1

Қорақалпоғистонда Боқирғоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган халқаро конференсия бўлиб ўтди

МАДАНИЯТ 03.10.2022, 18:17
Қорақалпоғистонда Боқирғоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган халқаро конференсия бўлиб ўтди

29-30 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва Мўйноқ туманида Сулаймон Боқирғоний (Ҳаким ота) таваллудининг 900 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди. 


Конференсия Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар кенгаши, Фанлар академияси ва Қорақалпоқ давлат университети томонидан ташкиллаштирилди. 

Халқаро конференсияда маҳаллий ва хорижий мутахассислар, хусусан, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатлардан олим ва мутахассислар ташриф буюришди.



Конференсияни очиб берган Бош вазир ўринбосари - Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Қорақалпоғистон халқлари ҳаётида рўй бераётган ўзгаришларни алоҳида таъкидлади.

"Бу ерга узоқ ва яқин хориждан, шу билан бирга Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидан ҳам кўпроқ сайёҳлар кела бошлади, - деди вазир. - Яна бир жозибали омил – Қорақалпоғистон халқлари ҳаётида яхшиланди, нафақат марказий шаҳар ва қишлоқлар, балки олис Мўйноқ, Устюрт каби ҳудудларнинг ҳам қиёфаси ўзгарди – бундан беш йил аввал бу ерларга келган одамлар бугун кескин ўзгаришлар туфайли танимайдилар. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Маданият Мўйноқдан бошланиши”ни ўз кўзингиз билан кўряпсиз".

Азиз Абдуҳакимов Сулаймон Боқирғоний шахсига алоҳида тўхталди. Қолаверса, Боқирғоний каби шахсларнинг ўрни жуда муҳим эканлигини таъкидлаб, конференсияни ташкил қилишда ёрдам берган ташкилотларга самимий миннатдорлик билдирди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги Оммавий тадбирларни ташкил қилиш бошқармаси бошлиғи Заррина Абдуллаева эса мазкур конференсия бевосита туризмни ривожлантиришда ҳам муҳим эканлигини қайд этди.

"Бугунги конференсия Сулаймон Боқирғоний ижодини янада кенгроқ танитишга имкон беради. Мақсад буюк алломамизнинг шахсияти, асарларига қизиқишни ошириш, бу эса ўз навбатида ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга хизмат қилади, - деди Заррина Абдуллаева. - Бугунги конференсияда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар Боқирғоний ҳақидаги маърузалари билан қатнашишди. Бу мақолалар алоҳида китоб сифатида чоп этилади".

Конференция давомида 30 дан ортиқ маърузалар қилинди. Йиғилганлар Сулаймон Боқирғоний шахси ва ижоди ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлишди.

Дарҳақиқат, Сулаймон Боқирғоний ижоди келажак авлод учун муҳим тарбиявий аҳамиятга эга. 

"Боқирғоний ижоди ёшларга ҳам илм беради, ҳам тўғри касбни танлаш, ўз йўлини топиш борасида дастуруламал ҳисобланади, – деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси катта илмий ходими, доцент, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти соҳиби Сайфиддин Рафиддинов. – Шу боис биз Боқирғонийнинг кўплаб қўлёзмаларини китоб ҳолида чоп эттириб, унинг ижодини тўлиқ ҳолда халқимизга етказиш ниятидамиз".

Аслида, буюк келажагимиз, бутун дунёга таниқли аждодларимиз билан фахрлансак арзийди. Айнан шу зотларнинг қадамжоларини зиёрат қилиш учун дунёнинг турли нуқталаридан кўплаб туристлар ташриф буюришмоқда.  Шу нуқтаи назардан бугунги каби фестиваллар нафақат маънавий меросимизни дунёга ёйиш, балки туристлар оқимини янада кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1