1

«Ичимга сиғмаган сирим» ёхуд хорижда ўқиётган қизнинг надоматлари

МУТОЛАА 03.10.2016, 14:33
Теглар: Хикоя, Бахт
«Ичимга сиғмаган сирим» ёхуд хорижда ўқиётган қизнинг надоматлари

Биз у билан яқин дугона бўлмасак-да, ҳарҳолда икки йил битта олийгоҳда ўқиб, бир-биримизнинг ютуқ ва камчиликларимиздан, табиатимиздан хабардор эдик. Дугонам мақсади йўлида доимий изланадиган, қатъиятли, тиришқоқ қиз эди. 3-босқичга ўтиш олдидан ўрганаётган тили бўйича талабалар алмашинуви лойиҳасида грант ютиб, хорижда ўқишни давом эттириш учун йўлланма олди. Шундан кейин у билан интернетда ҳол-аҳвол сўрашиб юрдик. Кейинчалик бир-биримизга ишониб сир айтадиган ўртоқларга айландик. Бир йил аввал шу дугонам электрон почтамга «Ўта махфий, шу билан бирга ичимга сиғмайдиган сирим» деб сарлавҳаланган мактуб жўнатди. Хатни ўқиб унга нима маслаҳат беришни, нима деб юпатиш-у нима деб уришишни билмай бошим қотди. Яқинда онлайн мулоқотларимизда хат ҳақида ўзи эслатиб қолди: «Азиза, шу мактубни ёзиб чиқар, бошқаларга сабоқ бўлсин…» Мана ўша мактубни эътиборингизга қандай бўлса шундайлигича, фақат йигитнинг исмини ўзгартирган ҳолда, ҳавола қилаяпман…

«...Азиза, бу мактубни аввалдан ёзиб қўйганман. Ҳар куни ўқиб чиқаман. Йиғлайман, ўзимни муштлайман, кейин яна «Шу билан ҳаёт тугаб қоладими, ҳеч кимдан каминг йўқ-ку, ҳамма сенга хавас қилади», деб ўзимни овутиб, қувониб яшайвераман. Бироқ энг қувонган, севинган дамимда ҳам юрагимнинг бир чети емирилиб, оғриб тураверади.

Кел, ҳаммасини бир бошдан гапириб берай.

Сен у йигитни билардинг. Биздан катта гуруҳда ўқирди. Иккаламиз ҳам битта тилни ўрганганимиз учун бирга ўқув курсларига қатнаб, яқинлашиб қолгандик. Ўртада ҳеч қандай муҳаббат, ҳатто дўстлик ҳам йўқ эди. Шунчаки у ҳамроҳ, хорижий тилни мукаммал эгаллашим учун яхши суҳбатдош эди. Кейин иккаламиз ҳам чет элга кетиш имконини берадиган лойиҳада қатнашдик. Эсингдами, ғолиб бўлиб хорижга кетаётганимни эшитиб астойдил табрикладинг, яна айтдингки, «Ўқиган одам юзага чиқади, грантга, устига-устак, стипендия берадиган жойга ўқишга кетаяпсан, роса хавасим келаяпти», дединг. Аслида ўшанда мен тўплаган баллар ҳамма ўйлаганидек грантга эмас, шартнома асосида ўқишга кетиш учун имкон берарди. Балларимни кўриб, тарвузим қўлтиғимдан тушиб, йиғлашни бошлаганимда ўша сен билган Баҳодир ака «Йиғламанг, биргалашиб тўлашиб юбораман, мен уйдагиларга фақат шартнома асосида хорижга жўнатишар экан», деб айтганман. Менга беришадиган ўша пулдан сизга ёрдам бераман, сиз у ерда ишлаб қайтарарсиз, деб қолди. Юқори балл тўплаб, грантга кирган Баҳодир ака билан шартнома асосида ўқишга кирганимни сир сақлашга келишдик. Сиримизга кўра у киши ҳаммага пул тўлаши кераклигини, мен эса бепул таълим, ётоқхона ва яна стипендияли ўқишга кетаётганимни айта бошладик. Оддий қишлоқ қизи учун бу жуда зўр имконият эди. Кетишимни бутун қишлоғимиз ота-онам билан биргаликда байрам қилишди. Мен кетаётган мамлакатда савдо-сотиқ қилиш имконияти яхши бўлгани учун ҳамма узундан-узоқ рўйхатлар ва бир қучоқ пуллар билан уйимизга кела бошлади. Қувончим танимга сиғмай, янги ўқув йили олдидан хорижга Баҳодир ака билан учиб кетдик. Иккаламиз ҳам талабалар алмашинувига кўра битта шаҳардаги битта олийгоҳнинг битта ётоқхонасига жойлашдик. Менга тўғри маънода акалик қилаётган одам билан эрталабдан кечгача бирга эдик. Чунки у кишининг талаффузи яхши, луғат бойлиги устун эди. Мен дўконга чиқиш керак бўлса ҳам уни ёрдамга чақирардим. Кейинроқ ўқишдан бўш вақтларимизда, юртимиздан келадиган тадбиркорларга таржимонлик қилиш учун мени ҳам ўзи билан бирга бозорга олиб чиқа бошлади. Тажрибам ошгани сари топиш-тутишим яхшиланди, ҳатто уйимга ҳам кийим-кечаклар, техник қурилмаларни совға қилиб жўната бошладим. Ўқишим ҳам изга тушиб кетди. Орадан олти ой ўтгач Баҳодир акадан олинган қарзни тўлаш учун у кишининг олдига бордим.

— Менга ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган ёрдамни бердингиз. Сиздек акам бўлишини чин дилдан орзу қилардим. Мана, тўплаган пулларим, ота-онангизга мени деб ёлғон гапирган эдингиз, қарзимни узишга энди имкон топдим, минг бор узр, — деб қўлига пулларни тутқаздим.

Баҳодир ака кулиб:

— Мен ҳам сизни синглимдек кўраман. Битта вилоятданмиз иккаламиз ҳам, бир-биримизни қўлламасак уят бўлади. Тўғри, менинг ота-онам ҳам бу пулларни ўша вақтда қийналиб топишган эди. Лекин негадир сизга жуда-жуда ёрдам бергим келганди. Бу пулларни ўзингизга олиб қўйинг, тўйимда тўёна қиласиз ёки ўзингизнинг тўйингизга ишлатасиз, — деб қайтариб берди.

Кўнглим бўшаб, «каттакон раҳмат» деб уни қучоқлаб олганимни билмай қолдим. Ўша пулларни укамнинг шартнома пулини тўлаёлмай қийналаётган отамга жўнатдим. Телефонда отамнинг узундан-узоқ қилган дуоси мени руҳлантириб юборди. Энди тиним билмай ўқиб, ишлайман, мен ҳам уйимдагиларга ёрдам бераман, катта одам бўламан, деб аҳд қилдим. Эсингдами, ўша вақтда сен билан биринчи марта интернетда дилдан суҳбатлашган эдик, ўшанда Баҳодир ака ҳақида кўп ёзиб юборганимда «Севиб қолмадингми мабодо?» деб сўрагандинг. Сенга «Жиннимисан, унинг севган қизи бор-ку» деб рад қилган бўлсам ҳам ич-ичимдан кун сайин унга бўлган интилиш (кечир, буни муҳаббат деёлмайман, сабабини кейинроқ айтаман) оловини босолмай, дардимга қовирилиб юрардим. Ҳа, Баҳодир аканинг севган қизи бор эди! Шуниси алам қилардики, устимдан кулгандек мен яшайдиган қишлоқдаги ҳеч қаерда ўқимаган тикувчи қизни севарди. Ҳар сафар ундан кўнгли қолсин деб, «Сизга у мос эмас, шундай қизлар топайки...» дердим. У киши бўлса гапларимга эътибор қилмасди. Бозорга мени бирга олиб тушиб кийинтириб кўрарди-да, менга ярашган кўйлакни ўша қизга совға қилиб жўнатарди. Буларнинг ҳаммаси менга алам қиларди, ичимга ютишга қанчалик уринмай сездириб қўярдим. Ўшанда Баҳодир ака «Синглим деганман сизни, ҳамма сингиллар акасини қизғонади-я», деб ўзини билмаганликка оларди. Мен эса ўзимни «У ҳам менга беэътибор эмас», деган хулоса билан овунтирардим. Асосларим ҳам бор эди-да: унга дўст бўлмаган тақдиримда ҳам менга катта пулни ишонди, ҳар куни нима еб, нима ичаётганимни, қаёққа боришимни сўрайди, бегона йигитлар билан гаплашсам койийди...

Биласанми, эркинлик ҳамма одамга ҳар хил таъсир қиларкан. Кимдир ақл-фаросат билан бировларнинг таъсирига берилмай, ўз мақсади йўлидан адашмай ҳаракат қилади, бошқалар берилган имконият ва эркинликдан ҳою ҳавас ясаб, орқа-кетини ўйламасдан иш тутаркан. Мен ўша иккинчи тоифага кириб қолдим: хорижлик дугоналаримнинг кийиниши, ўзини тутишига тақлид қила бошладим, уларнинг баъзилари ҳамма нарсага беписандлик билан қарашлари, кўнгилларига келган ишни қилишлари, ҳамма нарсага ўз истаклари билан ҳисоблашиб ёндашишлари менга ёқиб қолганди...

 Янги йил байрамида бутун хорижлик талабалар катта базм ўтказдик. Ўша куни Баҳодир ака бироз ширакайфроқ эди, менга эса бирор нарса ичишга рухсат бермади. Жуда кеч бўлиб кетгани учун кузатиб қўйишини айтди. Елкамдан оғайнисини қучоқлагандек қўлини ўтказиб олган эди, мен ўз хоҳишим билан белимга қўйдим қўлини... Яна айтаяпман: ўз хоҳишим билан! Ўша куни ўз хоҳишим билан ўзимни топширдим, эркак киши барибир аёлнинг макрига учар экан...

Бунда ўзимдан бошқани айблай олмайман, шайтон васвасасига учдим ҳам демайман, ҳаммасини ақлан тушуниб турардим. Ўша воқеадан кейин Баҳодир аканинг боши эгилиб, ўзини айбдор деб билди. Уйдагиларга севган қизига уйланмаслигини ётиғи билан тушунтирди. Ўша қизга ҳам «Мени кутма, режаларим ўзгарди, шу ерда қолмоқчиман. Ҳаливери уйланмайман, сенинг вақтинг ва йўлингни боғламоқчи эмасман», деб гапни қисқа қилди.  Орадан уч ой ўтиб ўша қиз турмушга чиқди. Менга қанча яхшилик қилган Баҳодир ака ўзини бу ҳолатда айблаб ўша куни тўйиб ичиб ўкириб-ўкириб йиғлади. Озгина юрагим ачишган бўлди, лекин энди у инсон меники эканлигига хотиржам эдим. Унга ўзимни ҳар жиҳатдан муносиб деб билардим.

Ишонсанг, Баҳодир ака менга ўзини севган йигитдек тутарди-ю, лекин «Барибир шу қизга уйланаман-ку, нима фарқи бор» демасди, бўлар иш бўлган бўлса ҳам масофа сақларди. Мен юзсиз ўзимни қанчалик яқин тутсам ҳам у ҳаммаси ўз вақтида бўлиши кераклигига ишора қиларди.

Орадан бир ярим йил ўтиб уйга қайтдик. Иккимиз ҳам ўқишни давом эттирдик. Баҳодир ака бир неча бор: «Тўй қилишимиз керак, истасангиз шу йили тўйимиз бўлади», деб мендан сўраб кўрди. Мен эса ўқишни тугатиб, магистратурани ҳам ўқишим керак, яна хорижга бориб, пойтахтдан уй олиш учун ҳаракат қилишим керак, деб рози бўлмасдим. Баҳодир акага қаттиқ ишонганимдан мен истаган пайтда тўйимиз бўлади, деб ўйларканман. У киши битирувчи курс бўлганлиги ва қишлоқда ота-онаси ёлғиз қолгани учун уйга қайтишига тўғри келди. Менчалик хорижда ўқишни давом эттириш ёки ўша ерда яшаб қолишни орзу қилмасди. Ҳаммаси ўзимнинг нотўғри қарашларим, бемаврид орзуларимни деб бўлди. Ўқишни тамомлаб, уйга қайтдилар, мен эса пойтахтда сўнгги курсни тугатаётган эдим. Ҳар ой мени кўргани келиб, жуда яхши муомалада бўларди. Назаримда, бир-биримизни севиб қолган эдик. Ўқишни тугатиш арафасида яна хорижга қайтиш учун магистратурага ҳужжат топширдим. Омадим келиб ўқишга кирдим. Шундан сўнг Баҳодир акани ҳам мен билан бирга кетишга қистай бошладим. У киши кўнмади. Тўй қилайлик, борманг, деб шаштимдан қайтаравердилар... Охири бўлмади, икки йўлдан бирини танлашим керак эди ва мен чет элга учиб кетдим. Чунки, ишонардимки, бу одам менинг олдимда қарздор, виждонига қарши иш қилолмайди. Орадан уч ой ўтиб ортимдан учиб келди. Ота-онамни қийнашни истамайман, тезроқ уйланишим керак, уйга қайтайлик, ҳеч нарсадан каминг бўлмайди, ҳамма шароитни яратаман, деб роса ялинди. Ҳатто ота-онамнинг олдига бориб, розилик олганлигини айтди. Роса иккиландим, лекин уйга қайтсам ўқишим чала қолишини, орзуларимга етишолмаслигимни, қишлоққа бориб келинлик қилишим кераклигини, ҳамма нарса ўзгариб кетишини ўйладим. Имтиҳонларимни топширишим билан бораман, деб ваъда бердим. Баҳодир ака кетди, мен эса айтган муддатимда ҳам қайтмадим...

Эсингдами, ана бораман-мана бораман, деб сенга айтгандим. Ўша кезлари ҳаётимдаги жуда муҳим дамлар эди, мен бу вақтни бой бердим. Бир куни қўнғироқ қилди: чиптангизга ҳам пул жўнатаман, лекин шу ой ичида келмасангиз, бошқага уйланишга мажбур бўламан, деди. Ўшанда жуда катта маош берадиган жойга ишга киргандим, яна кўзим қиймади. Мени кўзимни яхши яшаш, қиммат кийиниш, ҳеч қандай масъулият ҳис қилмасдан юриш «завқи» тўсиб қўйган эди. Икки ойдан сўнг Баҳодир ака уйланганини эшитдим. Кўп нарсадан хабари йўқ онам қўнғироқ қилиб, роса йиғлади. «Шу боладан қолмаслигинг керак эди, топган пулинг ҳам керакмас, тезроқ бахтингни топ, қайт», деди...

Мана, ёшим 25 га кирди. Лекин энди истаган кишимга турмушга чиқолмайман. Аҳмоқона истакларим мени алдаб қўйди. Ўта замонавийлашиб кетган, худбин ақлим шу ҳолга солди. Биласан, ҳали ҳам шу ердаман ва яқин орада қайтиш истагим йўқ. Ўқишни ҳам тугатдим. Ишлаяпман, пул жўнатиб, пойтахтдан уй ҳам олиб қўйдим. Ҳозир у ерда укам яшаяпти. Ота-онам ҳар куни қайтгин, дейишади, уларга «хўп» дейман-у фикримни ўзгартирмайман. Шу ерда оиласидан ажрашган бир тадбиркор ўзбек йигит бор. У мен билан дўстлашмоқчи бўлиб юрибди. Ҳаммасини унга айтсам, балки ҳаётим изга тушиб кетар...»

Азиза Қурбонова

Шарҳлар

​Бред Питт ва Анжелина Жоли ярашди

24.03.2017, 11:28

Голливуднинг энг гўзал жуфтликларидан бири бўлган Бред Питт ва Анжелина Жоли ўтган йили ажрашган эди, аммо улар энди ярашиб, бир-бири билан гаплашмоқда, деб хабар берди...
Бахт калити қаерда? Ёхуд бахти очилмаётган қизлар таснифи

17.01.2017, 15:39

Гўзал, оқила, ишда, илмда катта муваффақиятларга эришган, феъли ҳам ажойиб, аммо… ёлғиз! Сизнинг танишларингиз орасида ҳам шундай қизлар бордир? Хўш, у нега шу пайтгача ёлғиз,...
Бахтиёрликнинг 6 сири

17.01.2017, 10:07

Бахт – ҳаётга бўлган муносабатимизда. Инсон унинг онги йўл қўйган даражада бахтли бўла олади. Шу сабабдан, доимо ўзимизни яхши натижага йўналтирсак, ишларимиз ҳам самарали бўлади....
Ҳаётингизни яхшилашнинг 4 калити

16.01.2017, 15:19

Мақсад Мақсадингизга эришмоқчи бўлсангиз, аввало ниятни яхши қилинг, кўнглингизни ортиқча нарсалардан тозаланг. Ҳасад, араз, гина-кудурат кишининг кўп вақтини олади, асабларини емиради, мақсаддан чалғитади. Кимдандир хафа...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1