Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти расмийлари ҳамда тадбиркорларидан иборат делегация 27-30 март кунлари амалий ташриф билан Корея Республикасида бўлиб қайтди.
Икки давлат раҳбарларининг сайъ-ҳаракатлари билан ўзаро ҳамкорликнинг ривожланиши ўз ўзидан ҳудудлараро муносабатларни ҳам кучайтираётгани қайд этилди. Инчхон мэри Ю Чон Бок таъкидлашича, “Ўзбекистонда яшаётган этник корейслар ва Инчхонда фаолият кўрсатаётган 10 минг нафарга яқин ўзбекистонликлар бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда”.
Мулоқот чоғида ўртага ташланган Фарғона вилоятида Инчхон эркин иқтисодий зонаси филиалини ташкил этиш таклифи икки ҳудуд раҳбарлари томонидан маъқулланди. Шунингдек, Инчхон шаҳрида Фарғонага тўғри тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш масаласида олиб борилаётган музокаралар ниҳоий босқичда экани қайд этилди. Ижтимоий, илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларида қўшма тадбирларни доимий ташкил этишга ҳам келишиб олинди.
Келишувларни амалга ошириш бўйича Инчхон шаҳри мэрининг ва Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосарлари бошчилигида Ишчи гуруҳ тузиш, ҳамкорлик натижаларини ҳар чорак якуни билан онлайн муҳокама қилиб боришга келишилди.
Учрашувда Корея-Ўзбекистон Бизнес ассоциацияси раҳбари Эдвард Ким ҳам иштирок этди.






