1

"Заҳарли буқоқ вақтида даволанмаса, оғир асоратларни келтириб чиқаради" — Шифокор

САЛОМАТЛИК 21.08.2022, 16:58
"Заҳарли буқоқ вақтида даволанмаса, оғир асоратларни келтириб чиқаради" — Шифокор

Буқоқ — дунё аҳолиси орасида кенг тарқалган касалликлардан бири ва у ўз вақтида даволанмаса, жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.  

Хўш, ушбу хасталик нимаси билан хавфли? Унинг қандай салбий асоратлари бор?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош эндокринологи Феруза Ҳайдарова шу каби саволларга жавоб берди.

"Буқоқ қалқонсимон безнинг катталашуви билан кечувчи касаллик бўлиб, у аъзонинг гормонал фаолияти кучайиши, сусайиши ёки ўзгармаслиги билан намоён бўлади. Ушбу касаллик ҳақида гапиришдан аввал, қалқонсимон без тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтсам. Сабаби мазкур хасталик айнан шу аъзода ривожланади",— дейди шифокор.

Қайд этилишича, қалқонсимон без — бўйиннинг олд қисмида жойлашган. У тироксин ва трийодтиронин гормонларини ишлаб чиқариш орқали танадаги кўплаб жараёнлар, хусусан, асаб, юрак-қон томир, ошқозон-ичак ва суяк-таянч тизимлари фаолиятини бошқаради. Ҳатто миянинг нормал ишлаши ҳам қалқонсимон без фаолиятига боғлиқ.

Буқоқдаги ўзгаришларнинг сабаблари тўлиқ ўрганилмаган. Бироқ уни келтириб чиқарувчи бир қатор омиллар мавжуд бўлиб, буларга турли аутоиммун ва инфекцион касалликлар, йод танқислиги, стресс, интоксикация, оқсил ва витаминлар етишмаслиги кабиларни мисол қилиш мумкин.

"Қалқонсимон бездаги ўзгаришларнинг хусусиятига кўра, диффуз буқоқ, тугунли буқоқ ва аралаш турлари таснифланади. Диффуз буқоқ ўз навбатида диффуз-эутоиреоид ва диффуз-токсик шаклларга бўлинади.  

Жумладан, унинг диффуз-токсик тури халқ орасида заҳарли буқоқ деб ҳам аталади. Мазкур хасталикка қалқонсимон безнинг катталашиши ва функциясининг ортиб кетиши асос бўлади.

Бунда беморлар асабийлик, юрак тез уриши, безовталик, озиш, соч тўкилиши, теридаги турли тошмалар, қизиб кетиш, кўп терлаш, қўлларда титроқ, кўзларнинг катталашишидан шикоят қилади. Қолаверса, улар уйқусизликдан қийналади. Касалликка ташхис қўйиш лаборатор-қон таҳлиллари ва инструментал текширувлар натижасида амалга оширилади", – дейди  Феруза Ҳайдарова.

Маълум бўлишича, бугунги замонавий тиббиёт заҳарли буқоқни 3 хил усулда даволашни таклиф этади. Булар медикаментоз даво, яъни дори-дармон билан, радиоактив йод ёрдамида ҳамда жарроҳлик усули орқали муолажа қилиш ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош эндокринологининг таъкидлашича, агар тегишли текширувлардан сўнг беморга заҳарли буқоқ ташхиси қўйилса, албатта, даволаниш лозим. Чунки касаллик таъсирида организмда турли оғир асоратлар келиб чиқиши мумкин.

"Шу боис ўз вақтида шифокор маслаҳатини олиб, зарур тиббий текширувлардан ўтиш зарур. Бу орқали хасталикка аниқ ташхис қўйилиб, керакли даво чоралари ва муолажалар амалга оширилади", – дейди у.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1