Ушбу тавсиялар амалда синовдан ўтган, яъни уларни бир нечта фарзандни муваффақиятли тарбиялаб вояга етказган ота-оналар беришмоқда. Улар Сизга ҳам қўл келади деган умиддамиз.
1. Бола беҳосдан йиқилиб тушиб йиғлай бошласа, аввал сўранг: "Бирон жойинг оғрияптими ёки қўрқиб кетдингми?" Кўпинча болалар оғриқдан эмас, қўрқувдан йиғлашади. "Шундай пайтларда биласанми, ёшлигимда мен ҳам бир куни йиқилиб тушгандим" деб бошланувчи ҳикояни гапириб беринг. Болалар бундай ҳикояларни жон деб тинглашади ва тезда овунишади.
2. Самолётда, поездда ёки автобусда узоқ сафарга чиққанда кўпинча болалар зерикиб, қачон тушамиз деб безор қилиб юборишади. Билетни ҳар хил жойлардан олинг: токи кичкинтойнинг ёнида ўтирган она икки соат ўтгач, ота билан жой алмашсин. Шундай қилиб болакай дам отаси, дам онаси билан кетади. Бу ўзгариш унинг зерикмаслигига сабаб бўлади.
3. Секундомер! Болангизнинг тез кийиниб олиши, ўйинчоқларини йиғиштириши, овқатини охиригача еб қўйиши ва ҳоказолар учун яхши рағбат. "Қани, неча сонияда овқатингни еб бўларкансан", – дейсиз, тамом.
4. Бир нечта оддий жонивор ва предметларни чизишни ўрганиб олинг, бола хархаша қилса, ўшаларни чизиб берасиз, сўнг унинг ўзи қайта-қайта шу расмларни чизиб ўтираверади.
5. Ҳафтада бир кунни "ширинлик куни" деб эълон қилинг. Ҳар доим "Кўп ширинлик ема, томоғинг оғриб қолади" деб куюнавермай, "Конфетни чоршанба кунлари еймиз", дейсиз. Кўрасиз, боланинг овқатланиши тартибга тушиб қолади.
6. Метрода ёки бошқа шаҳар транспортида бола билан узоқроқ юришга тўғри келиб қолса, бирон китоб олволинг, бола ундаги суратларни томоша қилиб, топшириқларни ечиб, зерикмай кетади.
7. Боланинг ёнида бўлишнинг ўзи кифоя эмас, унга эътибор беришингиз, у билан мулоқот қилишингиз керак. Шу сабабли ишдан уйга қайтгач, планшет ва телефонингизни бир четга йиғиштириб қўйиб, ўн дақиқа бўлса-да у билан гаплашинг, қучоқланг, эркаланг. Кейин фарзандингиз ғингшиб этагингизга ёпишавермайди, сизни тинч қўйиб ўз иши билан машғул бўлади.
8. Тиш ювишни кўп болалар ёқтирмайди. Тиш ювиш учун махсус бир қўшиқ танланг ва унинг жўрлигида тишларни ювишни болага таклиф қилинг. Бир томондан, фарзандингиз қўшиқ билан овора бўлиб тишларини жон деб ювади, иккинчи томондан қўшиқ таймер вазифасини ўтайди, яъни у тугамагунча тишларни чўтка билан ишқалаб туриш керак бўлади. ҳам кичкинтойни тишни ўлда-жўлда эмас, 2 дақиқақа давомида ювишга одатлантирасиз.
9. Болалар ўйинчоқларини ёки хоналарини йиғиштиришни ёқтиришмаса-да, катталарнинг юмушларини бажаришни жуда исташади. Масалан: кир машинадан кийимларни олиш ёки чангютгич билан гиламни тозалашни. Сиз фарзандингизга қайси юмуш ёқишини билиб олинг. Кейин, олайлик, сизга 20 дақиқа бирон ишни бажаришингиз учун керак. Болани ўша севимли юмуши билан машғул қилиб қўясиз-да (масалан, "Мана шу ёнғоқларни пакетда тоғорачага санаб сол-чи, неча экан") тезгина ишингизни битириб оласиз.
10. Кўпинча ёш болалар "Юрмайман, кўтаринг" деб хархаша қилишади. Шундай пайтларда бирон санама шеър ёки қўшиқ жўрлигида шаҳдам қадамлар билан аскарларга ўхшаб юришни таклиф қилинг. Бу болага қизиқ туюлиши табиий.
Юқоридаги оддий, аммо фойдали тадбирлар орқали кичкинтойнинг хархашаларини осон бартараф этиш мумкин. Қўллаб кўринг-чи, албатта иш беради.