1

Малика ва Наримон Султонхўжаевлар: «Севги, бу — орзуларнинг ушалиши!»

ШОУ-БИЗНЕС 23.09.2016, 11:07
Теглар: Фарзанд, Шоу-бизнес, Оила, Эр-хотин
Малика ва Наримон Султонхўжаевлар: «Севги, бу — орзуларнинг ушалиши!»

Клипмейкер, продюссер, оператор, актёр, каскадёр ва энг асосийси,  бахтли оиланинг султони! У Маликасини бир кўришда севиб қолган экан. Ўзига ўзи совчи бўлгани, тўй кунидаги ҳангомаларини эшитсангиз, саргузашт асар ўқигандек бўласиз. Лойиҳамизнинг навбатдаги иштирокчилари Малика ва Наримон Султонхўжаевлар билан бўлган суҳбатимиз сизни ҳайрон қолдирадиган, ўйлантирадиган ва қувноқ кайфият улашадиган лаҳзаларга бой бўлди. 

— Наримон, муҳаббатингизни суратга олиш майдончасида учратган экансиз?

Наримон: — Суратга олиш майдончасидаги учрашувимиз сал кейинроқ бўлган. Илк бор Маликани Мавлуда Асалхўжаеванинг клипида кўрганман. Бир қарашдаёқ шу қизга қандайдир меҳрим тушиб қолган. Кейин у ҳақида суриштирдим. Дизайнер Ҳилола Шер билан яқин дугона эканлигини билиб, «Нима қилиб бўлса ҳам, шу қизни суратга олиш майдончасига олиб келасан», дедим. Яқиндан танишиш мақсадида Муниса Ризаеванинг «Болливуд-Голливуд» номли қўшиғига ишланаётган клипга таклиф қилдим. «Акаси рухсат бермаётган экан» дейишларига ҳам қарамай, «Кўндир, бир иложисини топ», деб Ҳилолани ҳоли-жонига қўймагандим. Учрашувимизга ҳам айнан Ҳилола сабабчи бўлган. Хуллас, Малика келган. У ёқ-бу ёқдан гапга соламан, қани энди бирор нима деса. «Ҳа», «Йўқ»дан нарига ўтмайди. Ичимда «Камгапгина экан, айни менбоп», дегандим. 

— Нега айнан Малика? Ахир клипда суратга тушадиган қизлар камми?

Наримон: — У тасаввуримдаги идел аёл образига мос келди. Аввалдан тақдиримни боғлайдиган иккинчи бўлагим мақтанчоқликдан йироқ, камгап, сабрли, одобли ва чиройли бўлса дердим. Лекин ҳамма ҳислатларни ўзида мужассамлаштирганини учратмаганимдан сўнг бунақаси йўқ экан-да, деб шаштимдан қайтгандим. Маликани учратганимда эса унда ўзим излаган барча фазилатларни кўра олганман. Мени ўзимга ром қилгани ҳам шу. 

— Наримон ҳақидаги илк таассуротингиз қандай бўлган?

Малика: — Менда аксинча, Наримон ака тасаввуримдаги йигит образига мос келмасди, очиғи (кулади). Учрашувимизга қадар Наримон Султонхўжаев деган клипмейкер борлигини билмаганман ҳам ҳатто.  

— Фикрингиз ўзгаришига нима туртки бўлди?

Малика: — Онам «Ҳақиқий муҳаббат тўйдан кейин бошланади. Муҳими, эркак кишининг севгиси, меҳри эътибори. Биз — аёллар кўникувчан бўламиз», деб айтарди. Ёш эдим, лекин волидамнинг сўзларига кириб, тўғри қилганимни бугун англаб етаяпман. 

Наримон: — Съёмка жараёни тугагач, онам ва бувим раҳматли билан маслаҳатлашиб, Маликаларникига совчиликка борганмиз. Бувимга «Сиз бошлаб беринг, қолганини ўзим давом эттираман», деганман. Ўзим учун ўзим гапириб, нон синдириб, тўй кунини ҳам белгиладим. Қайнонам мени бир кўришдаёқ ёқтириб қолган. Шу сабабли Маликага «Яхши йигит, рози бўлавер», деган-да.  

Малика: — Аслида, тўйимиз уч ойдан кейин бўлиши керак эди. Наримон ака қўнғироқ қилиб, «Йигирма кундан кейин тўй!» деганида мен ҳам, яқинларим ҳам шошиб қолганмиз. 

Наримон: — Фикру хаёлим тўй билан банд бўлиб қолгани учун қўлим ишга бормай қолган. Шунинг учун тезлаштирганман. 

— Севги қиссангизда дил изҳори қачон янгради?

Наримон: — «Сени севаман!» деб бутун оламга жар солмаганман. Учрашувга чиққанимизда совға-саломларимни берганман-да, «Яхши-ёмон кунимда ҳамиша ёнимда бўлишга тайёрмисан?» деб сўраганман. Сукут сақлаган. «Кўнглинг бўлса, рози бўл. Агар ишончинг бўлмаса, ҳали ҳам кеч эмас», дея айтганим ҳам ёдимда. 

— Уйланиш қарорига келишдан олдин рафиқангизни синаганмисиз?

Наримон: — Ўқишидан чиқишида кутиб олиб, Юнусободдан то «ТТЗ» даҳасигача пиёда келганмиз. Юрибмиз-юрибмиз, қарасам уйига ҳам етай, деб қолибмиз. Панароқда Миржалол дўстим машинада бизни кузатиб келаяпти. Унга аввалдан тайинлаб қўйгандим, «Ишора берсам, келасан» деб. Оёқларим толиққанидан Миржалолни имлаб чақирганман. «Юр, машинада кетамиз», деганимда «Озгина қолди-ку» деб охийри уйигача пиёда олиб борган. Сабрини синамоқчи бўлгандим. Чунки турмушнинг оғир-енгили бўлади, иродаси етармикан деганман-да.

— Тўй куни рафиқангизга атаб қўшиқ куйлаган экансиз?

Наримон: — Ҳа, Тоҳир Содиқовнинг «Умримда биринчи бор...» деб бошланадиган ашуласи бор-ку, ўшани. Ўзимизни-ўзимиз табриклаганмиз. Аввалдан тўйимда маза қилиб рақсга тушаман, хурсандчилик қиламан, деб ният қилардим. Ахир тўй бир марта бўлади! Ясатилган қўғирчоқдек ўтириш нимаси? 

— Уйланганингиздан кейин кун тартибингиз ўзгардими?

Наримон: — Уйланишимдан аввал асосий вақтим ижод қилиш билан ўтарди, йигитлар билан ижарага олган офисда «яшардик». Ижодий гуруҳимиздаги йигитлар Санжар Маткаримов, Муҳаммадали Искандаров, Саша Ким ва Максим Борисов учун офис бўйдоқлар ҳужраси эди. Мендан аввал Максим уйланди. Бир куни офисга келиб, «Йигитлар уйланаяпман» деган-да, нарсаларини йиғиштириб кетган. Ундан кейин бу анъанани мен давом эттирдим. Сўнгра қолган йигитлар ҳам оилали бўлишди. Хуллас, бўйдоқлар рўйхати якунланиб, офисни ҳам топшириб юбордик. Олахуржун елкамга тушгач, уйга эрта қайтадиган бўлдим. Ўша дамларни ҳали ҳам кулиб эслайман. 

— Рафиқангиз иқтисодчи. Оила бюджетини ўзи назорат қилса керак?

Наримон: — Ҳисоб-китоб менинг қўлимда. Малика фақат сарфлашни билади. 

Малика: — Пулни тўғри сарфлашга ҳам уқув керак-ку, ахир!

— Малика, мутахассислигингиз бўйича ишлаяпсизми?

Малика: — Ҳозирча йўқ. Соч турмаклаш ва визаж маҳорати бўйича дарс олдим. Тикувчиликни ўргандим, эгнимдаги кўйлакни ҳам ўзим тикканман.  

Наримон: — Ойим бирор жойга борадиган бўлсалар, пардоз-андоз қилиб қўяди. Бўш қолишди дегунча, бирор турмакни тажриба қилишади. Кўз тегмасин, қайнона-келин жуда аҳил. 

— Қизиқ, ҳаётингизда рашкка ўрин қолганми? 

Наримон: — Бўлмасам-чи?! Рашк бўлиши керак ва шарт! Аммо меъёрни унутмаслик лозим. 

Малика: — Авваллари Наримон акани роса қизғонардим. Ўғлимиз туғилгач, бу одатим салгина юмшади. Ҳозир унчалик рашк қилмайман. 

Наримон: — Ҳомиладорлигингда жуда рашкчи бўлиб қолгандинг, эслайсанми?! «Бунақа рашк қилаверсанг, уйга келмайман», дердим. 

— Гап-сўзларингизни тинглаб, жаҳлингиз тез бўлса керак деган тахминга бораяпман.

Наримон: — Топдингиз. Яқинларим яхши билишади, жаҳлимни чиқариш керак эмас. Кимнидир қаттиқ ранжитиб қўйишим мумкин.

— Турмуш ўртоғингизнинг об-ҳаводек ўзгарувчанлигига  қандай кўниккансиз, Малика?

Малика: — Осмонимизни булут қоплаётганини кўришим билан, жим бўламан (кулади). 

Наримон: — Буржим эгизак. Баъзида иккинчи Наримоннинг гапига кириб, ўзимни назорат қилолмай қоламан. Феълимни билганим боис бировнинг дилини оғритиб қўймай деб, ҳаракат қиламан.

— Наримон, ошхонага фақат овқатлангани кирасизми?

Наримон: — Албатта. Аёлим пазанда, пишир-куйдирни боплайди. Жуда меҳрим товланиб кетса, тухум қовуриб бераман. Бу ишни қойиллатаман. 

— 2014 йил фарзандли бўлдингиз. Ўғлингиз Арслонбекнинг туғилиши бирингизни ота, бирингизни она мақомига кўтарди. 

Наримон: — Тўйимиздан сўнг бир йилча рафиқамнинг бўйида бўлмади. Ҳаммаси яратганнинг қўлида деб, яхши ният қилдик. Болалигимдан спорт билан шуғулланаман. Ўша кезларда аёлимни ҳам ўзим билан жисмоний машқларга олиб борардим. Кейин ҳомиладор бўлди. Жисмоний фаоллик соғлигини ижобий томонга ўзгартирган экан. Ота бўлишим ҳақидаги хабарни эшитишни хаёлан тасаввур қилардим. Лекин ҳақиқатан юз берганида, рости, қўрқиб кетдим. Ичимдан хурсандман, аммо жуда қувониб кетмаслик керак, эсон-омон дунёга келтириб олсин, деб ният қилдим.

Малика: — Ҳомиладорлигимда Наримон ака атрофимда парвона бўлди. Тобим бўлмаганида 17 кун ўзлари укол қилган, яна қоринга олинадиганини. Бошқа эркакнинг балки матонати етмасмиди, аммо турмуш ўртоғим шундай асраб-авайлардиларки, шундай инсонга рўбарў қилганига Яратганга шукрона айтардим. 

Наримон: — Ҳомиладорликда аёлларнинг феъли ўзгариб тураркан-да, аёлимда ҳам шунақа ҳолатлар бўлган. Аммо жуда инжиқлик қилиб қийнамаган. 

— Илк бор ўғлингизни қўлингизга олганингизда нималарни ҳис этгансиз?

Малика: — Кўзим ёриганини эшитгач, турмуш ўртоғим туғруқхонага келган-да, кира солиб, «Малика қани, Малика, Малика?» деб сўраган.

Наримон: — Сендан хавотир олганман-да. Ўғлимни қўлимга тутқазишганида... тасвирлаб беролмайман, қувонч, ҳаяжон, маъсулият — ҳаммаси бир вақтда пайдо бўларкан. Кўзлари катта-катта, бармоқлари уз-у-ун, болаларга ўхшаб йиғламайди, атрофни кузатади. 

Малика: — Ўшанда ҳам уришиб бергандингиз, ёдингиздами? 

Наримон: — Уришаман-да, боланинг кийимларини машинада унутиб қолдиришибди. Қиш бўлса, совуқда болани қандай қилиб кийинтирасизлар, нега қолиб кетади, деб жаҳлим чиққан. 

— Бунча талабчан бўлмасангиз?

Наримон: — Феълим шунақа. Ҳеч нарсага бефарқмасман. 

— Ўғлингиз тарбиясида ҳам қаттиққўл бўласизми?

Наримон: — Отам тарбиямига қаттиқ турган. Қўл жанги бўйича мураббий, болалигимда «Машғулотга боргим келмаяпти» десам, мажбурлаб олиб кетарди. Ақлимни таниганимдан сўнг отам яхшиям шундай қилган экан, деб миннатдор бўлганман. Спорт ёрдамида ўзимга ишончим ошган, иродам мустаҳкамланган. Ўғлимни ҳам отам сингари тарбиялашни истайман. Замонга қараб, мослашишим мумкин, асосийси, дангаса бўлишига йўл қўймаслик. Чунки эркак киши дангаса бўлиб қолса, бундан ёмони йўқ. Бобом раҳматли кичиклигимиздан «Ялқов бўлманглар, меҳнатдан қочманглар» деб таъкидларди. Ҳовлига борсак, сира бўш қўймасди. Шу нарса ҳаёт тарзимга айланиб қолган. Меҳнат қилсам, барча орзуларимга эришаман. Лабз қилдимми, бажаришим шарт. Бирор манфаат кўрмасам ҳам. Кимгадир яхшилик қилганим қолади-ку, дейман. Кимгадир яхшилик қилсам, албатта, ўзимга қайтади. Бундай воқеалар ҳаётимда кўп бўлган. 

— Ўғлингиз болалигингизга ўхшаса керак? 

Наримон: — Айниқса, сочини калга олдирсак, ота-бола бир хил бўлиб қоламиз. 

Малика: — Ойижоним «Худди Наримоннинг болалиги», дейди. 

— Суҳбат якунида бахтли ва мустаҳкам оила сири?

Наримон: — Ҳурмат ва ишонч! Мана шу иккиси оиланинг бахти ва мустаҳкамлигидир!

— Оилангизга кўз тегмасин! Ҳамиша бир-бирингизга меҳр-муҳаббатда яшанг! 

ҚИСҚА САТРЛАРДА...

— Ижодкор китоб мутолаа қилиши керак. Бу сизга қанчалик яқин?

— Авваллари кўп китоб ўқирдим. Ҳозир эса вақтим бўлганида, уяли телефондаги электрон нусхасини ўқиб тураман. Ўқишим керак бўлгани учун мутолаа қилишни истамайман. Китобни соғиниб қўлга олсангиз, ана унинг гашти бошқача бўлади. 

— Машҳурлик ёқимли туйғуми?

— Бир тарафдан ёқимли, иккинчи томондан юки ҳам бор. Ҳаммаси қандай қабул қилишингизга боғлиқ. 

— Наримон Султонхўжаевнинг ҳаётий принципи?

— Нима бўлганда ҳам, ҳаммаси яхшиликка бўлишига ишониш, фақат олға бориш ва одамларнинг дилини оғритмаслик. 

— Ўзингизни омадли инсонлар сафига қўшасизми?

— Дўстларим омадлисан дейишади. Меҳнатимга яраша омадим ҳам бўлса керак-да. 

— 30 ёш. Бу давр ҳақида нима дейсиз?

— Яқинда 30 ёшга кирганда қандай ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги ҳақида ўқидим. Бу ёшда ҳам «ўтиш» даври бўларкан. Баъзилар ҳаётда ҳеч нимага эришмадим, деб ўйлаб қолиши мумкин экан. Лекин ўз устида ишлашда давом этса, ҳаракатда тинмаса, муаммо бўлмайди. Ҳар қалай мен шундай қилаяпман. Ўзимга-ўзим «Фақат олдинга, ижод қилишда давом эт, семириб кетма», деб тинмай такрорлайман. 

«Мўъжизаларга ишонаман...»

— Қишда маҳалламиздаги ҳамма болалар кўчада чанғи учишарди. Улар билан бирга ўйнашни хоҳлардим-у, аммо чанғим синганди-да. Уйда чанғимни сим билан маҳкамлардим, бироқ кўчага чиққач, яна синиб қоларди. Яхмалак учолмаганим алам қилганидан уйга кириб, деразадан осмонга қараб, йиғлардим. «Эй Худойим, нега менинг чанғим синиб кетаверади? Менинг ҳам омадим келсин» деб болаларча нола қилардим. 

Дўстларим омадлисан дейишганида ўша воқеани эслайман. Ҳозир ўзимнинг фарзандим бор, лекин ҳали ҳам болаларча мўъжизаларга ишонаман. 

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Фарғонада болаларни мажбуран онага олиб бериш ижроси кутилмаган тус олди

13.12.2019, 19:35

Мажбурий ижро бюроси органларида давлат ижрочилари турли хил қизиқ воқеаларга ҳам гувоҳ  бўлиб қолишади. Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2019 йил 17 сентябрдаги ижро...
Эр-хотин 5 бош қўй ўғирлаб қўлга тушди

03.12.2019, 10:59

 Пойтахтимизнинг Миробод туманида яшовчи фуқаро Ҳ.Н. Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 29 ноябрга ўтар кечаси ўзига тегишли «Гулобод» маҳалла фуқаролар йиғини...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1