1

Президент таъкидлаган, 30 йилдан бери кейинга сурилиб келинаётган масалалар ечимини топадиган бўлди

ЖАМИЯТ 09.08.2022, 23:26
Президент таъкидлаган, 30 йилдан бери кейинга сурилиб келинаётган масалалар ечимини топадиган бўлди

"Гап 35 миллион аҳолимизнинг ҳаётини енгил қиладиган, кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган – давлат хизматини ислоҳ қилиш ҳамда бошқарувда натижадорлик ва сифатни ошириш ҳақида бораяпти",-деган эди давлат раҳбари бундан бир муддат аввал ўтказилган видеоселектор йиғилишида.

Давлат раҳбари кеча,  8 август куни узоқ кутилган "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги Қонунни имзолади.

Бу билан эндиликда Ўзбекистонда:

  • Давлат хизматидаги лавозимни эгаллаш жараёнлари фақат очиқ танлов асосида амалга оширилади;
  • Давлат фуқаролик хизматчиси ўзаро яқин қариндошликда ёки қуда томондан қариндош бўлган шахсларнинг айнан битта давлат органи ва ташкилотида бирга хизмат қилиши тақиқланмоқда;
  • Давлат хизматчиларига республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очиш ва уларга эга бўлишга, чет элда кўчмас мулкка ва бошқа мол-мулкка эгалик қилишга йўл қўйилмайди.


Шу ва шу каби қатор масалалар бугун ўтказилган, Қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжуманида тилга олинди.

Роппа-росса 1 соат давомида қизғин савол-жавоблар билан АОКАда бўлиб ўтган мазкур анжуманида таъкидлаб ўтилишича, мазкур ҳужжат қабул қилинишига қадар 5 маротаба конференция ташкиллаштирилди. Экспертларнинг фикрича, бу каби ҳужжатлар қабул қилиниши бутун дунё тажрибасида йиллар давомида амалга оширилган. Хатто айрим мамлакатлар унга бир неча маротаба ўзгартиришлар ҳам киритган.

Албатта, давлат хизматчиларининг тегишли муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш пухта режа ва узоқ муддатли тажриба асосида кечадиган жараён. 

Маълумот ўрнида, ҳужжат вазирлик ва идоралар мутахассислари, хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тайёрланди. У 10 та боб ва 64 та моддадан иборат.

Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида ваколатли орган этиб — Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланди.

Тадбирда Darakchi.uz томонидан мутасаддиларга мурожаат этилиб, давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши шартлиги каби муҳим нормаларга амал қилинмаган тақдирда қандай жавобгарлик белгиланиши масаласи ўртага ташланди.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департамент мудири Абдиҳамид Тамиқаевнинг келтириб ўтишича, Қонуннинг 13-моддасига асосан давлат фуқаролик хизматчиси учун аниқ чекловлар белгиланяпти.

“Бир нарсага эътибор беришимиз керак. Ҳозирги кунда ҳам давлат хизматчилари учун у ёки бу  қонун ҳужжатларида кўплаб чекловлар мавжуд.  Қилиниши мумкин бўлмаган масалалар ва тегишли мажбуриятларимиз бор. Шу жумладан, ҳозир ҳам ўзимиз хизмат лавозимимизни бажаришимиз учун давлатнинг бизга топширган мулкини шахсий ишларимиз учун ишлатишга ҳаққимиз йўқ. Бунинг учун қонунчиликда ҳам жавобгарлик белгиланган. Қабул қилинган янги қонунда ҳам шунга ўхшаш бир қатор чекловлар белгиланган”—дейди мутасадди.

Тадбирда маълум қилинишича, айни пайтга қадар 37 000 дан ортиқ  фуқаро очиқ танлов асосида https://vacancy.argos.uz/ орқали давлат хизматига қабул қилинди.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасановнинг таъкидлашича, юқоридаги тизимга тегишли лавозимга ҳужжат топширган шахснинг маълумотлари автоматик равишда текширилади, агар маълумотлар базасида ўша шахснинг яқин қариндошлари фуқаро танлаган йўналишда фаолият олиб бораётгани кўринса, талабгор малака талабидан ўтолмайди ва унга рад жавоби келади.

Шунингдек, мутахассисларнинг маълум қилишича, 10 октябрдан Солиқ ва божхона органлари давлат хизматчиларининг мол-мулки декларация қилинади.

Эслатиб ўтамиз,  "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида" ги Қонун расман эълон қилинган кундан 3 ойдан сўнг кучга киради.

Дилбар Абдунабиева.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1