шарҳларни оммавий тарқалиб кетиши ва ахборот хавфсизлигига раҳна солишининг олдини олиш асосий мақсад ҳисобланади.
“Хўш, бундай ҳолатларда қандай йўл тутилади?” деган саволга қуйидаги тарзда жавоб берамиз:
Юртимизда ахборот соҳасини тартибга солиб турувчи 20 дан ортиқ норматив ҳуқуқий ҳужжат мавжуд бўлиб, улар доимий равишда бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан мукаммаллаштирилиб, юқори турувчи давлат органлари орқали қабул қилинишига эришилади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунининг 12-1-моддасида ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш тартиби белгиланиб ўтилган, мазкур моддада тарқатилиши мумкин бўлмаган ахборотлар рўйхати ҳам келтириб ўтилган. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш; жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш; уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш; давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор этиш; миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш; жамиятга, давлатга, давлат рамзларига ҳурматсизликни намоён этувчи, шу жумладан беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш; гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ва прекурсорларни тарғиб қилиш;порнографияни, зўравонликни ва шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек ўз жонига қасд қилишга даъват этиш ва бошқалар.
Ўз ўрнида, бундай ахборотларни тарқатганлик учун тегишли тартибда маъмурий ва жиноий жавобгарликлар мавжуд. Аммо масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор. Биз биламизки, Интернет фойдаланувчиларининг сони бугунги кунда йилдан-йилга кўпайиб, ахборот тарқатиш даражаси ошиб бормоқда. Қонунга зид бўлган ахборотни тарқатаётган ҳар бир манбани жавобгарликка тортиш қийинчилик туғдириши табиий ҳол.
Ахборот маконидаги тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, тўғри ахборотдан кўра ёлғон ахборот жуда тез ва оммабоп тарқалади. Чунки ёлғон ахборот тайёрлашда одамларнинг асабига тегадиган ёки одамларнинг хоҳишларини билдирувчи маълумотлардан кенг фойдаланилади. Натижада ёлғон ахборот оммалашиб, ҳар хил ёмон оқибатлар юзага келиши, турли хил кучлар ва гуруҳлар томонидан дезинформация таъсири, турли манипуляцион усуллардан фойдаланган ҳолда сохта янгиликлар, шунингдек, жамоатчилик позицияларини мувофиқлаштириш ва кейинги ҳаракатларни бошқаришга уринишлар юзага келиши мумкин.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ҳар бир ёлғон хабар тарқатган шахсни жавобгар қилишдан кўра бундай ёлғон хабарларни тарқатилишининг олдини олиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Мамлакат қонунчилигида ёлғон хабарлар ёки қонунга зид ахборотларни ўчириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 сентябридаги “бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 707-сонли қарорида кўрсатилган.
Мазкур қарорда веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек блогерга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш тартиби белгиланган.
Бундай амалиёт жаҳоннинг кўплаб давлатларида қўлланиб келинади. Масалан, Франция давлатида 2009 йилда мазкур йўналиш бўйича “HADOPI” қонунлари қабул қилинган бўлиб, унга кўра, қонун нормаларини бузган шахслар веб-сайти, ижтимоий тармоқ саҳифалари чекланиб, уларни маълум бир миқдорда жаримага тортиш амалиёти қўлланилади. Ўзбекистон Республикасида эса ҳеч қандай жарима қўлланилмайди, аксинча, веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасида жойлаштирилган ахборотга ушбу веб-сайт фойдаланувчилари томонидан қолдирилган шарҳлар матнида, шунингдек ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерларда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотлар аниқланган ҳолатда веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек блогерга ушбу ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юборилиб, бартараф этилади.
Шуни айтишимиз мумкинки, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Интернет ОАВ ва блогерлар билан доимо ҳамкорликда фаолият олиб боради. Ўз навбатида, Интернет ОАВ ва блогерлар Агентлик томонидан юборилган хабарномаларга тезкорлик билан муносабат билдириши таъминланиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилади.
Бугунги кунда Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва ахборот маконида қонунга зид контентга қарши курашиш мақсадида “Телеграм” мессенжерида “@stop_kriminal_bot”, “@stopnarko_bot” ҳамда “@StopNarkotikUzBot”лари ишга туширилди.
Таъкидлаш жоизки, фуқаролардан “@stopnarko_bot” маҳсус телеграм бот каналига келиб тушаётган мурожаатларнинг мониторинги жараёнида Агентлик томонидан жорий йилнинг январ-июнь ойларида «Telegram» мессенжерида ноқонуний фаолият олиб борувчи 987 тадан 851 та канал ва аккаунт ўчирилди (контент умумий ҳажмининг 86%). “@stopnarko_bot” махсус телеграм бот канали ишга туширилганидан буён (2021 йил апрель ойи) шу каби 1226 тадан 1068 та телеграм ресурслари фаолияти чекланишига эришилди.
Мазкур ютуқларда албатта оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг ҳиссаси катта. Чунки бефарқ бўлмаган ҳолда қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли давлат органларини хабардор қилиш орқали Интернет жаҳон тармоғида юзага келиши мумкин бўлган ноқонуний фаолиятларга чек қўйиб келинмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, барчамиз, яъни фуқаролардан тортиб давлат органларигача биргаликда, ҳамкорликда ишлаган тақдирдагина, қонунга зид ахборотлар тарқатилишининг олдини олишга эриша оламиз.
Улуғбек Курбанбаев,
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,
Ахборот сиёсати бошқармаси, бўлим бошлиғи